"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Адлия бўлими томонидан фуқароларнинг 84 млн. 182 мингдан зиёд пул маблағлари ундириб берилди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга етказиш борасида Адлия бўлими томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, ташкилотларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш каби муҳим вазифаларни ҳам бажариб келмоқда.

Ўтган 6 ой давомида бўлимга 131 та ариза ва шикоят келиб тушди. Мурожаатларнинг 118 таси ҳал қилинди. Улардан 72 таси қаноатлантирилди, 9 таси рад этилди, 53 тасига ҳуқуқий тушунтириш берлиб, 13 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга жўнатилди.

Шу пайтга қадар 150 нафар фуқаро шахсий қабулга кирган бўлса, унинг 50 тасини сайёр қабуллар давомидаги мурожаатлар ташкил қилади. Мурожаатларнинг 134 таси ҳал қилинган бўлиб, шундан 72 таси қаноатлантирилди. Тааллуқлилиги бўйича  13 таси тегишли ташкилотларга юборилди, 53 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 3 та мурожаат кўрилмасдан қолдирилди.

Ўтган давр мобайнида бўлим томонидан туман Маъмурий ва Фуқаролик судларига фуқароларнинг манфаати бўйича 32 та даъво аризаси киритилди. Мазкур аризаларнинг барчаси қаноатлантирилган бўлиб, натижада 4 нафар фуқаронинг пенсия тайинланишдаги, 25 нафар фуқаронинг фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни олиш, 3 нафар фуқаронинг иш ҳақи масаласидаги муаммоларига чек қўйилди. Айни пайтда 1 та фуқаролик ва 1 та маъмурий иш кўриб чиқилиш жараёнида.

Ундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш борасида, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича 38 та идора-ташкилотларда 14 та ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлар бўйича идора-ташкилотларга тақдимномалар киритилди. Тақдимномалар асосида 21 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди ва фуқароларнинг 84 млн. 182 мингдан зиёд пул маблағлари ундириб берилди.

Бўлим томонидан норма ижодкорлиги соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 7 та таклиф берилиб,  туман ҳокимининг 3 та қарори ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Шунингдек, 43 та давлат органлари ва ташкилотларига 537 та қонун ва қонун ости актлари етказилди. Шу қаторда 4 та идора-ташкилотга қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича услубий раҳбарлик қилинди.

Юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан саналади. Аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича билимини, маданиятини ошириш, ҳимоя қилиш ва уни таъминлаш ҳар бир давлат органи қаторида Адлия бўлимининг ҳам асосий вазифаси ҳисобланади.

О. Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: