"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Янги ва замонавий суд биноси фойдаланишга топширилди

Амударё туманида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича туман судларининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

23 июль куни ўтказилган замонавий бинонинг очилиш маросимида Ўзбекистон Pеспубликаси Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори Б. Тешабоев, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесининг қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари масалалари қўмитаси раиси С. Турманов ва Pеспубликадаги бошқа судлар раислари, туман ҳокими С.Йўлдашев,  тумандаги судлар раислари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Видеоконференцалоқа тизимида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Pеспубликаси Олий суди раиси К.Комилов янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан барчани қутлади ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, судларга қаратилаётган эътибор, аҳоли қулайлиги учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлади.

"Амударё махсус қурилиш" МЧЖ томонидан 4 млрд. 157 млн. 115 минг сўм маблағ эвазига 9 ойда қуриб битказилган бинода фуқаролар учун барча шароитларга эга кутиш хонаси, суд раиси хонаси ва қабулхонаси, судья ва суд ходимлари фаолият юритиши учун алоҳида хоналар, замонавий кўринишдаги суд заллари ва энг замонавий русумдаги ускуналар билан жиҳозланган “видеоконференцалоқа режими”даги суд зали ташкил этилиб, барча шароитлар яратилган.

Шунингдек, архив ҳужжатларини сақлашда хавфсизлик даражаси юқори бўлган архив хонаси, суд ходимларининг билими ва ишчанлик кўникмасини ошириш учун семинар, давра суҳбатлари ўтказишга мўлжалланган кенг “Маънавият ва маърифат” хонаси, ашёвий далилларни сақлаш хонаси, замонавий локал алоқа тармоғи ва оптик толага уланган сервер хонаси, замонавий иситиш ва совутиш тизимлари, видеокузатув, ёнғинга қарши курашиш ва қўриқлаш хавфсизлик тизимлари, ҳудудда хизмат автотранспортлари учун махсус тўхташ жойлари ҳам мавжуд.

Тадбирда иштирок этган бошқа суд вакиллари ва суд фахрийси Б.Бегжановалар ҳамкасбларининг янги бинода бошлаётган иш фаолиятларига муваффақият тиладилар.

 О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: