"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни: АВЛОДЛАP ҚАЛБИДА ҚАЙТА ТУFИЛГАН БОБООХУН САЛИМОВ

Ҳаёт – курашлардан, қарама-қаршиликлардан иборат. Бу ҳақда жуда кўп ёзамиз ва гапирамиз. Мантиқан олиб қарайдиган бўлсак, бу тўғри. Лекин ҳаёт карвонига қўшилиб, яшаб ўтаётган инсонлар учун бу карвон йўлларида турфа мазмундаги  курашлар силсиласида кечган умрлари, турфа қарама-қаршиликлар жараёнларида  гоҳ енгиб, гоҳ енгилиб ўтказган азобли кунлари, ойлар, ҳатто йиллар қанчалик машаққатларга тўла бўлганини, афсуски жуда кўп ҳолларда улар дунёдан ўтгачгина англаймиз.  Нима учун жуда кўп ҳолларда, дедим?.. Чунки бу ҳаёт карвонига  қўшилиб яшаб ўтган кўплаб  (балки юзлаб, минглаб) аждодларимизнинг долғали  умр йўллари, эл-юрт, она Ватан озодлиги  йўлидаги фидойиликлари ҳақида сўз очиш, уларнинг ўзлари ҳаётлик пайтларида  эътироф этиш даҳшат эди –  айтган тил кесиларди, эътироф этган юракларга  ханжар уриларди. Таъбир жоиз бўлса, юртдошимиз, давлат ва жамоат арбоби, ўткир сиёсатдон, сермулоҳаза дипломат, йирик ислоҳотчи, Хива хонлиги даврининг  ҳуқуқ билимдони –  Қозикалон  Бобоохун Салимов шахси,  унинг мустақиллик йўлидаги буюк хизматлари ҳақида яқин-яқинларгача “чурқ” этиб сўз очилмаганининг боиси ҳам шу важдан эдики, унинг номига келажакни кўра олмаган манқуртлар томонидан “халқ душмани” дея тамға босилганди. Уни келажак уфқларини кўриб, идрок этолмаганлар маҳв этдилар. Аксинча, истиқбол ва тараққиёт сари, она юрт истиқлоли сари қадам қўймоққа интилган кўнгиллар унинг номини юракларида  мангу асраб қолдилар.

Хўш, Бобоохун Салимов ким эди?  Биз у ҳақида  нималарни биламиз?

Кўпчилик элдошларимиз – ўрта ва кекса ёшдаги кишилар  Бобоохун Салимов шахси  ҳақида гап кетганда:

–   Жумуртоғда, Эшонёп маҳалласида яшаган, жуда билимли одам бўлган, ҳатто Ленин билан учрашиб, суҳбатлашган, –  дея эътироф этишади. Айримлар тарихчи олим Ж.Pаҳимов  қаламига мансуб  “У Ленин билан учрашган эди” (Тошкент, Ўзбекистон нашриёти –  1988)  китобидан иқтибослар келтиришга ҳаракат қилишади.  Биров уни “халқ душмани”  сифатида қатағонга учраганини айтса, яна биров:

 –  Қизил империяга хизмат қилган, бўлмаса, Ленин билан учрашармиди, – қабилида  тўмтоқ фикр билдиради. Ҳақиқат эса...

Ҳақиқат шуки, оддийгина қилиб айтадиган бўлсак, Бобоохун Салимов халқ, миллат, она Ватан, бундан ҳам муҳими, мустақиллик фидойиси эди. Бу ҳақда хоразмлик тарихчи ва ёзувчи Умид Бекмуҳаммад ўзининг  “Хуршид Даврон кутубхонаси” учун махсус тайёрлаган “Йиртилган саҳифалар садоси” мақоласида  батафсил сўз юритади.  Унга кўра, “ХХ аср бошларидан то 1929 йил – вафотигача бўлган даврда  Хоразм тарихида ўзига хос мавқега эга бўлган Бобоохун Салимов Хива хони Қозикалони Салимохуннинг  энг катта фарзанди бўлиб,  1874 йилда Гурлан беклигида  туғилади.  Отаси – хонликнинг Қозикалони Салимохун ўғлига бобосининг исмини беради. Онаси бобосининг исмини олган ўғлини “бобосининг исмини қандай қилиб айтаман”, деган важда  уни Бобоохун деб атайди”  ва унинг асл исми Муҳаммад Карим бўлса-да,  барча Бобоохун деб аташга одатланишади.

Бобоохун Салимовнинг ёшлиги ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар авж олган ХХ аср бошларига тўғри келди ва у бу жараёнга катта журъат ва шижоат билан кириб келди.  Натижада отаси вафотидан сўнг, Хива хонлигининг энг юқори лавозимларидан бири Қозикалон вазифасини матонат ва сабот билан бажарди.

У ўз фаолиятида мутаассиб руҳонийларнинг кирдикорларига қарши адолат билан иш юритди,  ўз даврининг етук зиёлилари билан яқин алоқа ўрнатди, жамиятдаги илғор тараққийпарвар кучлар билан бирлашиб, ижтимоий ҳаётда чуқур илдиз отган салбий муносабатларни йўқотиш учун сафдошларини ислоҳотлар ўтказишга ундади. У миллий ғурурни, инсонлар дилида журъат ва жасорат туйғуларини уйғотувчи  шеърлар ёзди. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳақ сўзни айтишдан, ҳақиқат, халқ эрки ва озодлиги учун курашишдан тоймади. Ваҳоланки, унинг бу ҳаракатлари Хива хони Исфандиёрхонга ёқмади, маълум муддат сиёсатдан йироқлашиб, Жумуртоғ яқинидаги Эшонёп қишлоғида деҳқончилик билан шуғулланади.

Унинг эркпарвар дўстлари кўп эди. Хивада мадрасада бирга ўқиган дўстлари, сиёсат майдонида топишган ёр-биродарлари  даврасига яна қайтган Бобоохун – Муҳаммад Карим Салимов  1917 йил 5 апрелдаги Кўҳна Арк майдонида бўлиб ўтган тарихий намойишда қатнашади. Шу тариқа у яна сиёсат майдонига кириб келади ва ҳаётининг асосий қисми эрк ва мустақиллик учун курашларда ўтади. У 1920 йил 1 февралда Хива хони тахтдан ағдарилиб, муваққат ҳукумат тузилгач, адлия нозири вазифасига тайинланади.  1920 йил 30 апрелдаги 1-Бутун Хоразм қурултойидан  сўнг тузилган нозирлар шўроси таркибида яна  адлия нозири вазифасида фаолиятини давом эттиради.

Биз мақоламиз бошида Бобоохун (Муҳаммад Карим) Салимов  мулоҳазакор дипломат, ўткир сиёсатчи бўлганлигини қайд этган эдик. Унинг ана шу фазилати боис 1920 йилнинг июнь ойида Хоразм халқ Жумҳурияти  билан Pусия давлати ўртасида келишув шартномаларини тузиш учун юбориладиган делегация раҳбарлигига тайинлашади ва Москва шаҳрига жўнатишади.  Делегация раҳбари Бобоохун Салимов қарийб 4 ой  давомида Москва шаҳрида янги Хоразм халқ Жумҳуриятининг  Pусия давлати таркибидаги мустақил Pеспублика сифатида тан олиниши учун жон куйдиради. Унинг бу борадаги фидойиликлари тарихчи Умид Бекмуҳаммад томонидан алоҳида тартиб берилган “Бобоохун Салимов: “Кундаликлар”  ёхуд Кремлдаги музокаралар” мавзусидаги  “Хуршид Даврон кутубхонаси” учун махсус тайёрланган Бобоохун Салимов хотираларида батафсил ҳикоя қилинади.

Бобоохун Салимов хотиралари. Бу шунчаки хотиралар эмас, балки давр руҳи сингган, халқнинг хоҳиш-иродаси акс этиб турган ҳақиқат манзараларидир. У 23 моддадан иборат Умумий иттифоқнома, 15 та моддадан иборат Тижорат аҳдномаси ҳамда 8 та шартни ўз ичига олган ҳарбий аҳдномаларни тасдиқлатиш учун Ленин ҳузурига кирди. Pусия давлатининг хорижия комиссари В.Чичерин ва унинг муовини Л.М.Карахан   каби сиёсатдонлар билан қизғин музокаралар олиб борди. Аҳдномаларнинг ҳар бир банди учун кечган қизғин баҳсларда ўз фикрида собит турди. Ҳатто айрим сиёсатчиларнинг: “Хоразм халқи бунчалик эркинлик беришга арзимайди” қабилидаги тўсқинликларини енгиб ўтди, руслар ўзларига мақбул бўлмаган моддалар ўрнига киритган иловаларини рад этиб, мустақил Хоразм Жумҳурияти томонидан ишлаб чиқилган учта аҳднома (шартнома)ни тўлиғича тасдиқлатишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари,  63 кун давом этган музокаралардан сўнг,   Б.Салимов    яна бир умуммиллий  аҳамиятга эга ишнинг ҳам уддасидан чиқди. У Pусия ҳукумати томонидан ҳибсда сақланаётган элдошлари Обидохун ва Саидулла тўраларни озод этиш учун рухсатнома олди.  У Марказий Осиё Pеспубликалари вакилларидан биринчи бўлиб 1920 йил 19 октябрда, Кремлда  PСФСP ва ХХP ўртасида шартнома имзоладигина эмас, балки шу анжуманда нутқ сўзлади. У ўз ақл-заковати, халқпарварлиги, ўткир дипломатик қобилияти туфайли аҳдномаларга Pоссия манфаати устун қўйилган иловаларни олдириб ташлашга эришди. Натижада Ленин, Чичерин ва Карахан Хоразм Pеспубликаси манфаати учун зид бўлган иловаларни олиб ташлаб, шартномаларни имзолайдилар. Бу – нафақат Хоразм, балки Осиё сиёсий иқлимидаги жуда катта тарихий воқеа эди. Халқона тил билан айтганда, Бобоохун Салимов бошчилигидаги делегация Ленинни ўзлари тайёрлаган Хоразм халқ Pеспубликаси мустақиллиги тўғрисидаги шартномани тан олишга мажбур қилади.  Бу ҳақда машҳур турк руҳонийси, Бобоохун Салимовнинг замондоши  Анвар пошо: “Биродар Бобоохун, Осиё иқлимининг, хусусан, Ислом мамлакатлари хароб ва беэътибор бўлиб, аксари ерлари мусулмонларнинг қўлидан кетуб турган бир вақтда сиз руслар бирлан бул тариқа мусулмонларға манфаатли аҳдномани Хоразм учун ясаганингиз бир улуғ қаҳрамонлик...” (У.Бекмуҳаммад, “Йиртилган саҳифалар садоси” мақоласидан)  дея юқори баҳо берган эди.

Бобоохун Салимов бор-йўғи 55 йил умр кўрди. Ҳаётининг асосий қисми сиёсат майдонидаги курашларда ўтди. У умрининг ҳар бир дақиқасини халқ озодлиги, мустақиллиги учун бахшида этди. Қишлоқларда мактаблар очиш, мактаблар учун дарсликлар ёзиш, адабиёт ва маънавиятни юксалтиришда доимо олдинги сафда турди. Исломий, фиқҳий, сиёсий билимдонлиги важидан жаҳолатга қарши илм-у маърифати ила курашди. Миллий ғурури, халқ иродаси синишига асло йўл қўймади. У ҳамиша халққа интилди, халқим, она Ватаним, деб жон бермоққа шай турди ва ... Мустамлакачилар томонидан қора рўйхатга киритилган Бобоохун Салимов 1929 йил тонгида махсус йўлланган гуруҳ томонидан Жумуртоғдаги Эшонёп қишлоғидаги ҳовлисида отиб ўлдирилди.

Бу тавқи лаънатдан жабр-зулм кўрган фарзанди “Саодаддин ҳам 30-йилларнинг қатағонидан қочиб қутулолмай “халқ душмани” деб  қамалади”. (У.Бекмуҳаммад, “Йиртилган саҳифалар садоси” мақоласидан).

Бобоохун Салимов Жумуртоғдаги Саломат бува қабристонида мангу макон топган. Ҳайит ва байрамларда Бобоохун – Муҳаммад Карим Салимов қабрини зиёрат қилгани олис-олис шаҳар ва қишлоқлардан одамлар келишади. Улар орасида истиқлолимиз учун курашган Жумуртоғнинг Эшонёп қишлоғилик Бобоохун бобонинг авлодлари – Ёқутжон, Ҳадияхон, Саодаддин, Абдуллоҳ, Ҳамидуллоҳ, Шукруллоҳ каби фарзандларининг неваралари, чевара-ю эваралари жуда кўп. Улар юзлаб, балки ундан-да кўпроқ.

Демак, истиқлол учун курашганларнинг илдизлари бақувват, улар энди боболари қон кечиб, курашиб барпо этган улуғ мамлакатнинг истиқлол манзилларини яратиб, обод кошоналар барпо этиб яшамоқдалар. Демак, қатағон қурбонлари – шунчаки қурбонлар эмас,  улар эрк йўлида қирқилган қанотлар, авлодлар йўлига тўкилган орзулар. Бугунги авлод  бу орзуларга қанот бағишлади. Зеро, самога парвоз айлаган бургут қай маконга қўнмоқни яхши билгани каби бугунги Истиқлол  фарзандлари ҳам қайси йўлдан, қайси манзил томон қадам ташлашни яхши биладилар – Мустақиллик уфқларига!

Бобоохун Салимовнинг қанотлари қирқилса-да, у бугунги авлодлари қалбида қайта туғилди, орзулари мангу яшаб қолди ва бу орзулар унинг авлодлари ҳаётига зийнат бағишлади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Суратда: Бобоохун Салимовнинг авлодлари – невара-чеваралари ва эваралари.

Янгиликни бўлишинг: