"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

ВАТАНГА ХУШ КЕЛГАН ОЙДИН ЙЎЛ – ЭPК ВА ИСТИҚЛОЛ АЙЁМИ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

Йўл азобини, масъулиятини ва гаштини ҳам йўловчи билади, кўнгиллар ҳис қилади. Йўловчи ким? Йўловчи – биз, халқ! У то манзилига етгунча олдинга интилаверади. Суриниб-суриниб, машаққатлар азобини чекиб, гоҳ йиқилиб, гоҳ туриб талпинаверади. Қаерга? Қуёш нурлари порлаб кўринган  кўзлаган манзилига! Бу манзилга етиш орзуси тақдир ёзиғимиди? Балки... Балки бу орзу халқимизнинг кўнглидан бошлангандир?

Ҳа, шундай эди, азизлар. Қуёш нурлари ила нурафшон манзил – мустақиллик томон элтувчи йўл халқимизнинг кўнглидан бошлангани рост! Кўнгиллар қарамлик кишанларини янчиб ташлашга интилди, ҳурлик, эрк истаган диллар бирлашди. Элим, юртим, деган кўкраклар қалқон бўлди мустақиллик манзилига элтувчи йўл азобларига. Эрк истаган кўнгиллардан бошланган бу йўлларда қурбонлар берди халқ. Фисқ, туҳмат, ғаразли ниятлар болалаб ётган пистирмаларни, тузоқларни ёриб ўтди ёвқур юраклар. 28 йил аввалги Ўзбекистон халқи ҳаётига, далаларига, шаҳар-у ёвонларига, тоғ-у қирларига илдиз отган иллатларни бир-бир сананг-а! Юраклардаги яралар янгиланади... миллатчилик уруғини сочмоққа интилган ғаразгўйлар, ҳар зарраси олтинга тенг Ватан тупроғига хоинлик қилмоққа шайланган ватанфурушлар, халқни бор будидан айирмоққа интилган мулкпарастлар... Уларнинг  йўлини тўсиб чиқмоққа шайланган халққа етказилган зиён-заҳматлардан елкалар яғир бўлмадими?

Бу адолатсизликларга кўнгиллардан бошланган ҳурлик йўли чек қўйди! Ана шу эзгу Истиқлол йўли Ватанга хуш лаҳзаларни ато этди. Бу – сиёсатда, иқтисодиётда, ижтимоий ҳаётда яққол намоён бўлди. Халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган ислоҳотлар, ички ва ташқи сиёсат соҳасидаги ривожланиш тамойиллари ҳар бир инсон ҳаётига зийнат бағишлади.

Азизлар, Ватанда тонг отаётган лаҳзаларни ҳеч кузатганмисиз? Оқшомларни-чи? Осмон булутлардан халос бўлиб, самода қуёш порлаган дамларга бир нигоҳ ташланг-а! Нималарни кўрдингиз?

– Осудаликни! Оқшомларда бутун оила жам бўлган дастурхонлари ноз-неъматларга тўла тўкин хонадонларни! Ватан замини билан қуёш нурлари қоришган фасллардаги оташин ҳароратни!

Она Юрт бўйлаб яёв кезинг. Дарвозалари ланг очиқ хонадонлар остонасидан маҳаллага илк қадам қўйиб, кунни шодон қаршилаётган болажонларнинг юз-у кўзида ҳайрат ва ҳаяжон офтоби порлайди. У кенгликни – улуғликни ва демакки, Ватанни кашф этаётир. Унинг кўнглида Истиқлолнинг улуғ манзиллари – ёрқин келажак томон интилиш истаги уйғонаётир. Истиқлол ва келажакни туташтирган йўл очилаётир унинг кўнглида! Бу йўлнинг уфқи ёрқин. Токи, халқимиз, юз-у кўзларида ҳайрат ва ҳаяжон офтоби порлаб турган авлодлар басаломат экан, Ватанда Истиқлол қуёши мангу нур сочаверади.

Ватан осмонидан то замин қадар,
Нур йўли тўшалган, ёрқин, чароғон.
Юраклар бир ҳисдан ҳаприқиб кетар,
Фароғат қўйнида ҳар шаҳру ёвон.
Ўшал нур йўлидан оқ тонглар келар,
Оппоқ орзуларга чулғанар Ватан.
Элим, юртим деган аҳил миллатлар
Ўшал нур йўлида мангу бирлашган.
Бу йўл кўнгиллардан бошланган асли,
Табаррук айлагай Истиқлол насли!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: