"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Вирусли гепатитдан сақланинг

Вирусли гепатит ўткир юқумли касаллик бўлиб, жигар фаолиятининг бузилиши ва  организмда  умумий интоксикация аломатлари билан кечади. Уни бир неча хилдаги вируслар келтириб чиқарганлиги сабабли А,В,С,Д,Е турлари фарқланади. А ва Е турлари вирус билан зарарланган сув, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилганда, бемор фойдаланган рўмолча, сочиқ, ўйинчоқ, идиш-товоқ орқали юқиши мумкин. В,С,Д турлари эса қон орқали, стерилланмаган тиббий асбоб-ускуналар воситасида юқиши тажрибада кўп маротаба кузатилган. Касаллик қандай аломатлар билан кечади? Вирус организмга тушиши билан касалликнинг яширин даври бошланиб, 14-35 кун давом қилади. Бундан кейинги ҳолатда хасталикнинг авж олиш даври кузатилади.Беморда кўнгил  айниши, ҳолсизлик, иштаҳасизлик, тери ва шиллиқ қаватларининг сарғайиши, ўнг қовурға остида оғриқ,сийдик рангининг тўқ тусга кириши, нажаснинг эса оч сариқ тусга айланиши каби клиник белгилар кузатилади. Гепатитга чалинган кишининг оёқларидан мадор кетиб, фақат ётгиси келади. Унда модда алмашинуви, овқат ҳазм қилиш, заҳарли моддаларни зарарлантириш жараёни бузилиб, барча аъзоларда толиқиш ҳодисаси рўй беради.

Касалликнинг олдини олишда аввало, эмлаш жуда катта роль ўйнайди. Ҳозирги вақтга келиб вирусли гепатитнинг олдини олиш учун вакциналар мавжуд. Вирусли гепатитнинг А турига қарши курашишда тозалик-озодалик, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишнинг аҳамияти катта. Овқатланишдан олдин қўлни албатта совунлаб ювиш керак, деган қоида доимо ёдда тутилиши керак. Мева-сабзавот, кўкатларни яхшилаб ювиш организмга тушиши мумкин бўлган вирус ва микроблар хавфини камайтиради. Дуч келган сув ҳавзаларида чўмилмаслик, дарё ва канал қирғоқларини ифлослантирмаслик зарур. Хоналарни доимо тоза-озода тутиш, чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб ташлаш, пашшаларга қарши аёвсиз кураш касалликнинг олдини олишда энг катта профилактик тадбир ҳисобланади. Сувни қайнатилган ҳолда ичиш, идиш-товоқларни қайноқ сувда чайиш муҳим аҳамиятга эгадир. Касалликни даволаш фақат шифокор тавсияси билан амалга оширилади. Асосан жигар  функцияси бузилиши билан кузатиладиган вирусли гепатитда  бутун диққат-эътибор ўша аъзо фаолиятини яхшилашга қаратилади. Хасталикда жигар шишади, уни асл ҳолатига қайтариш учун сийдик ҳайдовчи, шишни пасайтирувчи инъекциялар юборилади. Бунинг натижасида жигар яхшилаб ювилади. Қўшимча тарзда истеъмол қилинган лимон чой, бодринг, тарвуз сийдик ҳайдаш хусусиятига эга бўлиб, жигар шишини қайтаради ва унинг фаолиятини тиклашга ёрдам  беради.Вирусли гепатитдан соғайгандан кейин бемор 6 ойгача парҳезда бўлиши керак. Парҳез таомлар таркибига ёғсиз, қовурилмаган, кўпроқ қайнатиб, димлаб пиширилган балиқ, парранда гўшти ва сабзавот маҳсулотлари, кўпроқ қовоқ истеъмол қилиш буюрилади. Ёғли қўй, чўчқа, от, ўрдак гўштлари тавсия  этилмайди. Таомларни ўсимлик ёғида (кунгабоқар,соя), сариёғда тайёрлаш мақсадга мувофиқдир. Пахта ёғи бир оз қийинроқ ҳазм бўлади, шу туфайли  бу мойдан овқат тайёрлаш мумкин эмас. Кундалик ҳаётимизда кенг истеъмол қилинадиган таомлардан гўшт ва қовоқ манти, чучвара (шу жумладан кўк чучвара) ейиш мумкин. Айниқса, касалликнинг дастлабки кунларида ширқовоқ, ширхўрда, ширгуруч, ширчой, мастава каби таомлардан беморга бериш керак. Парҳезга риоя қилган киши ўз  жигари фаолиятини яхшилаган бўлади.

Ж. Явқашев,

туман Саломатлик маркази директори.

(Фото - http://www.12news.uz)

Янгиликни бўлишинг: