"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Вирусли гепатит А касаллиги зарарли оқибатларни келтириб чиқаради

Халқ орасида “сариқ касаллиги” номи билан юритиладиган вирусли гепатит “А” касаллиги жигарнинг жароҳатланиши билан кечадиган юқумли касалликдир.

  Касаллик  асосан касалликка чалинган беморлардан  ва ифлос қўл билан овқатланишдан, мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилинганда, сув қайнатмай ичилганда, истеъмолга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларга пашшаларнинг ўтириши оқибатида юқиши мумкин.

  Касалликнинг белгилари тана ҳарорати кўтарилиши, ҳолсизлик, қоринда оғриқ, иштаҳасизлик, кўнгил айниши, қусиш, пешоб рангининг ўзгариши, ўнг қовурға остида оғриқ бўлиши ва тери рангининг сариқ тусга киришида ифодаланади.

Шу билан бирга юқумли сариқ касаллигига чалинган болаларда узоқ муддат жисмоний ҳаракатдан чекланиш, парҳезга риоя қилиш, жигар фаолиятини қайта тиклаш учун кўплаб дори воситаларини қабул қилиш, умуман бемор тўлиқ тузалмагунча унга алоҳида эътибор ҳамда парвариш талаб этилади. Натижада, оила аъзолари бундан моддий ва маънавий зарар кўради, ота-она фарзандининг хасталигини кўриб туриб ҳар сонияда азият чекади.

 Касаллик юқмаслиги учун болаларни шахсий гигиена қоидаларига риоя этишга ўргатиш, қўлларни совунлаб ювишга одатлантириш, мева-сабзовотларни ювиб истеъмол қилишга ўргатиш, болаларда бармоқлар, ўйинчоқлар ва бошқа турли буюмларни оғизга солиш, қўлларни сўриш, тирноқларни тишлаш каби одатлар шаклланишга йўл қўймаслик керак. Ундан ташқари, сувни қайнатилган ҳолда ичиш, беморларнинг идиш-товоқлари, ўйинчоқлари ва бошқа маиший буюмларини зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида мунтазам равишда ювиб туриш,  ҳожатхоналарни зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида мунтазам артиб туриш ҳам тавсия этилади.

Шу билан бирга мутахассис шифокорлар тавсиясига кўра, касалликнинг олдини олишда энг самарали ҳимоя воситаси – эмлаш ҳисобланади.

Гулшод Тажибоева, туман ДСЭНМ

эпидемиология бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: