"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ЭНДИ ЁМОН ДАДА БЎЛМАНГ, ДАДАЖОН!

(Кичик ҳикоя)

Комилжон мансаб пилла-пояларидан тез кўтарилди. Унинг бошқалардай “зар”и ҳам, “зўр”и ҳам йўқ, нимагаки эришган бўлса, бари ўзининг ҳалол меҳнати, интилишлари туфайли эди.

Унинг топиш-тутиши рўзғорини обод этишга бемалол етар, шунинг учун аёлининг ишлашига қарши бўлиб, болалари тарбияси билан машғул қилиб қўйганди. Чунки у деярли ҳар куни ишдан кеч, ҳориб-чарчаб, асаблари қақшаб келарди. Табиийки, бундай вақтларда икки қизи, энди қадам босиб келаётган ўғли шовқин-суронига рўй-хуш бермас, бағрига олиб улар билан ўйнашга ҳоли бўлмасди. Унинг бир зардаси билан учови ҳам жимиб қоларди.

Pамазон ойи кунларидан бирида Комилжон одатдагидан эртароқ қайтиб, ифторликка чақирган қўшнисиникига чиқди. Йиғилганлар таомланиб бўлишгач, берган ризқ-насибаси учун Яратганга шукрона айтиб, фотиҳа ўқилди, чой ичиб, у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб ўтиришди. Суҳбат мавзуи турлича эди.

Комилжон ҳар йили рамазон ойида гарчи рўза тутиб, ифторлик беришни, хайр-эҳсон қилиб туришни канда қилмаса ҳам, бундай тадбирларда деярли иштирок этолмас, кўп вақти ишхонада ўтар, қолаверса, кўпчилик билан ўтиришни ўзи ҳам кўп хушлайвермас, вақтини қизғанарди. Бироқ, бугун у негадир кўнгли тортиб келди, даврадошларининг гоҳ рамазон ойи хосиятлари, гоҳ савоб ва гуноҳ амаллар, гоҳ чор-атрофдаги ҳаёт ҳақидаги суҳбатларини тинглаб, бу борада ўзининг тасаввури жуда саёз эканини, нега бу ҳақда авваллари ўқимай, бундай давраларга келмай, оми бўлиб юрганига ҳайрон бўлди. Энди билса, ифторлик ҳам бир сабоқ экан. Буни, ҳатто ўзи ифторлик берганида ҳам бемалол ўтира олмаганидан англамаган экан-да, ажаб!

Унинг хаёлларини ёнгинасида ўтирган отасининг тенгқури Олим аканинг сўзлари бўлди:

– Йўлда эрталаб бир аёл беш-олти яшар боласини зарда билан ёзғириб, боғчага олиб кетаяпти. Бола нимадир деб хархаша қилаяпти, онаси уни жеркиб, тезроқ юришга ундайди, боласини тинглашни ўйламайди ҳам. Кўриб, болага жоним ачиди. Ҳозир кўпчилик ёш ота-оналар болаларига эътиборсиз бўлиб кетаяпти, ўз навбатида эрта бир кун бола ҳам уларга меҳрсиз бўлиб улғайишини ўйлашмайди.

– Бировлар пул топиб, едириб, яхши кийинтириб қўйса, болаларга шу кифоя деб ўйлайди. Аслида, фарзандга аввало меҳр керак, – гапга қўшилди ёнидаги киши.

– Оиласини таъминламай, меҳр ҳам бермайдиганлар бор, – деди яна бири.

– Ҳа, тўғри, – деди кўчабошчи оқсоқол. – Фарзандингизга яхшилик қилинг, ажру савобини мен бераман, деган марҳамати бор Яратганнинг. Буни ёшларга кўпроқ тушунтириш бизнинг ишимизда, биродарлар.

Суҳбат давом этарди. Бироқ энди Комилжон деярли ҳеч нарса эшитмас, эшитганларини ҳам англамас, кўз ўнгига ўз оиласи, ишдан келган пайтларида қўрққанидан ярим овозда сўзлашадиган қизлари, унинг тинчини бузиб қўйишдан чўчиб, оёқ учида юрадиган, гапини ўйлаб, унинг авзойига қараб гапирадиган аёли келди. Яқин орада бирон фарзандини бағрига босиб эркаламаганини, меҳрини изҳор этмаганини, аёли билан ҳам дилдан суҳбатлашмаганини эслади. Итоаткор аёли эса доим унинг кўнглига қараб, болаларига дадаси ишдан чарчаб келганини, шовқин қилмай ўтиришини тайинлайди, ҳатто дастурхон ёзган вақтида ҳам эрини безовта қилмаслик учун кичкинасини бир қўлида кўтариб юради. Комилжон эса...

Шундай вақтларда ҳеч бўлмаса, унинг қўлидаги болани олиб турай, ҳам демабди. Шунчалар тошбағирмидинг-а?! Фақат рўзғорингни тўкис қилишмиди, сенинг вазифанг?

У уйига кириб келганида катта қизи хонасида расм чизиб ўтирар, кичкиналари ухлаб қолишганди. Дадасининг кўзини узмай ўзига қараб турганига “нега ухламадинг”, деб койимоқчими, деган хавотирда Лола бошини қоғоз устига яна ҳам эгди. Ногаҳон дадасининг:

– Нима ясаяпти, менинг қизим, – дея ёнига келиб ўтирганига ажабланиб, бошини кўтариб қаради. Қаради-ю, унинг кўзлари меҳрдан порлаб, жилмайиб турганини кўрди.

– Ия, мушук расми-ку. Ўзимизнинг мушугимизни чиздингми, Лола? Кел, сенга кўмаклашаман.

У қизининг қалам тутган қўлини ўз қўли билан ҳаракатлантира бошлади.

– Мана бундай, жунлари ҳурпайиб туради, жаҳлдорда мушугимиз, мана шундай...

Қоғоздаги мушук тимсоли тобора сайқалланаётган бўлса-да, Лоланинг нигоҳлари дадасида эди, бу машғулот унга жуда ёқаётган, ҳатто яна неча-неча мушуклар расмини чизишга тайёр эди.

– Ана бўлди, қизим. Pасминг жуда чиройли чиқибдими-а? – Комилжон расмни обдон томоша қилди. Кейин нималар биландир машғул бўлиб юрган аёли-ни чақирди:

– Буёққа қара онаси, бир нарса кўрсатамиз.

Лола дадасининг шивирлаб айтганига кўра, чизган расмини орқасига яшириб турди.

– Ҳа, нимайди, – қизининг хонасига кириб келган Муниса юзларида табассум ўйнаб турган ота-қизни кўриб ҳайрон бўлди:

– Нима кўрсатасизлар?

– Pасм! Мушугимизнинг расми!

Муниса ҳам кутилмаган вазиятдан, ҳам болаларга хос тасаввур моҳирлик билан ифода этилган расмдан ҳайратга тушди.

– Ўзинг чиздингми, қизим?

– Ҳа, ўзи чизди, мен кўмаклашганим йўқ, бир ўзи чизди, – деди айёрона кулиб Комилжон. Кейин ўрнидан туриб қизини даст кўтариб, тепага ирғитди. – Менинг қизим, шундай зўр қизда, зўр қиз!

Қизалоқ отаси ҳар тепага отганида қийқириб кулар, энтикиб кетган бўлса-да, юзларида қувонч порларди.

Наҳот болаларни бахтиёр қилиш учун ҳалиги амаки айтганларидай, озгинагина эътибор кифоя қилса? Комилжон шундай ўйлар оғушида қизини бағрига қаттиқ босди. Шунда... шунда... ўзи ҳам кутмаган, қандайдир бир роҳатбахш туйғуни вужуд-вужудидан ҳис этди. Бу ота меҳридан яйраган норасида кўнгил қувончи акс-садосими, ё ифторликдаги отахонлар гурунгидан олган сабоғи шарофати – ўз оталик бурчини англаш бахтими – ўзи ҳам билолмади. Унинг хаёлини қизалоғининг ялинчоқ овоздаги илтижоси бузди:

– Энди ёмон дада бўлманг, дадажон, хўпми? Мен сизнинг яхши дада бўлишингизни хоҳлайман!

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: