"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

Туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож 7 та оила Касаба уюшмалари Федерацияси кўмагида уй-жойга эга бўлди

Меҳр-оқибат халқимизга хос эзгу фазилат. Айниқса, ўзгалар кўмагига зарурати бор инсонлардан эл-юрт асло меҳрини дариғ тутмайди. Имкон борича ёрдам қўлини чўзиб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.  

Бундай эзгу амаллар инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қадим қадриятлар сифатида давом этиб келмоқда. Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятда инсонларни ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховатга ундаш борасида амалга оширилаётган хайрли ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам фаол иштироки таъминланмоқда.

Президентимизнинг 2017 йилдаги "Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3268-сонли Қарори ижроси юзасидан республикамизнинг барча ҳудудлари, туманларида  кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жойга муҳтож оилалар аниқланди. Мазкур тоифадаги оилалар рўйхати маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон  Pеспубликаси Жўқорғи Кенгаши томонидан тасдиқланди ва 2017-2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастур ишлаб чиқилди.

Туман ҳудудида ҳам дастурга кўра аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг яшаш, маиший шароитлари ҳамда боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган шахслар ва уларни парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларнинг аҳволи маҳаллалар кесимида уйма-уй юрилиб, ўрганиб чиқилди. Шу асосда ўтган йиллар давомида кам таъминланган 35 та оиланинг уйларини таъмирлашга кўмаклашилди, муҳтожлиги бўлган 111 та оила эса маиший техника буюмлари билан таъминланди. Тиббий ёрдам зарур бўлган 6 нафар эҳтиёжмандга 4 млн. сўмлик дори-дармонлар олишига ёрдамлашилди.

Мазкур йилда эса дастурга мувофиқ, туманда ўрганишлар натижасида аниқланган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва муҳтож оилаларни уй-жой билан таъминлаш ишлари режалаштирилган эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган 609,9 млн. маблағ эвазига ана шундай 7 та оила уй-жой билан таъминланди.  

 Ногиронлиги сабабдан уй қуришга имкони бўлмаётган Дўрман овулида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Pажаббой Абдуллаевга Бўзсолма маҳалласидан уй сотиб олиб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган Бўстон маҳалласида яшовчи Меҳрибон Бегмонова Ойбек номли маҳалладан ҳамда  Навоий номли маҳаллада яшовчи Олимбой Собиров Янгиобод маҳалласидан сотиб олинган уйларга ўз оилалари билан кўчиб ўтишди.

Ўз уйи бўлмаганлигидан Гулзор маҳалласида ижарада яшаб келган Зайнаб Жуматова Беруний номли маҳалладан, Дўстлик маҳалласида ижарада яшаб келган  Умида Матниёзова “Қиличбой” кўчасидан, Фаровон маҳалласида ижарада яшаб келган Хуршида Худойберганова “Қиличбой” кўчасидан,  Бойовул маҳалласида ижарада яшаб келган Қанигул Бегмонова эса “Жумуртау” кўчасидан сотиб олинган уй-жойларга эга бўлишди.  

  Ҳозирги кунда барча оилалар янги сотиб олиб берилган уйларда яшашмоқда. Ўзларига кўрсатилган бундай ғамхўрликлардан чексиз мамнун бўлиб, янгидан ҳаёт бошлашди.

Президентимиз ташаббуслари билан мамлакат миқёсида аҳолининг  ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига қаратилаётган юксак эътибордан чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар баҳраманд бўлмоқдалар. Тумандаги Касаба уюшмалари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда ва берилаётган амалий ёрдамларнинг қишлоқ ва овуллардаги эҳтиёжманд оилаларга манзилли етказилишини таъминламоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бу аҳоли қатламининг эртага эмас, бугун яхши яшашни таъминлаш, ижтимоий-маиший турмуш шароитлари сифатини ошириш борасида арзирли ишлар амалга оширмоқда.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, халқимиз турмуши фаровонлигини ошириш мақсадида йўлга қўйилган бундай эзгу ишлардан туманимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва давлатимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этишмоқда.

У.Абдураҳмонов,
Таълим, фан ва маданият ходимлари  
касаба  уюшмаси туман Кенгаши раиси.

Янгиликни бўлишинг: