"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

“Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео)

Кейинги йилларда туманимизда аҳолига хизмат кўрсатилаётган бозорларимизни тартибга солиш бўйича қатор амалий ишлар қилинди. Турли хил истеъмол моллари, эҳтиёж учун зарур нарсалар савдосига ихтисослаштирилган туманимиздаги “Манғит савдо комплекси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли буюм бозорида ҳам шароитлар яхшиланди. Савдо мажмуаси талаб даражасидаги турғун савдо дўконларига эга бўлди, шохобчалар тартибга келтирилди.

Туман ҳокимининг тегишли қарори асосида 2009 йилда “Манғит буюм ва саноат моллари бозори” сифатида ташкил этилган бозор 2010 йилда “Манғит савдо комплекси” масъулияти чекланган жамиятига айлантирилди. Шундан сўнг, “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ва “Ўзбекистон Pеспубликаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида тизимли ишлар амалга оширилди.

Бозор инфратузилмасини яхшилаш мақсадида электр энергияси таъминотининг сифати яхшиланди. Кузатув камералари ўрнатилиб, қўриқлаш хизмати йўлга қўйилди. Бозор ҳудуди ободонлаштирилиб, чиқиндиларнинг вақтида олиб кетилиши таъминланди. Ёнғин хавфининг олдини олиш мақсадида ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозланган махсус шкаф ўрнатилди ва 50 метр куб ҳажмдаги сув сақлаш ҳовузи қурилди.

Савдо мажмуаси жойлашган ҳудуд 2,12 гектар ер майдонига эга. Бозор ҳудудида 270 та турғун савдо шохобчаси мавжуд. Мажмуада чинни буюмлар, маиший техника жиҳозлари, кийим-кечак, оёқ кийимлар, матолар, атир-упа ва галантерия маҳсулотлари савдо қилинадиган дўконлар тартиб билан жойлаштирилиб, харидорларга қулайлик яратилди. Ҳозирги кунда 200дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолига хизмат кўрсатилади. Ундан ташқари ҳудудда ошхоналар, тикувчилик цехлари ҳам фаолият кўрсатади. Ҳар бир савдо шохобчаси назорат машинаси ва тўлов терминали билан жиҳозланган.  Мажмуа маъмурияти томонидан туман Давлат солиқ инспекцияси, Ички ишлар бўлими профилактика инспектори ҳамкорлигида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича рейдлар ташкил қилиб борилади. Шунингдек, фавқулодда ҳодисалардан огоҳ бўлишларини таъминлаш ва тозаликка мунтазам амал қилинишини йўлга қўйиш мақсадида Ёнғин хавфсизлиги бўлими, Санитария эпидемиология назорат маркази ходимлари иштирокида ҳам ташвиқот тадбирлари ўтказилиб турилади. Шунингдек, харидорга касса чеки бериш, ҳисоб-китобни пластик карточкалар воситасида олиб бориш, ижара муносабатлари каби масалалар ҳам мунтазам назорат остида.

Бир сўз билан айтилганда, турли кўринишдаги қонунбузилишларнинг олдини олиш ва барҳам беришга, савдо ва хизмат кўрсатиш маданиятининг юксалишига, истеъмолчи ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси амалиётига муносиб улуш қўшиб боришга ҳам ҳаракат қилинмоқда.

Савдо мажмуасида яратилган шароит ва қулайликлардан тадбиркорлар ҳам, истеъмолчилар ҳам ниҳоятда мамнун. Кўрсатилаётган хизматлар кўнгилдагидек бўлганлиги сабабли тадбиркорлар шартномада белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга оширишга интилишади.  “Манғит савдо комплекси” масъулияти чекланган жамияти зиммасидаги даромад режаси доим ортиғи билан бажарилиб келинди. Мазкур йилнинг 6 ойлиги якуни учун белгиланган 218 млн. сўмдан ортиқ бўлган режани 218 млн. 117, 4 минг сўмга ортиғи билан, яъни 100,5 фоизга уддаланди. Маҳаллий бюджет учун белгиланган112 млн. 639 минг сўм режа эса 112 млн. 900 минг сўмга, яъни 100, 2 фоизга ошириб бажарилди.

Ўтган даврлар мобайнида даромадлар ҳисобидан кириш ва ички ҳудуддаги йўлакчалар йўлак тошлари ётқизилиб текисланди. Ёғингарчилик пайтида кўлмаклар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида талаб даражасидаги канализация тармоқлари қурилди.  Чиқиндилар учун алоҳида майдонча ажратилиб, йўлакчаларга 30 тадан зиёд махсус идишлар қўйилди. Бозорнинг ташқи томонидаги йўллар ҳам таъмирланиб, тош ётқизилди ва тунги чироқлар ўрнатилди. Туман ҳокимининг қарори асосида савдо мажмуаси тасарруфидаги 300 метр кв. ер майдонида автомобиллар учун махсус тўхташ жойи ташкил этилди ҳамда пулли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиб, назорат касса машинаси, тўлов терминали билан жиҳозланди.

Савдо мажмуалари, бозорлар аҳоли турмуш фаровонлигини акс эттирувчи ўзига хос ижтимоий-иқтисодий марказ ҳисобланади. Бозорнинг ободлиги, тўкин-сочинлиги элнинг ободлигидан, тўқлигидан нишона. Юрт кўрки бўлган бозорларимизда хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши даромад ва тушумлар кўпайишига,  иқтисодиёт янада ўсишига олиб келади. 

О.Худойберганова.

 

Янгиликни бўлишинг: