"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Оқ олтин овулидаги 1 млрд. 418 млн. сўм маблағ эвазига таъмирланган МТМ қандай фаолият юритмоқда?

Мамлакатимизда узлузсиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фаолият олиб бораётган мактабгача таълим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, болажонларнинг яйраб-қувнаб улғайишлари учун муносиб шароитларни яратиш, мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагог ходимларнинг нуфузини ошириш, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлашини йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўзининг қувонарли самараларини бераётир. Мактабгача таълим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиб, болажонларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожлантирувчи замонавий таълим дастурлари ва технологиялари таълим-тарбия жараёнига жорий этилмоқда.

Соҳага жорий этилаётган ислоҳотлар Оқ олтин овулида фаолият кўрсатаётган 9-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳам ўз аксини топмоқда. Айни кунда ушбу масканда овул аҳолисининг 75 нафар болалари таълим-тарбия олишаяпти.

Муассаса биносида 2018 йил Инвестиция дастурига мувофиқ 1 млрд. 418 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бино замонавий жиҳозлар билан таъминланганлиги туфайли бу ерда 3 та гуруҳ тарбияланувчилари учун алоҳида ўқув, дам олиш, овқатланиш кундалик машғулотларни олиб бориш учун муносиб шароитлар яратилди.

Болажонларга “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида таълим берилмоқда. 5 нафар тарбиячиларнинг 4 нафари олий маълумотли мутахассислар бўлиб, ўз соҳаси бўйича мунтазам малака ва билимларини ошириб келишмоқда. Мавжуд ўйин майдончаси тарбияланувчиларнинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан чиниқишига хизмат қилувчи ўйинлар ўйнаб, вақтини кўнгилли ўтказишларига хизмат қилади. Қуриб битказилган ёзги бассейн яқинда ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Болалар тасаввурини бойитишга хизмат қиладиган ҳар бир хонадаги жиҳозлар, безаклар, албатта уларнинг эътиборидан четда қолмайди. Муассасада ташкил этилган “Зумрадойлар давраси”, шунингдек, шахмат-шашка тўгараклари машғулотлари болажонлар учун айниқса қизиқарли кечади. Соҳа мутахассиси бўлган Нурбика Pаҳимова машғулотларни кичкинтойлар осон ўзлаштиришлари учун қизиқарли тарзда олиб боради. Шунингдек, Адолат Туляшованинг мусиқа машғулотларида ҳам кичкинтойларнинг вақти завқли ўтади. Улар ёшларига мос енгил рақслар, қўшиқлар ва ҳатто пианино чалишни ҳам ўрганишяпти.

- Бизнинг асосий мақсадимиз болаларни соғлом овқатлантириб, ақлий ривожлантириб, мактаб таълимига сифатли тайёрлаб, келгусида барча фанларни яхши ўзлаштириб кетишлари учун замин яратишдир, - дейди муассаса мудираси Севара Ўрозбоева.

О.Pажабова.

Янгиликни бўлишинг: