"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ОИЛАВИЙ НИЗОЛАPНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИНМИ?

Оила – сиз-у биз онадан туғилиб, кўз очиб кўрган дунёмиз, ҳайрат-у сийратимиз, “мен”имиз камол топган маскан. Одам ота, Момо ҳаводан қолган меросимиз у. Тирикликнинг юки оғир: оилага қараш, рўзғорнинг адоғи йўқ кам-у кўстларини тўлдириш, шириндан шакар фарзандлар камоли қайғусида тонгдан шомгача елиб-югурасиз, кунни қаритиб, ҳорғин ҳолатда оилангиз бағрига қайтасиз-у, чарчоғингиз зумда ёзилади, таскин топасиз. Ҳа, оила ана шундай таскинбахш макон.

Бир педагог дўстим бўларди. Ҳар гал оила ҳақида гап кетганда “9 турли ўнгишиқ бор (оилавий яшаш усули демоқчи) деб эскилар бекорга айтишмаган”дерди. Касбим тақозосига кўра ҳар куни оилаларни ўрганаман. Дўстим ҳақ, дейман ичимда. Ташқаридан қараганда барча уйлар бир-бирига ўхшаш, пардози ҳам, андози ҳам бирдек гўё. Аммо унинг ичкарисига чуқур разм солсангиз, ҳар бир оила ўзгача бир дунё. Ўз қонун-қоидалари, эътиқоди бор. Оиладаги тарбия, фарзандлар одоб-ахлоқи, ўтириш-туриши, муомала маданияти, даромад-у буромади, сарф-у харажати бир-биридан фарқланади. Биздаги аксарият қишлоқ оилалари катта оилалардан иборат. Хонадонда оила ичра оила – эр-хотин, келин-куёв, қайни, бекач, жиянлар, 10-12 нафар киши бир қозондан овқат ейишади. Орзу тилаги, дард-у муаммоси, интилиш-у изланиши, манфаат-у маслаги бир. Одатда бундай оилаларни аёллар ўта эҳтиёткорлик, чуқур ақл-у заковат, кези келганда муғомбирлиг-у айёрлик ила моҳирона бошқаришади. Майли, ҳийла ишлатсин, ёлғон гапирсин, мулозамат қилсин, муҳими, оилада оғзибирчилик, ҳамжиҳатлик бўлсин. Айтишади-ку, яхшилик йўлида қилинган ҳар бир амал савобдир, деб.

Ҳеч кимга сир эмас, кейинги вақтларда маҳаллаларда оилавий низолар сони кескин ошаётир. Турмуш қурганига 5-10 йил тўлган, ҳатто эндигина 1 йил тўлаётган оилаларда келишмовчилик, низолар учрамоқда. Сабаблари турлича: характери тўғри келмаганлик, ота-онани сийламаганлик, касаллик, ичкиликбозлик, зўравонлик, хиёнат қилиш. Оилавий низолар бўйича маҳалла йиғинига мурожаат қилаётганлар сони ошса ошаяптики, камаймаяпти. 2019 йилнинг шу кунигача овул фуқаролар йиғинида ташкил қилинган Яраштириш комиссияси, “Қайноналар Кенгаши” жамоатчилик тузилмаси, бошланғич хотин-қизлар ташкилоти фаоллари билан ҳамкорликда 6 оилани яраштиришга эришган бўлсак, 2 та оилада қонуний тарзда ажралиш бўлди. Бири бефарзандлик оқибатида бўлса, иккинчисида 1 норасида тирик етим қолди. Бунинг сабабчиси 2 йиллик турмуши давомида ҳали бири-бирини тушуниб улгурмаган, турмуш нелигини англай олмаётган ёш эр-хотингина эмас, уларнинг тепаларида турган, оқ-қорани таниган ота-оналари ҳамдир. Невараси ота меҳрига зор бўлиб улғайишида улар айбининг ўлчови борми? Қариси бор уйнинг париси бор, дейишади. Ёинки, қари билганини пари билмас балки? Бироқ ҳар бир юмушни қўрқув, ҳадик ва хавотир билан бажараётган келин хизматларини ким алқайди? Шу хонадон тутумларига кўникиб, ўрганиб кетгунича уни ким суяйди, хато қилса ким кечиради, ким ўргатади!? Албатта, бунда қайнона асосий ролни бажарувчидир.

Дилимизга оғриқ берувчи никоҳдан ажралишларнинг яна бир кўриниши – хиёнатдир. Ҳозирги кунда кўпчилик оила бошлиқлари, йигитларимиз ўз ҳаловатидан кечиб, оиласини боқиш илинжида ўзга юртларда меҳнат қилишаяпти. Баъзи ноинсоф аёллар бўлса, эрининг бир топганини ўн жойидан тугиб, фарзандларини кўз қорачиғидай асраб, тарбиялаб, ўзга юртларда мусофир бўлиб юрган эрига куч-қувват, омонлик тилаб ўтириш ўрнига, хиёнат кўчасига кириб қолишмоқда. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам билинади, дейишади. Бундай ҳодисалар қишлоқ жойларда 3 кунга қолмай билинади. Гап яна ўша ёшликда берган тарбиянинг бўшлигига бориб тақалади.

Назаримда никоҳдан ажралишлар кўпайишига ота-оналарнинг педагогик тажрибаси, маҳорати етарли бўлмаётгани ҳам сабаб бўлаяпти. “Оила Кодекси”нинг 2-моддасида “ички оилавий масалалар ўзаро келишув йўли билан амалга оширилади” дейилган жумла бор. Оила мустаҳкамлиги аввало эр-хотин, қариндош-туғишганларнинг ўзаро келишувида ҳал бўлади. Оилани зўравонлик, тазйиқ ўтказиш билан сақлаб қолиш мумкин эмас.

Демак, катта оила бекалари, бўлғуси қайноналарни ҳам ҳозирги туман ФҲДЁ бўлими қошида ташкил этилган “Ёш оила қурувчилар инновацион мактаби” сингари “Қайноналар мактаби”да ўқитиш – оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга омил бўлса ажаб эмас. Кошки, вақтлар келиб Яраштириш комиссияси аъзолари оилавий низоларни ҳал қилиш ўрнига инновацион ғоялар, тадбиркорлик, ихтиро ва тарғиботлар, намунали оилалар тарғиботчиларга айланишса.

Қалдирғочнинг уяси бузилганида қандай чирқирашини, яна қайта-қайта лой суваб, тиклашга ҳаракат қилишини кузатганмисиз?! Аллоҳ яратган жонзотлар ичида буюги бўлмиш инсонлар ҳам шундай қилиши керак. Қаерда оғзибирчилик, аҳиллик, тотувлик, меҳр-оқибат, вафо-садоқат устунлик қилса, ўша оила пойдевори мустаҳкам бўлади.

Зиёда САДАДДИНОВА,

“Оқ олтин” ОФЙ мутахассиси.

Янгиликни бўлишинг: