"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Амударёда замонавий қиёфадаги Хотира майдони барпо этилади

Инсон хотираси азиз ва муқаддас, дилларда мангу яшайди. Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш халқимизга хос бўлган азалий қадриятлардан биридир.

Аждодларни хотирасини эъзозлаш, уларни ёд этиб туриш учун шароит яратиш, ёш авлод қалбида юрт учун фидо бўлган инсонларга эҳтиром ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида туманимизда Хотира майдони барпо этилади. Бу бўйича туман ҳокимининг қарори асосида Олмазор маҳалласидан 1 гектар ер майдони ажратилди ва “Амударё СКБ” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Хотира майдонини барпо этиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 3 млрд. 200 млн. сўм маблағ сарфланади. Замонавий майдонда катта “Мотамсаро она” ҳайкали қад ростлайди. Ҳудудда тарих музейи учун ҳам алоҳида бино қурилади. Ундан ташқари, замонавий архитектура ва меъморлик анъаналарини мужассам этган кенг айвон барпо этилиб, махсус Хотира китоблари жойлаштирилади.

Ушбу китобларга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган амударёликларнинг исм-фамилиялари битилади.

Майдонга янада кўрк бағишлаш учун 2 та фаввора ўрнатилиб, манзарали дарахтлар, турфа хил ва анвойи гуллар кўчирилади.

Янгидан барпо этилаётган замонавий қиёфадаги Хотира майдони туманимизга янада кўрк бағишлайди ва аждодлар хотираси мангу муҳрланган файзли масканга айланади.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: