"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

Амударё туманида мустақиллик байрами кенг нишонланди

Мавзуга оид фотогалерея

Халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айём, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асосий манбаи бўлган Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини катта тайёргарлик билан кутиб олиш, бу қутлуғ санани унинг моҳияти ва аҳамиятига, халқимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу орзу-интилишларига муносиб тарзда нишонлаш мақсадида шу йил 8 июль куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Pеспубликаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Қарорга асосан байрамга қизғин ҳозирлик кўрилди. Туманнинг барча овул ва маҳаллаларида, меҳнат жамоаларида истиқлол байрами кенг нишонланмоқда.

29 август куни Дўстлик маҳалласидаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли ўйингоҳда туманимизнинг асосий байрам тантаналари ўтказилди.

Байрам аввалида туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдашев бошчилигида меҳмонлар ва туман фаоллари овул ва маҳаллалар жамоалари ўртасида ўтказилган спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлади.

Сўнгра туман ҳокими Султонбой Йўлдашев байрам қатнашчиларини, улар орқали туманимиз аҳлини мамлакатимиз  мустақилликка эришган кунга 28 йил тўлиши муносабати билан қизғин муборакбод этиб, самимий тилакларини билдирди.

Туман ҳокими табригидан кейин ўйингоҳ узра Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикалари мадҳиялари янгради. Киши  руҳига жўшқинлик, эзгулик ва шукроналик ҳиссини бахш этувчи оҳанг оғушида қўлини кўксига қўйиб турган ҳар бир катта-ю ёшнинг кўнглида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган эзгу тилак жўш уради, кўз ўнгида кечаги кунимиз, бугунимиз жонланади.

Кечаги ва бугунги кунимизни солиштирар эканмиз, аҳоли фаровонлиги ва мамлакат иқтисодиёти юксалиб бораётганини кўрамиз. Энг асосийси, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун саналиб, жамики ислоҳотлар самараси халқимиз фаровонлигига, тинч-осуда яшашига, ўз ҳаётидан ўзи  рози бўлишига қаратилмоқда. Халқ давлат идораларига эмас, балки, давлат идоралари халқимизга хизмат қилишини таъминлаш учун халқ билан мулоқотнинг самарали тизими – сайёр қабуллар ўтказиш йўлига қўйилди. Шу асосда аҳоли билан очиқ мулоқотларда ҳудудлардаги муаммолар аниқланиб, жойида ҳал этилмоқда.

Юксалишлар, янгиланишларни туманимиз мисолида олиб қарасак, амалга оширилаётган ишлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги ходимларининг буғдой, пилла етиштириш борасидаги режалари адо этилиб, илк хирмонлар салмоғи кўзланганидан-да ортиқ бўлди.

Шунингдек, туманимиз бўйича жами қиймати 286 млрд. сўмлик 203 та лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорлик, оилавий бизнес, хизмат кўрсатиш, томорқа хўжаликларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли аҳоли турмуш сифати яхшиланмоқда. Айниқса “Обод қишлоқ” дастури асосида туманимизнинг Қиличбой, Чойкўл овуллари, Бештом маҳалласида амалга оширилаётган ишлар қишлоқларда турмуш маданияти юксалишига асос бўлаётир. Ушбу дастур доирасида жорий йилда салкам 29 млрд. сўмлик қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилганининг ўзи ҳудудлар аҳолиси ҳаётида қанчалик ижобий ўзгаришлар ясалишидан далолат беради.

Аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш мақсадида янги иш ўринларини ташкил қилиш, намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Мамлакатимиз Президенти 20-21 август кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Амударёга туманимизни бошқа ҳудудлар билан боғловчи замонавий кўприк бунёд этиш юзасида тегишли соҳа ходимларига топшириқ бергани барча амударёликлар учун истиқлол байрами олдидан қувончли хушхабар бўлди. Шунингдек, келгуси йилдан туманимизни боғдорчилик, пиллачилик ва тўқимачиликка ихтисослаштириш бўйича ҳам тегишли тавсиялар бергани ҳудудимиз ижтимоий-иқтисодий юксалишига асос бўлади. Энг муҳими, барча соҳалардаги ислоҳотлар, янгиланишлар самарасини юртдошларимиз ўз ҳаётларида яққол ҳис қилаётир, қадди ва қадри юксалаётганидан кўнгли фахрга тўлаётир.

Байрам тантанасида ҳам юртимиз тараққиётига ҳамоҳинг равишда миллатимиз, Ватанимиз, озод ва обод турмушимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. Туман Маданият бўлими  томонидан тайёрланган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!”, деган ғояни ифода этувчи театрлаштирилган байрам томошаси барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Айниқса мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ўқувчилари ижросидаги рақс-қўшиқлар йиғилганларга ўзгача завқ бағишлади.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллигини ёруғ юз, улкан ютуқлар билан, кўтаринки кайфиятда қарши олаётган юртдошларимиз байрам тантанасидан улкан таассуротлар олдилар.

Мустақиллик байрами тантаналари туманимизнинг овул ва маҳаллаларида, меҳнат жамоаларида давом этмоқда.

Янгиликни бўлишинг: