"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

АҲИЛ ВА ҲАМЖИҲАТ ОИЛА

Бахтли ва гўзал оила, фаровон ҳаёт яратиш ҳеч бир инсонга осон кечмайди. Оилавий ҳаёт гўзал бўлиши учун турмушдаги ҳамроҳларнинг бир-бирини тушуниши, мақсад сари ҳамжиҳатликда интилиши ҳам муҳим ўрин тутади ва бундай муносабатлар оила аҳиллигини, осойишталигини, мустаҳкамлигини таъминлайди.

Ҳар бир оилани алоҳида олам деб қарасак, ундаги инсонларнинг ҳар бирининг ўз дунёси бор. Ҳар бир оила ўз тартиби, қонуниятлари билан бошқаларидан фарқ қилади. Аҳилликда ҳаёт кечираётган Тўлқин овулидаги Қодирбой ака Эшмуродов ва Моможон опа Нуримбетовалар ҳам ҳеч кимникига ўхшамаган улкан оила салтанатини бунёд этишди.

Инсон ҳеч қачон ёлғизликда бахт ҳам, ҳузур-ҳаловат ҳам топа олмайди. Буни ота-онадан эрта жудо бўлган Қодирбой ака барвақт англаб етди. Синглиси билан етаклашиб, Қипчоқда яшайдиган ёлғизгина аммасининг уйига келганида у мактабни тамомлаган, Нукусдаги Йўл қурилиши техникумида таҳсил олаётган эди. Акасидан қолган ёдгорларни кўзида ёш билан қарши олган амма уларни ўз қарамоғига олди. Бирин-кетин вояга етаётган жигарларининг ўз ҳаёт йўлларини, бахтини топиб кетишларини астойдил истади ва имкони борича уларга суянч бўлишга ҳаракат қилди.

Бу пайтда қўшни қиз Моможон ҳам Нукусдаги тиббиёт билим юртида ҳамшираликка ўқиётган эди. Аммасининг мазаси қочганида уйларига келиб укол қиладиган, тез-тез хабар олиб турадиган чаққон ва эплигина қиз Қодирбойнинг назаридан четда қолмади. Бахти мана шу қиз билан боғлиқлигини ҳис қилиб, унинг кўнглига йўл топишга уринди. Орада ўқишини тугатиб, Қипчоқ касалхонасининг туғруқ бўлимида иш бошлаган Моможоннинг ёши ўтган бувисига ҳам, ота-онасига ҳам бу бамаъни йигит жуда маъқул келди. Икки томоннинг розилиги билан 1975 йилда тўй ҳам бўлиб ўтди ва ёш оила амманинг хонадонида яшай бошлади. Зиммасидаги масъулияти икки ҳисса ортган Қодирбой тумандаги Насос станциялари бошқармасига машинист бўлиб ишга жойлашди. Моможон эса Қипчоқ касалхонасининг туғруқ бўлимида ишини давом эттирди.

Қодирбой ўзи туғилиб ўсган элига қайтиш истагида Тўлқин овулига оиласи учун иморат тиклашни лозим топди. Буни аммаси ҳам, умр йўлдоши Моможон ҳам маъқуллашди ва овулнинг чекка ҳудудидан берилган ерга уй қура бошлашди. Бу даврлар Қодирбой ака ва Моможон опа учун турмушларидаги ташвишли, машаққатли даврлар бўлди. Чунки уй қурилишига кўпроқ маблағ топиш, бунинг учун эса кўпроқ ишлаш керак эди. Кетма-кет туғилган болалар ҳали кичкина, уларга қараётган Моможон опа касалхонадаги иши билан бирга дала юмушларига ҳам улгуришга ҳаракат қиларди. У эл оғзидаги “қайнонали келин қарқара келин...” деган иборанинг маъносини ўшанда тушуниб етди. Қайнонаси ҳаёт бўлганларида турмуши бошқача бўлишини ўйлаб, доим армон қилди. Қодирбой ака ҳам умри қисқа бўлган отасининг ўгит-насиҳатига муҳтож бўлган пайтларида дунёларга сиғмай кетар эди. Бири-бирига суяниб, ҳаёт йўлларида давом этган бу инсонлар муаммоларни биргаликда енгиб ўтишди. Қуриб битказишган янги уйларида шукрона айтиб, қўшалоқ – ҳам суннат, ҳам иморат тўй қилишганида эса барча ташвишларини унутишди.

Янги уйда янги ҳаёт бошлаган бу меҳнаткаш инсонлар атрофдаги ўз-лаштирилмаган ерларда боғу-роғлар яратишни исташди. Асло меҳнатдан қочишмади. Ота-оналаридан бу хислатларни ўрганиб, ўзига сингдириб улғаяётган фарзандлар ҳам уларга эргашишди. Яхши ният билан турли кўчатлар келтириб ўтқазишди ва биргаликда парваришлай бошлашди. Қисқа фурсат ичида тинимсиз меҳнат эвазига чиройли боғ яратилди. Ундан қўшимча даромад олиб, тобора катталашаётган оиласининг кам-кўстига ишлатишди. Меҳнатининг унумини кўра бошлаган Қодирбой ака Моможон опа билан маслаҳатлашиб, уйларининг атрофидаги ҳар жойида ахлат, чиқинди тўкилиб ётган, ташландиқ ерларни ҳам ўзлаштиришни, обод ва файзли гўшага айлантиришни ният қилди. Бу эзгу ниятини амалга ошириш учун тегишли жойлардан рухсат ҳам олди ва 1999 йилда “Тинмас деҳқон” фермер хўжалигини ташкил этиб, ишни бошлаб юборди. Хўжаликда асосан пахта етиштириб, бу бўйича режани биринчи йилдаёқ ортиғи билан уддалашди. Дала атрофига экиб чиқишган терак ва турли мевали дарахтлар ҳам бўй чўзиб, кўрган кўзни қувната бошлади. Бундан атроф янада кўркамлашди.

Меҳнаткашлиги билан элда обрў топган бу хонадонда тўйлар бошланди. Ўғилларини уйлантириб, келинлар туширишди, оилалари аввалгидан ҳам катталашди. Дунёга келтирган 4 ўғиллари танлаган келинларни ўз қизларидай қабул қилишди. Келинлар ҳам ота-онасидан яхши тарбия олган, турмушини мустаҳкамлаш учун ҳар қандай меҳнатга тайёр, оила аҳиллиги, ҳамжиҳатлиги учун интиладиган бўлганлигидан оз фурсат ичида оилада ўз ўрнини топиб олишди. Ўзининг қайнонасиз қийналган пайтларини унутмаган Моможон опа келинларига ҳар ишда ҳамдам бўлишга интилди. Қодирбой ака эса ўғилларининг ҳар қандай ташаббусини қўллаб-қувватлади. Унга катта ўғил Мансур укалари билан кўл қазиб, балиқчиликни йўлга қўймоқчи бўлганини айтганида фарзандларининг интилувчанлигини кўриб, қувончи кўкка етди.

Бу ишда ўғилларига кўмак беришга ҳаракат қилди ва тегишли жойлардан рухсат олишгач, зарур техникаларни топишга ёрдамлашди. Уларнинг бунёдкорлик ишларидан ва янги ташаббусларидан хабар топган ўша пайтдаги туман ҳокими Pажаббой Йўлдошев (охиратлари обод бўлсин!) ҳам имкон борича шароит яратиб берди. Қодирбой аканинг оиласи учун туман ҳокимининг эътибори, ғамхўрлиги жуда катта рағбат бўлди. Бундан руҳланиб, 1 гектарга яқин майдонда “Аму кўли” балиқчилик хўжалигини ташкил этишди. “Тинмас деҳқон” фермер хўжалигининг ерларида боғ яратиш ва сабзавот етиштиришни мўлжаллаб, алоҳида “Гулжамила”, “Ҳакимбой”, “Хуршида” номли деҳқон хўжаликларини ташкил этишди.

Бундай оилага ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Уларнинг босиб ўтган умр йўлларига қараб туриб, фаровон ва бахтларга тўла, шундай гўзал оилавий ҳаётга меҳнат, сабр ва бардош билан эришиш мумкинлигига амин бўласиз. Демак, умр йўллари бир-бирига боғланган турмушдаги ҳамроҳлар ўртасида муҳаббат билан бирга бир-бирини тушуниш, мақсад сари ҳамжиҳатликда интилиш ҳам бўлса, албатта, саодатли кунларга етади.

Озода Худойберганова,

журналист.

Янгиликни бўлишинг: