"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

“Гулзор” маҳалласида истиқлол байрамимизни муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

Энг улуғ, энг азиз бўлган истиқлол айёми арафасида мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўлига яна бир бор назар ташлаб, амалга оширилган ишлар, қўлга киритилган улкан натижаларни баҳолаш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, уларга байрамона кайфият улашиш ғоят муҳим саналади. Байрам муносабати билан бу борада зарур чора-тадбирлар белгилаб олинади ва мустақиллик шарафига кенг кўламдаги бунёдкорлик ҳамда ободончилик ишлари ҳам амалга оширилади.

Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Pеспубликаси давлат мустақиллигининг 28 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Барча туман ва шаҳарларда, қишлоқларда аҳолининг барча қатлами тўйга ўзига хос тўёна тайёрламоқда. Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг “Ўзбекистон Pеспубликаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида таъкидланганидек, “Бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган вазифалар – аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб бериш, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижалари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда.” Дарҳақиқат бу юртимизнинг ҳар бир фуқаросига ғурур ва ифтихор, ҳаётдан мамнунлик туйғуларини бахш этмоқда.

Обод маҳаллалардан бири “Гулзор” маҳалласида ана шу энг улуғ ва энг азиз байрамимизни муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Маҳаллада ободончилик ишлари авж паллада. Шунингдек, мустақиллик байрами арафасида ранг-баранг тадбирлар ўтказилмоқда. Маҳалла фаоллари барча тадбирларда иштиёқ ва хушнудлик билан кўтаринки руҳда иштирок этишмоқда. Нуронийларнинг бош-қошлигида бажарилаётган ободонлаштиришлар туфайли ҳудудга янада файз кирмоқда.

Туманда мустақиллик йилларида бунёд бўлган маҳаллалардан бўлган “Гулзор” маҳалласида бугунги кунда 625 хонадон бўлиб, уларда 812 оила яшайди. Маҳалла ҳудудидаги 8 та кўчага жойлашган хонадонлардаги аҳоли сони 3 минг 646 нафарни ташкил қилади.

Айни кунларда маҳалладаги “Истиқлол”, Аваз Ўтар, Уйғун номли кўчаларга тош ётқизилмоқда. “Обод турмуш”, Огаҳий ва Усмон Носир номли кўчаларда эса уйларнинг фасадлари қайта таъмирланди. Айни кунларда ушбу кўчаларга тунги чироқлар ўрнатилмоқда.

Аҳоли фаровон ҳаёт кечириши учун барча хонадонларга сифатли табиий газ ва электр таъминоти, водопровод тармоқлари орқали келадиган тоза сув етказиб берилган бўлиб, улардан беминнат фойдаланилиб келинмоқда. Ҳудудда жойлашган сартарошхона, 1 та тозаланган сув етказиш, 2 та автомобиль таъмирлаш ва ювиш, 4 та умумий овқатланиш шохобчалари, “Акфа” ромлари ва эшиклар тайёрлаш цехи, 2 та тўйхона, озиқ-овқат маҳсулотлари, пишириқ ва ширинликлар, канцелярия ва кийим-кечак савдоси дўконлари нафақат маҳалла, балки туман аҳлига ҳам хизмат кўрсатиб келмоқда. Фуқаролар йиғини биносида туман ҳокимлиги ва “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти томонидан ташкил қилинган “Халқ кутубхонаси” эса кекса-ю ёш китобхонлар учун энг севимли масканга айланган бўлиб, у ерда маҳалла аҳли мутолаа билан шуғулланишмоқда. Кутубхонага тез-тез ташриф буюраётган китобхонлар маънавиятини бойитиб, маданий ҳордиқ чиқаришмоқда.

Фуқаролар йиғини раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Аббос Сафарбоев бошчилигида маҳалла ёшлари футбол бўйича “Маҳалла кубоги” учун ўтказилган мусобақаларнинг барча босқичларида ғолибликни қўлга киритдилар ва айни кунларда маҳалла футбол жамоаси финал босқич мусобақаларига тайёргарлик кўришаяпти. Маҳаллада байрамлар муносабати билан якка-ёлғиз яшовчи ва кексалар ҳолидан хабар олинади, уларга совғалар берилади. Фаоллардан Саъдулла Эшмуродов, Мадраҳим Олламберганов, Баҳодир Авезов, Гулмирза Ерметов, Икром Сарибоевлар доим ҳар хил ташаббус билан чиқиб, барчани хайрли ишларга ундашади. Маҳалладаги нуронийлар Тилувбой ака ва Гулчеҳра опа Абдуллаевлар, Қурбонгул опа Шомуродова, Ўринбой ака Содиқовлар доим ёшлар ва ёш оилаларга ибрат, маслакдош бўлиб яшаб келишаяпти.

Файзли ва обод гўшада яшаётган “Гулзор” маҳалласи аҳлининг хотири жам. Улар маҳаллада амалга оширилаётган яратувчанлик ва бунёдкорлик ишларидан мамнун. Хотиржам ва ўз турмушидан кўнгли тўлиб яшаётган кишиларнинг эса ҳаёти файзли ўтади, ишида барака бўлади. Буларнинг бари мустақил Ўзбекистонимизда инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун яратилаётган имкониятлар туфайли ҳамда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг шарофати, дея ишонч билан айтиш мумкин.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: