"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

Одам савдоси — инсон эркинлигига таҳдиддир

Одам савдоси инсоният тараққиётига хавф солаётган трансмиллий жиноят турларидан бири ҳисобланади. Бу иллатга қарши курашиш мақсадида давлатлараро ҳамкорликни кучайтирган ҳолда қарши кураш олиб борилаётганига қарамасдан ўтган давр мобайнида миллионлаб одамлар унинг қурбони бўлди.

 Халқаро ҳуқуқ нормалари асосида  2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликасининг Қонуни қабул қилинди. Одам савдосига қарши курашиш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 2008 йил 8 июлда “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 911-сонли Қарори қабул қилинди.

Шунга кўра одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар тузилди. Одам савдоси жабрдийдаларини қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, одам савдоси жабрдийдаларига кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳам йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 2 июндаги 117-сонли «Ўзбекистон Pеспубликаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида »ги Қарори асосида одам савдоси жабрдийдаси ҳисобланган Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролари шахсини аниқлаш билан боғлиқ бўлган ва Ўзбекистон Pеспубликасига қайтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда консуллик тўловлари ва бошқа тўловлардан озод этилди.

Бундан ташқари, одам савдоси масаласи бўйича фуқароларнинг ноқонуний йўллар билан чет мамлакатларга ишлаш учун кетишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Pеспубликаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига қарашли Ташқи меҳнат миграцияси ташкил этилди. Агентлик Ўзбекистон Pеспубликаси фуқароларининг чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳукуқини рўёбга чиқаришда кўмаклашади. Хорижий иш берувчилар билан меҳнат шартномалари тузишнинг хуқуқий жихатлари тўғрисида хабардор қилишига, уларнинг малака оширишига ва чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини белгиланган тартибда таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

2008 йил 16 сентябрда   “Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан  Жиноят кодексининг 135-моддаси янги таҳрирда баён қилинди. Унда ҳам одам савдоси, одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш каби жиноятларни амалга оширганлик бўйича қатъий чоралар белгиланди. Халқаро қонунчилик ва Ўзбекистон Pеспубликаси миллий қонунчилигида одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ҳимоясини таъминлаш белгилаб қўйилган.

Асримизнинг жиддий муаммосига айланган ушбу иллат халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этади. Одам савдосига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашилиб, ўзаро ҳамкорликда олиб борилсагина яхши самара беради.

Жамшид Бекимбетов, туман Адлия бўлими   
бош маслаҳатчиси.

Янгиликни бўлишинг: