"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

АЁЛ САОДАТИ

“Чироқ олиб юриб, бошқаларнинг йўлини ёритган одамнинг ўзи ҳам шу ёруғликда яққол кўринади”. Файласуфнинг ушбу фикрлари менинг назаримда умр бўйи ёш авлод қалбига зиё таратиб, касбидан обрў-эътибор қозонган, шогирдлари камоли туфайли эъзоз топган инсонлар шаънига айтилгандай.

Ҳа, ўқитувчилик шундай касбки, болаларни илм дунёси сари етаклаб, ҳарф ўргатган, оқ-қорани танитган инсонларнинг машаққатли меҳнатлари самараси ўқитган ўқувчилари камолида акс этади, уларнинг ҳар бир эришган ютуқлари тимсолида устозлари шаъни юксалаверади.

Эҳтимол, шунинг учундир, пенсияга чиққанига 30 йилдан ошсада, Манғит шаҳрининг Бойовул маҳалласида истиқомат қилувчи таълим фахрийси Валентина Петровна Кузнецовани таълим берган ўқувчилари ҳозиргача йўқлаб туришлари, яхши кунларида қўнғироқ қилиб қутлаб қўйишлари?

Валентина Петровна Кузнецова! 85 ёшлик нуроний, илиқ чеҳрали бу онахонни шундай аташ, менимча бироз ноқулайдек. Боиси, у аслида собиқ СССPга қарашли Мордова АССPда туғилиб, вояга етган бўлса-да, аллақачонлар ҳақиқий манғитлик бўлиб, шу ерда томир отган – она, қайнона, қуда, чеча, келин, момо, эна. Маҳалладошлари унга Валя опа, Валя момо дея мурожаат қилишади. Онахоннинг тақдиридан бехабар одам унинг ўзини тутишидан, муомаласидан асл шу ер фарзанди, деб ўйлайди.

1952 йил Валентина айни 18 ёшга тўлган гулгун қиз бўлган, Ичальовск туманидаги педагогика билим юртини тугатиб, қўлига муаллимлик дипломини олган вақтида уни йўлланма билан Хоразм вилоятига, бошланғич синф ўқитувчиси қилиб ишга жўнатишади. Хоразм вилояти халқ маорифи бўлими йўлланмаси билан эса аввал Гурлан туманидаги Каганович номли 7 йиллик мактабга рус тили ўқитувчиси қилиб тайинланади. 1956 йилдан Манғитдаги Стрелков номли (ҳозирги 1-сонли) мактабда бошланғич синф ўқитувчиси, 1957 йилдан эса ҳозирги 30-сонли мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлайди.

Ҳаётда ҳақиқий бир дўстни топиш катта ютуқ, икки дўстни топиш – жуда ҳам катта ютуқ, учта дўстни топиш мушкул, дейишади.

Тақдирнинг инъомини қарангки, Валентина Манғитга келиб бир, икки эмас, балки, кўплаб ҳақиқий дўст топди, наинки дўст – умрлик ҳамроҳини ҳам топди. Унинг 1956 йилда манғитлик Исмоил Камолов билан тақдири боғланди, уч ўғил, икки нафар қизнинг онаси, ҳам қаттиққўл, ҳам адолатли ва меҳрли, оддий сўзларни ҳам мақолматаллар билан безаб гапирадиган, сўзга чечан Ўрозгул момога ўртанча келин бўлган рус қизи янги оилада эсанкираб қолмади. Ўрозгул момо қайнонагина эмас, болалигида онасидан эрта айрилиб, меҳрга ташна бўлиб ўсган қизга ўз онасидай суянчиқ бўлди.

Билмаганларини ўргатди, ўзи борган давраларга эргаштириб бориб, миллий урф-одатларимиз, ўз менталитетимизга хос анъаналар билан таништирди, кўп ўтмай ҳақиқий манғитлик келинга айланди. Ўрозгул момо унинг икки фарзандли вақтида Нукус Давлат педагогика институтида сиртдан ўқиб, олий маълумотли педагог бўлишига ҳам сабабчи бўлди.

– Қайнонам раҳматлик мени ўзга миллат вакили сифатида қараганларга “шу ўрис келинимни юз ўзбек келинга алишмайман”, дердилар, – дейди Валентина Петровна.

Ҳа, кўпни кўрган, Манғитнинг кайвони онахонларидан бири Ўрозгул момо рус келинини ўз қизидай суйиб, кўнглига яқин олгани, бирон марта овозини кўтариб дашном бермагани, икки ўзбек келини бўла туриб, шу ўрис келинни қўлида олиб қолиб, ҳаётининг сўнгги лаҳзаларигача уни дуо қилиб яшагани кўпчиликка маълум. Албатта, бундай ҳурмат, эътиборни қозонишнинг ўзи бўлмайди. Манғитлик келин бўлишни қойиллатиб, батартиб хонадоннинг уй юмушларини рисоладагидай адо этган муаллима келиннинг меҳнат жамоасида ҳам ўрни алоҳида эди.

Оиладаги қўллаб-қувватлаш боис, Валентина Петровна мактабда жон-жаҳди билан, бутун иқтидорини сарфлаб ишлади. Натижада аввал мактабда директор ўринбосари, 1971 йилдан 1989 йилгача эса директор бўлиб ишлади. 1989 йилдан бери нафақада.

Онахон 85 ёшни қоралаб қўйган бўлса-да, кексайдим, деб қўлини қовуштириб ўтирмайди. Ҳар куни саҳарлаб томорқасини айланади, молига, товуқларига емиш ташлайди, томорқада қилиниши керак бўлган ишларни режалаштиради ва болаларига айтади, йўл-йўриқ беради, рус миллий таомларини пишириб ҳам туради.

Онахоннинг ҳозир тўнғич қизи (жойлари жаннатдан бўлсин!), уч нафар ўғилларидан 15 нафар невараси, 22 нафар эвараси, қатор невара келинлари бор. Катта ўғил – Фарҳод Манғит радиотелевизион станцияси бош муҳандиси, Шуҳрат – мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти туман Кенгаши раиси, Марат – туман телекоммуникация тармоғида монтёр. Невараларнинг катталари ҳам ўқиб, касб-корли бўлиб, ҳаётда ўз ўринларини топишди.

Ҳозир уларнинг бари хонадонига йиғилган дамларда гўё байрамдай, тўйдай бўлиб кетади. Ахир дийдордан ҳам азиз лаҳзалар бўладими?

Турмуш ўртоғи Исмоил Камолов эрта вафот этгани сабабли фарзандлар тарбиясида, уларни оёққа қўйишда чеккан заҳматларидан онахон ҳеч қачон гапирмайди, нолимайди. Аксинча, шундай аҳил, ақлли фарзандлари, келинлари, неваралари борлигидан қувониб сўзлайди.

Яхши фарзандларнинг онаси – икки дунёнинг ҳам ҳурматлисидир, деган гап бор халқимизда. Агар шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, фарзандларига ҳам ота, ҳам она бўлиб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказган, ҳаётда ўз ўринларини топишига эришган Валентина Петровнани ҳақиқий пир-у бадавлат, бахтиёр онахон, дея аташга ҳақлимиз. Чиндан-да ўзга юртда туғилиб ўсган, турмуш тарзи, тили ўзгача бўлган қизнинг Манғитга эл бўлиб, яна бир кайвони, тутумли оилага севимли келин бўлиб палак ёйганининг, қўни-қўшни, маҳалладошлари, касбдошлари орасида шунчалик обрў-эътибор қозонганининг ўзи бахтиёрлик эмасми? “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” бўлган онахон турли йилларда уч марта халқ депутатлари туман Кенгаши депутати бўлиб ҳам сайланган. Жорий йилда эса Юртбошимиз Ш.Мирзиёев Фармонига кўра, учинчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан ҳам тақдирландилар.

Ана шундай саодатли умр йўлини босиб ўтган онахоннинг меҳнатларининг роҳа-тини кўриб, яна ҳам узоқ умр кўришини тилаб қоламиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: