"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Қуён гўштининг фойдасини биласизми?

Қуёнлар тез етилувчанлиги, жадал ўсиши  билан ажралиб туради.  Масалан, бузоқ  боласи 47 кунга келиб вазни икки баробар ошса,  қуён боласининг вазни эса 6 кунга келиб икки баробар ортади.  Бир ойлик қуённинг вазни 10 баробарга ошади. Бундай жадал етулувчанликка сабаб қуён сутининг юқори озуқавий қийматга эгалигидир.

Қуёнлар туғилганидан сўнг тўрт ой ўтиб  етилади. Таркиби ва фойдали хусусиятлари жиҳатидан  қуён гўшти  бошқа барча гўшт турларидан устун туради.   Инсон учун 4-5 ойлик қуёнларнинг гўшти энг фойдали ҳисобланади.
Қуён гўшти таркибида тўлақонли енгил ҳазм  бўлувчи оқсил, ёғ, витамин ва минерал моддалар, PP, С, В1, В6, В12 витаминлар, макро ва микроэлементлардан  темир, фосфор, кобальт,  фтор,  магний,   калий,   марганец,  рух ва бошқа моддалар мавжуд.

Қуён гўшти мол, бузоқ, қўй ва товуқ гўштларига нисбатан фойдалироқ  ҳисобланиб,   танада 90 % гача ўзлаштирилади ва гўшт маҳсулотларининг  оқ турига киради,  пушти рангли, юмшоқ,  зич, ёғсиз, нозик мушак толаларга эга бўлиб, халқ табобатида унинг ёғи ҳам кўпгина касалликларни  даволашда, косметалогияда, шунингдек фармацевтика саноатида ҳам ишлатилади.

Қуён гўшти атеросклероз ривожланишининг олдини олувчи  парҳез гўшт ҳисобланади. У барча инсонларга, айниқса болалар, қариялар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга фойдали. Уни қандли диабет, гипертония  касаллигида,  юрак-  қон томир тизими касалликларида,  жигар,  буйрак  ва  ўт йўли ва айрим ошқозон-ичак  касалликларида  тавсия этадилар. Онкологик бемор ва экологик номақбул жойларда яшовчи инсонларга ёрдам беради.

Парҳезшуносликда   парҳез маҳсулот сифатида қуён гўшти биринчи  ўринни эгаллайди, сўнгра курка гўшти туради.

Қуён гўшти юрак -қон томир тизимига ижобий таъсир этиб,  гипертония, атеросклероз ва бошқа касалликлар ривожланишининг олдини олади. Ошқозон-ичак йўли тизими ишларига ижобий таъсир этиб, уни шифокорлар ошқозон яра касаллиги, ичак хасталикларида, ошқозон ости бези, жигар, буйрак ва ўт ишлаб чиқарувчи йўллар касалликларида овқат рациони таркибига киритишни тавсия этадилар. Бошқа гўштларга қараганда таркибида аллерген моддаларнинг камлиги туфайли аллергияга мойил инсонларга жуда фойдалидир. Ёш қуёнлар гўштида ем-хашак орқали организмига тушувчи гербицид ва пестицидлар парчаланишидан пайдо бўлувчи оғир металлар тузи ва стронций-90 йиғилмайди. Шу сабабли мутахассислар кимётерапия курсини олувчи  ва юқори радиацияга эга  бўлган ерларда истиқомат қилувчи инсонларга  қуён гўштини истеъмол қилишни тавсия этади.

Совутилган қуён гўшти  совуткичда 3-4 кун давомида, музлатилган қуён гўшти музлаткичда ярим йил давомида сақланиши мумкин. Уни кўпинча қовуриб, димлаб, айрим вақтларда қайнатиб, дудлаб ёки тузлаб истеъмол қилинади. Ундан жуда кўп овқат турларини қилиш мумкин. Уста ошпазлар учун қуён гўшти  қулай ва кўнгилдагидек.

Муҳими, ҳайвон гўштлари ичида қуён гўштига тенг келадигани йўқ.

Ж.Явкашев, туман тиббиёт бирлашмаси

Саломатлик маркази мудири.

Янгиликни бўлишинг: