"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

КУНЛАPДАН БИP КУН... МАҲАЛЛАДА

Ийд-Қурбон куни эди. Ҳайит намозидан чиқиб, бир-икки азадор оилаларга совға-салом билан кириб, айём билан қутлаган Султон бобони ўғли остонада кутиб турарди.

– Келдингизми, ота, қурбонлик жонлиқни сўйиб, тахладик, бугун кечқурунга маҳаллага қорма оши қилсакми, деб турибмиз. – Катта ўғли Дилмуроднинг бу гапидан сўнг, Султон бобо қошларини чимириб:

– Йўқ, маҳаллага қорма оши бермаймиз, – деди қатъий.

Ўғли елкасини қисди, “нима гап?” дегандай онасига қаради. Зулайҳо эна индамай сабр билан эрининг мулоҳазасини кутди.

– Қурбонлик гўштини олиб келчи, ўғлим, – буюрди Султон бобо.

Катта корсон (тоғора) тўла гўшт ва алоҳида лаганда қўйнинг тозаланган калла-почасини келтиришди. Бобо қурбонлик гўштини уч қисмга бўлди. Бир қисмини оиласи ва ўғиллари учун яна бир қисмини қизларининг оиласига теппа-тенг тақсимлади. Учинчи қисмини эса бир неча бўлакларга бўлди-да, маҳалладаги уч-тўртта камхаржроқ оилаларга олиб бориб беришни фарзандларига топширди.

– Қўшнимиз Нуриддин ака келганди, – бироз андиша билан гапирди Дилмурод. – Маҳалладагилар қорма оши учун ўртага пул йиғаётган экан. Шунга бир-икки сўм...

Султон бобо тушунди. Ҳар йили шундай қилишади. Ўртага пул йиғиб, қорма ошини битта жойда пиширишади.

– Нуриддин аканг уйидамикан?

–Ҳозиргина уйида эди.

– Бориб кўрай-чи, – қўзғалди бобо, – режалари қандай экан?

Нуриддин кўча бошчиси, халқнинг яхши-ёмон кунларида сидқидилдан хизмат қилади. Ҳамма маъракаларга бош-қош. Уни Султон бобонинг ўзи ўқитган. Бироз қайсарлиги ҳам бор.

– Нуриддин, ҳой Нуриддин!

Остонада туриб чақираётган Султон муаллимни кўриши ҳамон пешвоз чиққан Нуриддин ҳайит куни устозининг ўзи уни йўқлаб келганидан бироз хижолат бўлди.

– Ҳали чиқсам, йўқ экансиз, устоз.

– Ҳа, чиқибсан, Дилмурод айтди. Қани, Нуриддинбой, халқдан қорма оши учун қанча пул йиғилди?

– Шунинг ҳисоб-китобини қилаётган эдик, ҳали бермаганлар кўп, у ҳайит билан бу ҳайитда беш-ўн сўм эҳсон қилишни ўзига эп кўрмайдиган ноинсофлар ҳам бор-да, устоз.

– Ундай дема, агар шу гапни сен айтаётган бўлсанг, ўзинг ноинсофсан. Хайр-эҳсон, садақа – Аллоҳ учун, чин кўнгилдан чиқиши керак. Ҳеч кимга қорма оши садақа қилиш мажбурият эмас, бу – хурофот, динимиз эса хурофотдан қайтаради.

– Пул бермаганлар ҳам қорма ошига келаверади, ноқулай-да, устоз, – чайналди Нуриддин.

– Ақлингни йиғ, бола, – жаҳли чиқди Султон бобонинг. – Маҳаллада ҳеч қандай қорма оши берилмайди. Ҳар йили шундай қиласизлар, қанча харажат исроф бўлади. Ўтган йили ортиб қолган ош-овқатни келинлар каналга оқизишганини унутдингми?

– Шундай дейсиз-у, йиғилган пуллар...

– Йиғилган пулларми, яхшилаб тахлагин-да, одамларни меникига чорла, эҳсон қилинган пулларни ҳақиқий эгаларига топширамиз.

Қорма оши учун ўртага йиғилган пуллар бир-неча миллион сўм бўлди. Султон бобо маҳалладошларига дилидагини айтди.

– Эҳсон қилинган пулларингизга розимисиз?

– Албатта, розимиз!

– Ундай бўлса, эшитинг, маҳалламизда отасиз ўсаётган ва шартнома асосида ўқишга кирган камхарж оилаларнинг фарзандлари бор. Йиғилган эҳсон пулларини ўшаларга берсак, нима дейсизлар?

Барча бир овоздан бобонинг фикрини маъқуллашди. Ҳатто ўртага пул қўшишга улгурмаган маҳалладошлар, айрим бақувватроқ тадбиркорлар 50-100 минг, баъзилари ундан ҳам кўпроқ пул олиб келиб беришди. Султон бобо бошчилигида боқувчисини йўқотган бир оилага, фарзандлари шартнома асосида таълим олаётган учта камхарж оилага пуллар тақсимлаб берилди. Бундан барчанинг кўнгли тўлди. Худди елкасидан оғир юк тушгандай, енгил тин олган кўча бошчиси Нуриддин ака:

– Энди ҳар доим шундай қиламиз! – деб қарсак чалиб юборди қувонч билан.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: