"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Олмазор маҳалласида “Қуёшжон” оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилди

Юртимизда қутлуғ саналар ва катта байрамларда ижтимоий соҳа объектлари ва халқимизга хизмат қиладиган тадбиркорлик шохобчаларининг фойдаланишга топширилишидек хайрли анъана бор. Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арфасида ҳам бу анъана давом эттирилди. 28 август куни Олмазор маҳалласида “Қуёшжон” оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Муассасанинг очилиш маросимида туман Мактабгача таълим бўлими, ҳудуддаги корхона-ташкилотлар масъуллари, фуқаролар йиғини раиси ва бошқалар иштирок этдилар. Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганларидек, кейинги йилларда Амударё туманида мактабгача таълим муассасалари сони 59 тага етказилди. Улардан 49 таси давлат, 7 таси оилавий ва 3 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ҳисобланади.

Туман ҳудудидаги 3-7 ёшдаги болалар сони 15 минг 407 нафардан иборат бўлса, шундан 6 минг 165 нафари мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия олади. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мактабгача таълим муассасалар сони 10 тага кўпайиб, мактабгача ёшдаги болаларнинг қамрови 25,9 фоиздан 40,1 фоизга ошди.

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича олиб борилган жадал ишлар туфайли бундай самарали натижаларга эришилди. Ўтган йили давлат инвестиция дастури асосида 3 та мактабгача таълим муассасалари реконструкция қилиниб, “Обод қишлоқ” дастури асосида 4 та мактабгача таълим муассасасида қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан эса таъмирга муҳтож 10 га яқин мактабгача таълим муассасаси жорий таъмирланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан туманда 7 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди, яна 5 тасига рухсатнома олиниб, иш бошлаш арафасида.

Олмазор маҳалласида илгари маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси сифатида қурилган хусусий бинода ташкил қилинган мазкур муассаса 25 ўринга мўлжалланган бўлиб, янгидан 2 ишчи ўрни яратилди. Бинода болаларнинг соғлом ўсиши ва тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар мавжуд. Шунингдек, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария-эпидемиология назоратининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос. Болалар ётоқхонаси, машғулотлар хонаси керакли жиҳозлар билан таъминланган, овқат пишириш учун, болаларнинг кийиниши учун ҳам алоҳида жиҳозланган хоналар бор.

Олмазор маҳалласи аҳолиси ҳудудда оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил қилинганидан ва давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан ниҳоятда мамнун бўлдилар.

О.Худойберганова

Янгиликни бўлишинг: