"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

МЕҲP БЕPИБ, МЕҲP КЎPМАГАН ОНА

(Бўлган воқеа)

Эшикка қараб ётаверишдан Қумри холанинг тоқати-тоқ бўлди...

Ёзнинг ўртаси бўлса ҳам кечаси билан тинмай ёмғир ёғди. Деразага ёмғир томчиларининг чирсиллиб урилиши худди мусиқа товушлари каби ёқимли эди.

У ташқарига чиқиб, ёмғир ёғишини кузатгиси келди. Аммо тақдир ҳукми, Қумри хола бир неча йилдан бери тўшакка михланган. Ёмғир томчиларига ўхшаб, унинг кўз ёшлари дув-дув тўкилди.

У болаларини жуда соғинганди. Кўз олдига ёшлиги, забардаст эркаклардек куч-қувватга тўлган, суқсурдай эпчил-чаққон юришлари келаверди. Ўзининг ҳолига ўзи ачинди.

– Қаерда адашдим, қаерда хато қилдим? Ҳамма оғирликни елкамга олавериб, болаларимни талтайтириб юбордимми? Нега фарзандларим бемеҳр, нега?

Хола йиғлай-йиғлай овози чиқмай қолди. Ёз иссиғидан бўғриқиб йўтал тутар, нафас олиши қийинлашиб, оғзини катта очар эди...

Зумрад бугун тушликни эртароқ тайёрлади. Уй-рўзғор ташвишлари билан бўлиб уч кундирки, Қумри холаникига аҳволини сўраб чиқолмаяпти. Қўшнилари бир-бирига меҳрли, тез-тез Қумри холаникига чиқиб туришади. Зумрад бир коса овқат олиб холаникига чиқди.

– Зумрад... Зумрад..., – хола Зумрадни кўриб йиғлади, – мана шу оёқларим юрмаяпти.

Зумрад холанинг аҳволи оғирлашиб қолганлигини билмаган эди.

– Холажон, албатта, юради. Бугун бўлмаса, эртага юради. – Зумрад холани қучоқлаб, тинчлантиришга уринди. Унинг саналиб қолган қовур-ғалари-ю, бўртиб чиққан елка суякларини силаётиб, Зумрад бирдан сесканиб кетди. “Бунча озғин бечора, фақат суяк бўлиб қолибди-я! Фарзандларига хабар бериш керакмикан?” – деб ўйлади.

Уй ҳам анчадан бери тозаланмаганлигидан шифтларга ўргимчаклар ин қуриб ташлаган, дераза бурчакларини ҳам эгаллаб олган эди. Холанинг юз-қўлларини ювдириб, олдига овқатини қўяркан:

– Сиз бемалол овқатлана-веринг, мен хоналарни тозалаб чиқаман, – деди.

Зумрад енг шимариб уй тозалашга киришиб кетди. Бир пасда ҳамма ёқни чиннидек қилиб бўлганидан кейин холанинг яқин қариндошларини хабардор қилишга қарор қилди.

Қумри холанинг ёлғиз ўғли ва қизи Pоссия давлатига ишлагани кетганига анча бўлди. Ўғлини кузатиб қолганида соғлиги жуда яхши эди. Вақтида даволанмаганлигидан касаллик зўрайди ва тўшакда ётиб қолди... Узоқ қариндошлари ҳам Зумрад огоҳлантирганлиги учун Қумри холаникида яшай бошлашди.

Жазирама иссиқ танани куйдиради. Тирик жон борки, ўзини соя-салқин ерга уради. Ана шундай жазирама, саратон кунларининг бирида Қумри хола вафот этди. Бир зумда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар йиғилдилар. Жанозага келган одамлар жуда кўп бўлди. Улар Қумри хола ҳаётда орттирган қадрдонлари эди. Маҳалла аҳли Қумри холани сўнгги манзилга кузатдилар. Тобут ердан кўтарилди. Аммо, аммо... тобут ортида “онажон!” деб уввос солиб йиғлайдиган на ўғил, на қиз фарзанди бўлмади шу куни. Тобутга қўни-қўшнилар елкаларини навбатма-навбат тутдилар... Бемеҳр ўғил билан қиз учинчи куни етиб келишди ва шундай афсус-надомат билан йиғлашдики, уларни кўрганларнинг бири ачинса, бошқа бири:

– Онани хўрлаганнинг юзи қора, сизлар онангизнинг дуосини олмадингиз, розилигини эшитмадингиз, дийдорига тўймадингиз, энг сўнгги манзилга кузатиб, фарзандлик бурчингизни адо қилмадингиз, бу бизнинг мусулмончилигимизга тўғри келмайдиган иш, – дея бемеҳр фарзандлардан норози бўлди.

Қизи эса онасининг қабрига қимматбаҳо мармар ўрнатишини айтиб йиғлаганида Зумрад титраб кетди:

– Онангнинг қабрини олтинга кўмсанг ҳам, унинг олдидаги қарзингдан қутулолмайсан, кўз ёшларингга эл-юрт ишонади, деб ўйлайсанми? – деди жаҳл билан.

Одамлар тарқалишди. Ёлғиз яшаса-да, ҳовли-жойини обод қилиб, маҳаллага меҳр бериб ўтган, маҳалладошларидан меҳр кўрган Қумри хола билан боғлиқ хотиралар одамлар билан бирга кетгандай, ҳовли ҳам ҳувиллаб қолди.

Зуҳра АҲМЕДОВА.

Янгиликни бўлишинг: