"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Амударё тумани ҳокими С.Йўлдашевнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Бугун биз халқимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – Ватанимиз мустақилликка эришган куннинг йигирма саккиз йиллигини катта шоду-хуррамлик билан нишонламоқдамиз.

Аввало, туманимиз аҳлини, қолаверса бутун халқимизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!

Бундан 28 йил муқаддам биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ кундан буён халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор юрагимиздан чуқур ҳис этамиз.

Истиқлолни ато этгани, халқимизни турли бало-қазолардан омон сақлаб, бугунгидек ёруғ кунларга етказгани учун ҳар биримиз Яратганга шукроналар айтишимиз ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз яқинлашиши билан ўтган давр мобайнида амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиб, ўзимизга янги-янги марраларни белгилаб олишга одатланганмиз.

Бугунги кунда юртимизда фаол инвестиция сиёсати юритилмоқда, замонавий корхоналар барпо этилмоқда, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ривожлантириш, барча соҳа ва тармоқларда инновация, илм-фан ютуқлари, янгича ва ижодий ёндошувларни жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Қишлоқ хўжалигида замонавий, истиқболли тармоқларга асос солиш, кластер тизимини йўлга қўйиш, фермер хўжаликларининг натижадорлигини кучайтириш бўйича қувонарли ишлар олиб борилмоқда.

Туманимизда жорий йилда 5 та йўналиш бўйича жами қиймати 286 млрд. сўмлик 203 та лойиҳани ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Инвестицион муҳитни яхшилаш ва кичик бизнес ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига қаратилаётган эътибор натижасида жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида туман иқтисодиётига салкам 1,5 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинди. Йил якунигача қўшимча яна 4 та лойиҳага салкам 7 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилиниши кутилмоқда.

Айниқса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам янгиланиш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кирмоқда. Одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгариб, қишлоқларимизда турмуш маданияти ошиб бормоқда. Биргина бизнинг туманимизда дастур доирасида жорий йилда Қиличбой, Чойкўл овулларида ва Бештом  маҳалласида жами 29 млрд. сўмдан ортиқ ишларни бажариш режалаштирилган бўлиб, айни кунларда қурилиш ва бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

Аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида янги иш ўринларини ташкил қилиш, намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш, муҳандисликкоммуникация ва ижтимоий инфратузилма билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Шунингдек, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу каби изчил ислоҳотлар, юксалишларнинг том маънода янги босқичга кўтарилиши  халқимизнинг бугунидан рози бўлиб яшаб, ўз юртининг келажагига, ўзининг эртанги кунига ишончини, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Pеспубликасига қилган ташрифи давомида туманимизни бошқа ҳудудлар билан боғловчи понтон кўприги ўрнига узунлиги 600 метр бўлган замонавий автомобиль ва темир йўл кўпригини қуриш ишларини келгуси йилданоқ бошлаш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар бергани, туманимизнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уни боғдорчилик, тўқимачилик ва пиллачиликка ихтисослаштириш бўйича тавсиялар бергани туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида улкан янгилик бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Юртбошимизга бу эътибори ва ғамхўрлиги учун туманимиз аҳли номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этаман!

Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида катта шодиёна – мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги кенг нишонланмоқда. Жойларда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида байрам тадбирлари кўтаринки руҳда давом этмоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб, бутун туманимиз аҳлини яна бир бора энг улуғ, энг азиз айём – мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, турмушимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Султонбой ЙЎЛДАШЕВ, Амударё тумани ҳокими.

Янгиликни бўлишинг: