"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео)

Истеъмолчилар сонининг ортиши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайиши ва халқимизнинг иқтисодий ҳолати яхшиланиб, кундалик турмушда ишлатиладиган маиший техника буюмлари турининг кўпайиши электр энергиясига бўлган талаб ҳамда тармоқдаги юкланишнинг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлмоқда. Шу туфайли электр энергияси таъминоти сифатини яхшилаш юртимизда устувор вазифалардан бирига айланди.

Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017 – 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги Қарорига кўра бу борада аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шу асосда Қорақалпоғистонда паст кучланишли электр тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Айни пайтда 339,9 километр электр узатиш тармоқлари, 173 дан зиёд трансформатор пунктларини модернизациялаш ва алмаштириш ишлари бажарилмоқда. Бу эса 1,2 миллиондан ортиқ аҳолининг электр таъминоти яхшиланишини, узатиш ва тақсимлашда йўқотиладиган энергия 38,2 миллион кВт/соатгача қисқаришини ҳамда авариявий ўчишларнинг олди олинишини таъминлайди.

Шуниси эътиборлики, туман ҳокимлиги ҳам аҳолига электр энергиясини барқарор етказиш борасида ўз ҳиссасини қўшмоқда. Туманимизда истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида ҳокимлик маҳаллий бюджет ҳисобидан 400 кВа қувватга эга бўлган 10 та трансформатор харид қилди.

Мазкур трансформаторлар Беруний номли, Дурунки, Дўстлик, Бойовул, Янгиобод, Гулзор, Намуна, Хизр эли, Бўз солма маҳалла фуқаролар йиғинидаги 250 кВа кучланишли трансформатор пунктлари ўрнига қўйилади. Бу энергия таъминоти сифатини яхшилаш билан бирга ҳудуддаги электр энергетикасининг ривожига ҳам хизмат қилади.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: