"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8584.5 +5.64
  • 1 EUR = 9673.87 +44.65
  • 1 RUB = 136.34 +1.48

Амударё туман давлат санитария эпидемиология назорати маркази ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган ҳозирги мавсумда иссиқдан сақланиш чораларини кўришни тавсия қилади

Ҳудудимизда айни кунларда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилаётгани инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай вазиятларда улар салқин жойларда ҳордиқ чиқаришади, офтоб урмаслиги учун турли усулларни қўллай бошлашади. Хўш, иссиқ ҳарорат таъсиридан қандай сақланишимиз керак, бу мавсумда қандай кийинишимиз ва овқатланишимиз лозим? Ёз фаслининг бошланиши, айниқса энг иссиқ давр – чилланинг кириб келиши ҳар ёзда туманимиз аҳолиси учун бироз ноқулайликларни келтириб чиқаради. Боиси ҳудудимизда ҳаво ҳарорати +45, +50С даражагача етади. Бундай аномал иссиқ кунларда аввало одам бошини қуёш нуридан асраши муҳим аҳамиятга эга. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиши офтоб уришига  олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракнинг тез уриши, бош оғриши, айланиши, кўнгил айниши, қайд қилиш, ҳушдан кетиш каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.

Нималар тановул қилган маъқул?

Табиийки, иссиқ кунлари кўп миқдорда сув ичиш организм фаолиятини яхши ишлашга ва сув-туз балансини меъёрлаштиришга ёрдам беради. Аммо бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча, оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш керак. Шунингдек, иссиқ кунда ёғли, гўшт маҳсулотлари истеъмолини камайтириб, енгил ҳазм бўлувчи таомлар истеъмолини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, мева ва сабзавотлар ҳам организмда яхши сингиб, ички аъзолар фаолиятини нормаллаштиришга ёрдам беради. Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёз кунларида хиёбон ва марказий кўчалар атрофларида қўлбола усулларда тайёрланиб, истеъмол учун чиқарилган турли шарбат, айрон, гўжа ҳамда шу турдаги масҳулотларни истеъмол қилмаган маъқул. Чунки кун давомида қуёш нури тушиб турган ҳамда истеъмолга яроқлилик белгиси мавжуд бўлмаган бу турдаги маҳсулотлар турли нохуш вазиятларни келтириб чиқариши ҳам мумкин.

Қандай кийиниш керак?

Ёш кунлари табиий матодан тикилган, ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган ҳамда кенг тикилган кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар терининг нафас олишига имкон яратади ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига  тўсқинлик қилади. Қолаверса, жазирама кунда бош кийим кийиб юриш ҳам мақсадга мувофиқ. Маълумки, қуёш нури кундузи соат 12дан 16 гача жудаям фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқмаган маъқул. Вазият тақозо этган вақтда эса тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан сақлашга ҳаракат қилиш даркор.

Дурбек БОБОЖОНОВ, туман ДСЭНМ бош шифокори.

Янгиликни бўлишинг: