"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

МЕҲPДАН ГУЛ ТУТИБ...

Ватан ичра кичик Ватан бўлган маҳаллада халқимизга хос бўлган ўзбекона урф-одат, анъана ва удумлар, маънавий қадриятлар шаклланади, замонага мос равишда янгиликлар билан бойиб боради. Шу боис, 2012 йил - «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастуридан ўзбек оилаларига хос бўлган гўзал урф-одат ва маънавий қадриятларни ўзида мужассам этиб, оила институтининг шаклланиши ҳамда мустаҳкамлиги учун фидойилик кўрсатаётган оила соҳибларининг ҳаётий тажрибаларини оммалаштиришга, тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Яқинда биз, Манғит шаҳрининг «Бойовул» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури асосида олиб борилаётган ишлар билан яқин­дан танишдик.

«Бойовул» - Манғит шаҳрининг худуди жиҳатидан катта ва аҳоли зич жойлашган маҳалласи хисобланади. Маҳаллада 1295 та оила бўлиб, уларда 6354 нафар 7 та миллатга мансуб аҳоли аҳил ва иноқ яшашади. Маҳаллада турли хил байрам тадбирлари, айниқса тўй ва маросимлар ихчам, тартибли, ортиқча исрофгарчиликларсиз ўтказилади. Маҳалла оқсоқолининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Гавҳар Мингбоеванинг хонадонларда тез-тез бўлиб, маҳалланинг кайвони оналари, ёш келин-куёвлар, балоғат ёшидаги қизлар, чет давлатларга чиқиб ишлаб қайтган ёшлар билан суҳбатлар, тадбирлар уюштириб турганидан маҳалла аҳли хурсанд.

Яқинда маҳаллада «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури асосида кетма-кет бир нечта тадбирлар ўтказилди «Намунали оила», «Энг яхши ҳунар­манд­лар оиласи», «Энг яхши тадбиркор оила», «Энг яхши кўча бошчиси», «Энг озода, орас­та ва шинам оила», «Энг яхши томорқа эгаси», «Энг яхши санъаткорлар оиласи» каби тадбирларда бутун маҳалла аҳли катта қизиқиш билан фаол иштирок этишди. Бўлиб ўтган танловлар якунига кўра Ибодулла Гулмоновлар оиласи «Энг яхши санъаткорлар оиласи» сифатида эътироф этилган бўлса, Pўзмат Pажабов, Pаҳим Pажабов, Йўл­дош Юсупов, Исмоил Саъдуллаев, Юсуф Хўжаковлар «Энг яхши кўча бошчиси» танловининг ғолиблари бўлишди.

Ўз оиласи иқтисодини кўтариш билан чекланиб қолмай, нонвойхона, ошхона, кундалик эҳтиёж моллари дўконини очиб, 10 нафар аёлни иш билан таъминлаган тадбиркорлар Дилбар Pаҳматуллаева ва Pаҳматулла Хўжаевлар оиласи «Энг яхши тадбиркор оила», Баҳтиёр Эшим­бетов ва Гулбаҳор Содиқовалар оиласи билан Бибижон опа ва Сафарбой  ака Абдураимовларнинг оилалари мустаҳкам оила танловида ғолиб бўлишди.

Жамиятимиздаги ҳар бир қу­вончли ҳодиса, янгилик энг аввало оилада туғилади. Оила инс­титутининг онгли ва фаол аъзоси бўлган инсон қўли билан яраладиган ҳар қандай кашфиёт-энг аввало оиланинг ютуғи. Чунки унинг яратувчиси бевосита оилада тарбия топиб, ана шу масканда шахс сифатида шаклланади, камолга етади. Инсоннинг етук шахс сифатида шаклланишида оила муҳити муҳим аҳамиятга эга.

Бу ҳақда маҳаллада ўтказилган «Энг озода ва шинам, мустаҳкам оила» кўрик-танлови ғолиби, катта хонадоннинг доно соҳиби Баҳтиёр ака Эшимбетов тўлиб-тошиб сўзлайди:

- Бизнинг ўзбек миллатида хеч бир халқ ёки миллатда учрамайдиган ажойиб бир анъана бор, - дейди у. - Биз бобо, эна, ўғил-қиз, невара-чевара - ҳаммамиз бир оилада тинч-тотув яшайверамиз. Қаранг, онам оиламизнинг бир фариштаси. У киши бир кун уйда бўлмасалар, невара-чеваралари излаб қолишади.

Ҳақиқатан ҳам оилавий давранинг тўрида Баҳтиёр аканинг нуроний онаси, маҳалла аҳлининг суюкли момоси Жумагул момо доимо фарзандларига бош-қош.

- Момомиз бирон ёққа меҳмонга кетсаям излаб, соғиниб қоламиз, - дейишади қўни-қўшнилар.

Оилада ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат устун бўлгани боис, ҳамма ёқ саранжом. Келин-у неваралар ўз ишини билиб қилишади. Гулбаҳор опа табиат шайдоси. Асли касби кутубхоначи, эндиликда тадбиркор бўлган опа қаерга борсалар гул, дарахт кўчати кўтариб келадилар. Умр бўйи спорт билан шуғулланиб, бир неча бор спорт­нинг миллий кураш, самбо, дзю-до турлари бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган Бахтиёр ака томорқасини яшнатиб қўйиб, неваралари билан эринмай шуғулланишдан асло чарчамайди.  Невараларининг бири бадиий гимнастика билан шуғулланса, бири ақлни чархловчи шахмат спортига меҳр қўй­ган.

Халқимизнинг: «Экканингни ўрасан» деган ибратли ҳикматига қиёс қиладиган бўлсак, бу оилада Жумагул момонинг ўғил-қиздан, келиндан, невара-чевараларидан, Бахтиёр ака билан Гулбаҳор опанинг фарзанд­ларидан кўнгли тўқ. Қўни-қўшниларининг эса дил-у тиллари тўла олқиш. Оила саодати, оила бахти шу эмасми?!

Маҳалладаги Бибижон опа ва Сафарбой Абдураимовлар оиласида ҳам ўзига хос турмуш тарзи шаклланган.

Умр бўйи ҳайдовчилик касбини ардоқлаб нафақага чиққан Сафарбой аканинг оиласида бўлиб, ҳовлисини кузатган одам: «бу киши боғбон эмас­микан?» деган хаёлга бориши табиий. Чамандай очилиб ётган турфа гуллар, ёнғоқ-у бодом, хурмо-ю олма, анор да­рахт­лари барқ уриб ўсиб ётганини кўриб, баҳри дилингиз очилади. Гарчи шаҳарда яшасалар-да оиланинг ўзига яраша кичик томорқа хўжалигида сабзавот экинларининг барчасидан бор. Бозордан сабзавот сотиб олишга умуман ҳожат йўқ.

4 ўғил ва 1 қизни уйли-жойли қилиб ўзидан тинган Бибижон опанинг тилидан шукрона тушмайди.

- Катта ўғлим билан келиним касблари тақозосига кўра Тошкент шаҳрида истиқомат қилишади, - мамнуният билан сўз­лайди онахон. - Келинларим менинг жон-у жаҳоним, ол­тинларим! 3 нафар келиним ўзаро аҳилликда 9 йил мана щу хонадонни обод этиб яшашди, худди туғишганлардай меҳр-оқибатли. Кулиб-ўйнаб бир-бирларига қарашиб, оилаларини бўлаклашди. Ҳозир ҳам бир-бирларини бир-икки кун кў­риш­маса дарров излаб, «Сиз-сиз»лаб боришади уйларига. Худога шукур-ей,дейман.

Шукрона - аҳилликдан, тотувликдан, меҳр-оқибатдан унган туйғу. Келинларини қизим деб суйган аёлнинг қалбини тўлқинлантирган бахтнинг элчиси! Келинлари онажоним деб суянган меҳр-муҳаббат тимсоли! Наздимизда ўзбек оилаларининг мустаҳкам устуни ҳам шу-аҳлоқ ва одобни, бобомерос, отамерос маънавий қадриятларни ўзида, ўз феълида мужассам этиб, яқинларига меҳр­дан гул тутиб яшашни бахт деб билган бағри кенг аёллик сал­танати! Бундай бағрикенглик барчага насиб этсин!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

"аmunews” веб-сайти мухбирлари.

Сиз кўриб турган ушбу суратларда Манғит шаҳридаги "Бойовул” маҳалласининг мустаҳкам оилалари акс эттирилган.

1.    Бахтиёр Эшимбетов ва Гулбаҳор Содиқовалар оиласи. Бу оила маҳаллада ўтказилган "Энг озода ва шинам, мустаҳкам оила” кўрик танлови ғолиби бўлган.

2. Сафарбой ва Бибижон Абдураимовлар оиласи. Бу оила ҳам ушбу кўрик танловда ғолиб деб топилган.

 


Янгиликни бўлишинг: