"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

ДУНЁНИ PОМ ЭТГАН МАНFИТЛИК САPТАPОШ

(Очерк)

Инсоният яралибдики, гўзалликка интилади: юрса – йўллардан, ўтирса – ён атрофидан гўзаллик излайди ва кўнгилни руҳлантирувчи мазмунлар кашф этади, моҳиятлар топади. Ана шу мазмун ва моҳият унинг умрини зийнатлайди. Билъакс, бундай гўзал умр соҳиби бўлмоқ ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун ниҳоятда сабрли, ўқиб-ўрганишдан, изланишдан толмайдиган, эл-юрт хизматига ҳамиша, ҳар лаҳзада камарбаста яшамоқ фазилатлари зоҳир бўлиши жоиз инсон феълида.

Асли манғитлик, айни пайтда хизмат тақозосига кўра, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган Ўзбекистон Сартарошлар ассоциацияси раиси, машҳур стилист-модельер Фарҳод Шомуродов ўз умр манзилларини орзу чечаклари ила безатишга интилганида ҳали ўсмир бола эди. Серфарзанд оилада туғилиб-ўсган Фарҳоджоннинг, ота-онаси (Аллоҳ раҳмат қилсин) Явқаш ота билан Шамсинисо ая 10 нафар ўғил-қизни ҳалол меҳнат, покиза ва саришта хонадон, ширин орзулар оғушида тарбиялашар, фарзандларининг ёзги таътил пайтларида бирон бир касбни ўрганишларига алоҳида эътибор қаратардилар.

– Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак, – дерди Явқаш ота фарзандларига. – Айниқса, кийиниши, ўзини тутиши уни кўрган, у билан муомалада бўлган инсонларда ҳавас уйғотса, бундай одам ҳаётда камдан-кам қоқилади, яхши яшайди. Бунинг учун илм-ҳунар ўрганиш керак, болаларим.

Шундай деб Явқаш ота билан Шамсинисо ая фарзандларини ўқишдан бўш пайтлари бирини косибга, бирларини ошпаз ёки чеварга шогирдликка берарди. Фарҳоджонни манғитлик таниқли Қўшжон сартарош исмли устага шогирдликка беришганида у 14 яшар ўсмир эди.

– Ҳам ҳунар ўрганасан, ҳам ҳаётдан таълим-тарбия оласан, борақол болам, – тонг билан уйғотарди уни онаси.

Қўшжон сартарош жуда дилкаш одам эди, мижозларининг кети узилмас, лекин барчасига улгурарди. Одамлар унинг устахонасидан юзлари ёришиб, кайфияти чоғ бўлиб чиқиб кетишарди. Фарҳод бу ҳунарга шунчалик меҳр қўйдики, ҳатто устасидан анча барвақт келиб, атрофни супуриб-сидириб, сув сепар, албатта, устанинг иш столининг бир бурчагига уч-тўрт дона райҳон келтириб, сувга солиб қўйишни одат қилди. Паккини қандай тутиш, мижозлар билан муомала қилиш маданиятини ўрганди.

Йиллар ўтди. Йиллар билан Фарҳод Шомуродов ҳам улғайди. Покизалик, саришталик ва гўзалликка интилиш унинг ҳаёт мазмунига айланди. Кўплаб инсонлар учун ўта оддий касб ҳисобланган сартарошлик ҳунари билан эл-юртга танилди, халқ ичида яшаб, халқ ҳурматини қозонди, шахс сифатида шаклланди. Манғитдаги Қўшжон сартарошнинг оддийгина “будка” устахонасидан бошланган завқли меҳнат томон элтувчи сертупроқ кўчалар уни дунёнинг серҳашам машҳур шаҳарларига, модельер-стилистларнинг бири-биридан нуфузли халқаро анжуманларига, Фарҳод Шомуродов шахсини улуғ қилган кўрик-танловлар, халқаро кўргазма ва фестиваллар павильонлари томон элтди. Бунгача у ҳаёт машаққатларига сабрли бўлди, интилди, ўқиб-изланди, ўз устида тинимсиз ишлади ва неки эзгу ишга қўл урса, ирода кучига, ўзига ишонди. Пировардида қалбидаги азиз орзуси – сартарошлик касбининг қадр-қимматини оширди, ўзбек сартарошлиги мактабини яратди ва унинг довруғини дунёга танитди.

Эҳ-ҳе, Фарҳод Шомуродов уста сифатида танилгунча озмунча меҳнат қилдими?

1970 йилда Манғит шаҳридаги 30-сонли умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тугатган Фарҳод Шомуродовга устозлари: “Сендан яхши ўқитувчи чиқади” дейишгани ҳамон эсида. Лекин оилавий шароит тақозосига кўра, икки йил Қўшжон устанинг ёнида сартарошлик қилиб, оила иқтисодига ҳарна қувват бўлган Фарҳод Шомуродов 1972 йилда ҳарбий хизматга чақирилди. Икки йил давомида собиқ СССPнинг Мурманск вилоятида йигитлик бурчини бажарган Фарҳод ҳарбий хизмат даврида ҳам сартарошлик касбини ташламади, ҳарбий қисмда у ўз мижозларига эга бўлди. 1974 йилда ҳарбий хизматдан заҳирага бўшатилган Фарҳод бир жомадон китоб билан самолётда тўғри Тошкент шаҳрига учди. Ҳужжатларини ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультети кечки бўлимига топширди. У 6 йил давомида Университетнинг кечки бўлимида ўқиб, кундузи сартарошлик билан шуғулланди. Уни кўпчилик танирди. Ҳали талаба бўлган бу йигитни университет талабалари “уста”, устозлари эса “уста бола” деб ҳурмат қилишарди.

Ўтаётган вақт – ким учундир орзу-интилишларига элтувчи йўл, ким учундир бой берилган имконият, Фарҳод Шомуродов учун вақт – ҳамма моддиятлардан ҳам азиз бойлик. Унинг ҳар лаҳзаси қадрли, ҳар бир куни қимматли. Уни бой бериш – Фарҳод Шомуродов учун умрдан чегириш дегани. Шунинг учун ҳам у машаққатлар олдида чекинмади. Ҳаёт зиддиятларига дуч келганида ҳам атрофидагиларга гўзал чеҳра билан боқди, сабрга суянди. Ана шу фазилати билан Ўзбекистоннинг чекка бир туманидан келган оддий сартарош, оддий талаба Тошкентдай шаҳри азим халқига танилди, эл бўлди. Шунинг учун ҳам 1980 йилда Университетни муваффақиятли тамомлаган Фарҳод Шомуродовни ҳеч иккиланмай, Тошкент шаҳар сартарошлар комбинатига бўлим мудири сифатида ишга қабул қилишди. Ўз соҳаси бўйича иқтисодий билимини бойитиш мақсадида 1983-1989 йилларда Тошкент Давлат халқ хўжалиги университетида таҳсил олиб, иқтисодчи мутахассислигига эга бўлди.

Инсон учун яхши мутахассис бўлишдан ташқари, яхши хулқ-атвор соҳиби бўлиш ҳам муҳим. Фарҳод Шомуродовдаги ишчанлик, ўзига нисбатан талабчанлик, юксак маданиятлилик, чиройли хулқ-атвор, хушмуомалалик фазилатлари уни эл аро нафақат машҳур қилди, балки мартабасини ҳам юксалтирди. 1983-86 йилларда Тошкент шаҳар сартарошлар комбинати бош муҳандиси, 1986-1989 йилларда Ўзбекистон маиший хизмат вазирлиги бошқарма бошлиғи муовини, 1989-2006 йилларда “Ўзбекистон” маиший хизмат кўрсатиш уйи директори вазифаларида халққа самарали хизмат қилди. 2006 йилдан то ҳозиргача Ўзбекистон Сартарошлар Ассоциацияси раиси лавозимида фаолият юритмоқда.

Фарҳод Шомуродов ўз касб-кори – сартарошликни санъат даражасига кўтара олган ва шу касби туфайли дунё кезган инсон. У ўзбек сартарошлик санъатини бундан 35-40 йиллар аввал дунёга танитган етук уста. 1980 йилда собиқ СССP миқёсида ўтказилган сартарош-косметологларнинг бутуниттифоқ кўрик-танловида фахрли 2-ўринни эгаллади. Кейинчалик Беларусь, Украина, Литва ва Болгария давлатларида ўтказилган халқаро танловлар совриндори сифатида танилди. Германиянинг дунёга машҳур “Вела” ва “Лонда” фирмаларида малака оширди. 1986 йилда бўлиб ўтган сартарош-косметологларнинг бутун-иттифоқ ва халқаро кўрик-танловларида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлди. Кўрик-танловларнинг одиллик ва шаффофлик асосида ўтказилишига жуда катта ҳисса қўшган Фарҳод Шомуродов халқаро миқёсдаги “Уста-модельер” ва “Халқаро тоифадаги ҳакам” сифатида танилди.

Фарҳод Шомуродовнинг маънавий гўзал қалби, ораста ҳаёти оила чаманига ҳам кўрк бағишлаган. Умр йўлдоши Pаважон опа билан тўрт нафар ўғил-қизни эл-юрт хизматига муносиб фарзандлар қилиб вояга етказишди. Ота-онасидан ранг олган ўғил-қизларнинг барчаси ўқимишли, ҳаётда фаол. Асли касби иқтисодчи бўлган Pаважон опа ҳам таниқли аёллар уста-сартароши. Қизи Умидахон врач-косметолог. Иродахон ҳам бу касб-кордан баҳраманд. Айниқса, ўғли Фаррухнинг парвози баланд. Яқинда Pоссия давлатида бўлиб ўтган халқаро танловда “Йил сартароши” йўналиши ғолиби бўлган Фаррухжон Санкт-Петербургдаги маданият Университетини тугатган. У дунёнинг кўплаб шаҳарларида – Анталия ва Дубайда, Норвегия давлатида мастер-класс машғулотларини ўтказиб, аллақачон машҳур бўлиб кетган. Фаррух Шомуродов айни пайтда дунё бўйлаб ўз маҳоратини намойиш қилмоқда. Pоссияда, Европа давлатларида, ҳатто АҚШда Фаррухжонни моҳир стилист сифатида тан олишган. Сартарош-стилистлик бўйича жаҳон чемпиони. Айни пайтда АҚШда мастер-класс машғулотларини олиб бормоқда.

– Оиламдан, фарзандларимдан ҳамиша кўнглим тўқ – дейди Фарҳод ака мамнуният билан. – Сабаби, уларнинг барчаси ўз йўлларини танлаб бўлишган ва касб-корларидан рози. Шомуродовлар хонадонидан 50 нафарга яқин сартарош-уста ва стилист-модельерлар етишиб чиққан. Ҳали невараларимизнинг ҳам ўғил-қизларим ва жиянларимга ҳавас қилиб шу касбга қизиқишлари бошқача.

Агар Фарҳод акадан: “дилда армонингиз борми? деб сўрасангиз, ҳеч иккиланмай:

– Йўқ, асло! – деб жавоб берадилар.

Ўзбекистоннинг барча вилоят ва туманларида, ҳатто чет давлатларида ҳам Фарҳод Шомуродов сартарошлик мактаби таҳсилини олган инсонлар жуда кўп. Улар юзлаб, минглаб. Умрининг 66 баҳоридан ҳатлаб, муборак 67 ёшга қадам қўйган, кўринишидан ҳамон ёш йигитлардай навқирон, самимий қиёфали, кўркам ва салобатли Фарҳод Шомуродов дилида тугиб қўйган эзгу нияти ҳақида ишонч билан сўзлайди.

– Ўзбекистонда Гўзаллик институтини ташкил этиш энг катта орзуим, – дейди у. – Бундай институт халқимизга жуда зарур. Чунки инсоннинг суврати ҳам, сийрати ҳам гўзал бўлса, ҳаётимизда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу институт инсонларни маънавий баркамоллик сари етаклайди. Баркамол инсон жамиятни гуллатиб юборади, ҳар жиҳатдан ривожлантиради.

Халқаро тоифадаги уста-модельер, Халқаро тоифадаги ҳакам, Ўзбекистон Сартарошлар Ассоциацияси раиси Фарҳод Шомуродов амударёлик, бизнинг элдошимиз. Унинг эришган ва эришаётган ютуқлари, дилидаги эзгу ниятлари бизга, халқимизга қувонч ва фахр бағишлайди. Зеро, элим, халқим, она Ватаним деб яшагувчи ҳар бир инсон ўз эли, халқи ва Ватани ардоғига, ифтихорига муносибдир.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: