"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ФАОЛИЯТИ ҲАВАСГА ЛОЙИҚ ЕТАКЧИ

Ҳар бир одамнинг умри жамиятга дахлдордир. Чунки ҳар ким ўзи яшаётган жамият равнақи йўлида меҳнат қилади, умри давомида эзгу ишлар қилиб, солиҳ фарзандлар тарбиялаб, эл аро яхши ном қолдиришга интилади. Бу йўлда унга орзу-умидлари гўё қанот бағишлайди.

Ўзи ўқитувчи бўлгани учунми, қипчоқлик Фотима Ибодуллаева қизи Қундузойнинг ҳам ўқитувчи бўлишини астойдил истади, интилди. Ҳар қандай эзгу ишнинг ибтидоси яхши ниятдир. Қундузой мактабни тугатиб, ўқитувчи бўлишга астойдил аҳд қилганида ҳам энг кўп қувонган бобоси, таълим ва Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Жумабой Холмуродов, онаси Фотима Ибодуллаевалар бўлди.

2009 йил Нукус Давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатиб, ўзи таълим олган 11-сонли мактабга ишга келганида ота-онаси, яқинлари, устозлари ҳам жуда севинган, унга оқ йўл тилаган эди.

– Қундузой Холмуродова интилувчан, изланувчан ва ташаббускор муаллим сифатида жамоамизга ўзгача руҳ, соғлом рақобат муҳитини олиб кирди, –дейди мактаб директори Зулфия Юсупова. – Натижада бошқа ўқитувчиларимизнинг ҳам ўз касбига масъулияти ошди.

Қундузойнинг ёшлик ғайрат-шижоати билан сидқидилдан қилган меҳнатлари ҳадемай ўз самараларини бера бошлади, ўқувчилари фан олимпиадаси, билимлар беллашуви ва бошқа турли кўрик-танловларда совринли ўринларни эгаллашди.

Ўзига хос ташаббускор, интилувчанлигини инобатга олиб, мактаб раҳбарияти икки йил муқаддам уни ёшлар етакчиси лавозимига тавсия қилди.

Бу ишончни оқлашга чин дилдан киришган Қундузой аввало ўқувчи-ёшларга Ёшлар иттифоқи мақсадларини тушунтиришга, уларни бошланғич ташкилот атрофида жипслаштиришга интилди. Ўқувчиларнинг иқтидорини аниқлаб, уларнинг кўнглидаги орзу-ниятларини тинглаб, рўёби учун курашишга киришди, энг қобилиятли болалардан синфларга сардорлар тайинлади.

Қундузой Холмуродованинг интилишлари самараси ўқувчилар ютуқларида акс эта бошлади. Хусусан, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти томонидан ўтказилган “Энг намунали мактаб сардорлар Кенгаши” танловида мактаб “Замин ёшлари” гуруҳи 1-ўринни, “Энг намунали мактаб сардорлар Кенгаши” танловида “Аму ғунчалари” гуруҳи 2-ўринни, “Энг намунали синф сардорлар Кенгаши” танловида “Ниҳол” жамоаси 2-ўринни олди.

“Камалак билимдонлари” танловида “Ниҳол” жамоаси туманда биринчи, Қорақалпоғистонда иккинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан компьютер жамланмаси билан тақдирланди.

Қундузойнинг ўзи “Энг билимдон ёшлар етакчиси” танловида 2-ўринни эгаллади. “Энг билимдон бошланғич ташкилот етакчиси” деган шарафли номга сазовор бўлди.

Мактаб ўқувчиларининг қай бири билан суҳбатлашманг, ёшлар етакчиси раҳбарлигида эришаётган ютуқларидан қувониб сўзлайди.

– Ўқувчиларимизнинг фанлар олимпиадаси, Билимлар беллашуви ва бошқа турли кўрик-танловларда эришаётган ютуқларида Қундузойнинг ҳиссаси бор. Ҳозир яна бир ўқувчимиз Феруза Шомуродова Тошкент шаҳрида, республика умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида ўтказилаётган ижодий ишлар танловида иштирок этаяпти. Қуйи босқичларда яхши натижаларга эришгани учун шундай имкониятни қўлга киритди. Ферузанинг бу ютуқларида Гулойим Бегжонова ва Қундузой Холмуродованинг ўрни улкан, – дейди Зулфия Юсупова.

Бахт – амалга ошган орзу-умидлардир. Ҳа чиндан-да, одам яшар экан, кўнгли доимо орзу-ҳавасларга лиммо-лим бўлади. Бу ниятларнинг рўёбидан руҳи тоғдай юксалади, умри файзли, мазмунли бўлади.

Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, Қундузой Холмуродовани чинакам бахтиёр устоз, оила бекаси, меҳрибон она, дея оламиз.

У қипчоқлик Омонбой Ердошев ва Бозоргул Наматуллаевалар оиласининг орзу-ҳавасли, тўнғич келини, ички ишлар ходими Ғайратжон Ердошевнинг рафиқаси, бири-биридан ширин Моҳинур, Жасминаларнинг ғамхўр онаси. Улар ҳозир имтиёзли равишда “Ёшлар уйи”дан олган хонадонида бахтиёр яшашмоқда.

Ҳа, Қундузой Холмуродованинг ҳаёти, меҳнат фаолияти ҳавасларга лойиқ.

Янгиликни бўлишинг: