"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

Шавкатли шоҳ, хассос шоир

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бу сиймо номини тилга олар эканмиз, кўз олдимизда шавкатли шоҳ ва хассос шоир сиймоси гавдаланади.  Бобурнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш орқали унинг шахсий фазилатлари ҳақида янада кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш ҳамда ана шу тасаввур орқали фақат юртимизда эмас, балки бутун дунёда кам учрайдиган шахснинг инсонийлик хусусиятларини авлодларга етказиб, уларга Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдириш ҳар бир зиёлининг бурчидир.

Бобур болалик давридан ўша вақтдаги тож-тахт курашлари гирдобида қолади. Неча марталаб ажал чангалига  тушишга оз қолиб, тақдир мўъжизалари сабабли омон қолади. Ўзининг ота ва она тарафдан қариндош бўлган тахт талаб амаки ва тоғалари қувғинига учрайди.

Ўзининг киндик қони тўкилган Андижонга ҳам укаси Жаҳонгир Мирзо киритмай, унинг саргардон юришига сабаб бўлади.

Ёш бўлишига қарамай ўзининг мустаҳкам иродаси, ақл-заковати билан қийин вазиятлардан чиқа олишга, шу билан бирга ижод қилишга, улуғ инсоний тажриба ва беқиёс фазилатлар билан йўғрилган китоби - "Бобурнома”ни  ёзишга имкон топади. Шунинг учун ҳам у авлодлар назарида бу нодир дурдонани яратган буюк истеъдод соҳиби сифатида гавдаланади.

Бобур, замондошларининг гувоҳлик беришича, ўз даврининг пешқадам мутафаккири сифатида хурофотдан, тараққиёт йўлига ғов ташлайдиган турли бидъатлардан йироқ бўлган. Шу билан бирга у қалбида ҳамиша илоҳий нур сочиб турган бир зот бўлган. Ана шу қудратга ишонч, уни тан олиш, унинг ҳукми ва адолатига бўйсуниш, унинг қасосидан ҳайиқиш - буларнинг барчаси буюк жаҳонгирнинг ҳар бир қадамини қаттиқ тафтиш остига олиб кузатиб борган, уни ўринсиз хунрезликлар, шариат аҳкомлари ва даврнинг аҳлоқий қоидаларини бузишдан сақлаб келган. Шу маънода "Бобурнома” да акс этган адолат тушунчаси, адолат туйғуси ғоят эътиборлидир. Бу туйғу эса юқорида айтиб ўтганимиз ўша илоҳий қудрат билан боғлиқ бўлиб, ундан маънавий озиқ олади.

Маълумки, Бобур ўз қўшини ўртасида жуда қаттиқ тартиб-интизом ўрнатган. Халққа ноҳақ зулм қиладиган, талончилик билан шуғулланадиган навкарларга, аскарбошиларга унинг нафрати ниҳоятда чексиз бўлган. Бобурнинг нуқтаи назарича, бундай манфур кимсалар муқаррар равишда лаънатга сазовор бўлиб, қасосга учраши шубҳасиздир.

"Бу юрттин кўчиб, Қаробоғ ёнидаги Оқсарой ўлангига тушулди, - деб саргузаштларидан бирини ҳикоя қилади Бобур. - Хисравшоҳнинг эли - куни зулм ва бесарлиққа ўрганган эл, элга зулм қила бошладилар. Охири Сайидим Али Дарбоннинг бир ўбдон навкари бировнинг бир кўза ёғини тортиб олғон учун эшикка келтуруб таёқлаттим, таёқ остида - ўқ жони чиқди. Эл бу сиёсатдан тамом босилдилар”.

Ёки бошқа бир ўринда - Ём навоҳисида бўлган чоғда рўй берган воқеани сўйлаб, бу кентда аҳолидан зўрлик билан талаб олинган мол-мулкни тонгга қадар эга-эгасига қайтариб беришни аскарларига қатъий суратда амр қилади. "Эртасига, - деб хотирлайди у, - черик қўлида игна синиғию ип учигача қолмади - барини элга қайтариб берилди”. Донишманд салтанат соҳиби Бобур ҳижрий 932 йили махсус фармон чиқарди. Бу фармонга биноан кишилардан, шаҳар ва қишлоқлар, кўча ва гузарлардан олинадиган солиқ - тамға пули бекор қилинади. Назмий йўсинда битилган, иқтисодий муаммолар таҳлилига бағишланган рисоласи "Мубаййин” да эса у мулкдор гуруҳларнинг бева-бечора, қашшоқ-нотавонларга доимий равишда кўмак бериб туришларини амр қилган. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу билан Бобур мазкур буйруққа қонун тусини берган экан.

Бобур Ҳиндистонда ҳам адолатли ҳукм юргизишга эришди. Дин-мазҳаб жанжалларининг олдини олишга, мамлакатда осойишталикни ўрнатишга ҳаракат қилди. Адолатли қонунлар чиқарди, ғайридинлик солиғи (жузъя) ни бекор қилди, ўлган эр билан тирик хотинини бирга ёқишни тақиқлади. Мамлакатда ободончилик ишларини йўлга қўйди.

Бобур халқимизнинг ҳар томонлама етук, беқиёс истеъдодли фарзанди эди. У ғоятда нотинч, кўпинча саргардонликда, ҳеч кимдан кўмак ололмай юрган пайтларида ҳам тушкунликка тушмай, зўр салоҳияти туфайли ўз умрини сермазмун қила олди. Унинг ҳаёти фақат жанглар билан эмас, балки илҳомий онлар билан ҳам тўла эди. Бобур умр бўйи ажойиб шеърлар ёзди, девон тартиб қилди. "Мубаййин ал-закот” асаридан ташқари 1523 - 1525 йилларда аруз вазни ҳақида "Мухтасар” рисоласини ёзди. Унинг "Ҳарб иши” ва "Мусиқа илми” номли асарлари ҳозиргача топилмаган. У таржима билан ҳам шуғулланиб Хўжа Аҳрорнинг "Волидия” асарини шеърий йўл билан таржима қилган. "Бобурнома” асари эса фақат ўзбек адабиётининггина эмас, балки жаҳон адабиётининг ҳам нодир намуналаридан саналади. Умр бўйи кўрган-кечирганлари баён қилинган бу мемуар асар тарих, этнография, география, тилшунослик, адабиётшунослик ва бошқа фанлар учун ғоят муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Бобур ўзбек ва форс тилларида ижод қилган зуллисонайн шоирдир. У она тилида ёзилган шеърларини тўплаб 1519 йилда Кобулда, 1528 йилда Ҳиндистонда девонлар тузган. Кобул девони ҳозиргача топилган эмас. Сақланиб қолган шеърларининг 119 таси ғазал, 231 таси рубоийдан иборат, шунингдек, туюқ, фард, маснавий, қитъа, муаммо каби жанр намуналари ҳам бор. Девоннинг катта қисми ғазаллардан иборат бўлиб, уларнинг айримлари ҳасби ҳол хусусиятига эга ва шоир ҳаётининг муайян ҳолатига боғланади.

Бобурнинг ғазалларини ўқиб унинг ҳаётни ниҳоятда севишига, унинг ҳар дақиқасини қадрлашига гувоҳ бўласиз. Шунинг учун у ниҳоятда қийин аҳволларда қолганида ҳам тушкунликка берилмай яшашга интилди, изланишдан тўхтамади, ижодда давом этди. Бобур ижодида ҳаётга қайноқ меҳр ифодаланган жўшқин ғазаллар ҳам, афсус-надомат акс этган шеърлар ҳам бор. Бу қарама-қаршиликни эса шеърларнинг самимий туйғуларни ифодалаши бирлаштириб туради.

Бобурнинг инсонпарварлик фазилатларидан бири сифатида шуни кўрсатишимиз муҳимки, у ўзининг катта куч-қудратга эга бўлган салтанатининг воситаси билан буюк армони - Самарқанду Андижон орзусини амалга оширишга уринмади. Чунки киндик қони томган юртларни эслаган чоғи юраги тутдек тўкилиб кетадиган жаннатмонанд вилоятларда қон тўкишни, ота боболарининг муқаддас мозорларининг фил туёқлари остида топталишини истамади.

Салтанат соҳиблари ҳамма вақт ҳам хавф остида яшайдилар. Бобур 1526 йилда Иброҳим Лўдийнинг онаси малика Байда томонидан заҳарланиб, тасодиф туфайли омон қолади. Лекин соғлиги ёмонлашиб, 1530 йилнинг 26 декабрида Аграда вафот этади ва ўз васиятига кўра Кобул шаҳрида дафн қилинади.

Бобур авлодлар назарида доимо ҳар қандай шароитда ҳам иймон бутунлигига, руҳиятининг баркамоллигига, қалбидаги дилбар ҳисларига доғ туширмай яшаган инсон сифатида гавдаланади. Унинг бой ички дунёси гўзал ташбеҳлар орқали, юксак бадиий шаклларда ифодаланган шеърлари ҳамиша адабиёт ихлосмандлари томонидан чанқоқлик билан ўқилади. Шоирнинг "Сўзимни ўқиб англагайсан ўзимни” деган сатрлари келажак авлодларни ўз асарларида талқин қилинган Ватанга муҳаббат туйғулари соҳиби ва инсониятнинг эзгу орзу-умидларининг муносиб давомчилари бўлишга ундайверади.               


Аҳмад Нафасов,

фахрий муаллим.

Янгиликни бўлишинг: