"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Жайхун илҳомлари

Азиз карвоним

Йўлга отланибди минг йиллик карвон,

Ошиб ўтган мана неча чўл, довон.

Сарбон бор қўлида эзгулик туғи,

Мақсад бор, сўзи бир – қиличнинг тиғи.

Бепоён даштларда, ҳаттоки чўлда,

Карвон кетиб борар, бир равон йўлда.

Кимлар ҳавас билан боқар узоқдан,

Оллоҳим асрасин хавфдан, тузоқдан.

Бу карвон ичида ҳаёт қайнайди,

Инсонлар аҳилдир, кўзлар чақнайди.

Босилган излардан унаркан гуллар,

Қуёшнинг тафтидан яйрар кўнгиллар.

Йўлинг равон бўлсин, азиз карвоним,

Ҳаётинг бардавом бўлсин, Сарбоним!

Олдинда бахтиёр манзиллар кутар,

Кўзланган манзиллар бахт сари элтар!

Алишер Аҳмедов.

ОНАМ

Ҳаёт синовларига бeролмай бардош,

Қалам-у қоғозга бўлсам-у сирдош.

Онажоним бўлар мeнга елкадош,

Қуёшим, офтобим, мeҳрибон онам.

Кўзларимга инганида нам,

Ёмонлар гаплари қиларкан алам.

Шундай пайтда юпатар онам,

Бошимда парвонам, сарбоним онам.

Мeҳри дарёларга сиғмаган онам,

Бахтли, тахтли бўлсин дeр, болам.

Ватаним корига ярасам агар

Фахр-у ифтихорга тўларди онам!

Дилноза СОБИPОВА.

 

МЕН ОPЗУ ҚИЛАМАН

Мен орзу қиламан ҳаётда бахтни,

Орзулар орзуга уланиб кетар.

Баъзида тилаклар айланиб ростга,

Тушдек кўнглим мақсадга етар.

Ҳаёт, бу – уммондир, охири йўқдир,

Орзулар ўхшайди гўё балиққа.

Балиқчи мисоли сузар, одамзод,

Орзуларин овлаб чиқар қирғоққа.

Орзу ҳам куч бермас, қўлда турмайди,

Инсон эртасини асло билмайди.

Олдида тўфонми, дўл борми, билмас,

Уммонда тўлқинлар асло тинмайди.

Мен орзу қиламан ўша уммонда,

Балиқчи мисоли балиқ овласам.

Аллоҳимнинг ўзи куч-қувват берса,

Орзулар кетидан тинмай қувласам.

Севара СИДАБУЛЛАЕВА.

 

ДАВЛАТИМСИЗ, ОТАЖОН!

Пойингизни кўзга сурай, отажон,

Номингизни оқлаб юрай ҳар қачон.

Сиз истаган инсон бўлиб ҳаётда,

Доим эзгу ишлар қилай, отажон!

Сиз борсизки, биз бормиз бу дунёда,

Борлигингиз ҳар нарсадан зиёда.

Ҳар нафасда ҳурлик ҳиссин туяман,

Балиқ эркин сузганидек дарёда.

Ота, десам қалбим тўлар ғурурга,

Юрак-бағрим тўлиб кетар фахрга.

Талпинаман ҳамон отам бағрига,

Лол қоламан ё Pаббим, бу меҳрга.

Отасини улуғлаган ҳар инсон,

Эл ичида қадр топган ҳар замон.

Аллоҳ ўзи эъзозлаган бу зотлар,

Дуо қилса, дуоси асрар жаҳон.

Кўзларингиз нури бўлай отажон,

Сўзларингиз дури бўлай, отажон.

Сиз паноҳим, энг бебаҳо давлатим,

Пойингизга гуллар тўшай ҳар замон.

Уйимизни жаннатмакон боғ қилиб,

Ҳар онимиз тароватли чоғ қилиб.

Ўстирдингиз бир ўғил, уч қизларни,

Мағрур боқинг, кўксингизни тоғ қилиб.

Шодлик куйи янграр жисм-у жонимда,

Сахий беклар қони оқар қонимда.

Бу дунёда мендан бахтли инсон йўқ,

Менинг шундай отам борлар ёнимда.

Насиба ЭШМУPОДОВА,

55-мактаб ўқитувчиси.

 

БИЗ ДУНЁГА МЕҲМОНМИЗ

Ёши бир ерга борганда инсон,

Чуқур назар солар экан ҳаётга.

Бу дунёда ҳеч бир нарса

Боқий бўлмас экан, начора.

Баъзилар мансаб курсисини

Ўзларига абадий билар.

Инсонийлик қиёфасини

Бир лаҳзада унутиб қўяр.

Баъзан кўкда ойнинг юзини

Қора булут қоплаб олгандай.

Тундлашади чеҳралари ҳам,

Кўнглидай тор дунёлари ҳам.

Аслида-чи, биргина сўздан

Тоғ бўлади инсонлар қалби.

Меҳр нури балқисин кўзда,

Қуёш порлаб тургани каби.

Абадиймас, амал ва бойлик,

Одамийлик баридан устун.

Биз меҳмонмиз, шуни билайлик,

Меҳр ила бағримиз бутун.

Инобат ОТАЖОНОВА, 38-мактаб ўқитувчиси.

 

ВАТАНПАPВАP

Ватанпарвар йигитлар,

Чегарани қўриқлар.

Тиним билмай хизматда,

Чарчамасдан юришар.

Жонин тикиб гаровга,

Она юрт деб яшашар.

Тинчлик бермайин ёвга,

Ватан учун курашар.

Санжар ОЛИМОВ, 40-мактаб ўқувчиси.

 

ЗИЁДАГА

Албатта, сен юриб кетасан,

Орзуингга бир кун етасан.

Аъло ўқиб дорулфунунда,

Шифокорлик касбин тутасан.

Умидингни узма ҳеч қачон,

Фақат олға интилавергин.

Хасталикни енгиб ўтасан,

Матонатнинг қўлидан тутгин.

Кўзингда ёш бўлмасин, асло,

Ғам чекмагин, интил ҳаётга.

Сен кучлисан, ишон Зиёда,

Орзуларинг кўчар ҳаётга.

Сардорбек КЕНЖАБОЕВ.

Янгиликни бўлишинг: