"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги олдидан

ВАТАНИГА СИНГИБ КЕТГАН... ШОИP


2013 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти И.Каримовнинг "Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги Қарори эълон қилинди.

Муҳаммад Юсуф. У оддий инсон эмасди. Назаримда шоирнинг юраги нурдан яралган-у шу нур равшанлиги унинг юзида акс этиб турарди. Ва шу нур тафти унинг шеърлари, ҳофизлар севиб ижро этгувчи қўшиқлари ила ўзгалар юрагини исита оларди. У кирган, у воизлик қилган давраларда бутун бўй басти, гўзаллиги, буюклиги билан она Ўзбекистон қад ростларди.

Шунданми, унинг шеърларидан ниҳоятда улуғ, ниҳоятда мукаррам ва муаззам бир сиймо - она Ватан, туғилган юрт сиймоси бизга муҳаббат билан боқиб туради. Ҳароратли сатрлар ила гўё дилимизга, юрагимизга туташ томирлар жунбушга келади. Ҳар зарра тупроғи кўзимизга тўтиё Ватан туйғуси ана шу томирлар ила оқиб юрагимизга жо бўлганини ҳис этамиз. Ҳар дил ўзигина англаб етиши мумкин бўлган, тилга чиқариб таърифлай олмайдиган МИЛЛИЙ ҒУPУP, МИЛЛИЙ ШИЖОАТ туйғусини Муҳаммад Юсуф ғоятда мутаассирлик билан шеърий сатрларга кўчира оларди. Шунинг учундирки, шоирни шеърият давралари ёниб кутиб оларди, севиб, ардоқлаб тингларди. Юриштуришларига, ўйчан сўзлашларига, хазин кулишларига, адабиёт ҳақида фидойилик ила гапиришларига, худди ноёб мусиқа янграгани каби шеър ўқишларига... ҳавас қилгувчилар, ҳайратлангувчилар... ҳатто ҳасад қилгувчилар кўп эди.

Мен шоир билан шахсан таниш эдим. Талабалик йилларимизда ТошДУ нинг турли аудиторияларида, маданият саройида, талабалар ётоқхоналарида шоир шеърларини кўп бора тинглаганмиз, мутолаа қилиб завқланганмиз. Матбуот нашрларида Муҳаммад Юсуф шеърлари чиқиб қолса, талаш бўлиб кетарди.

Унинг мўъжазгина китобчаларини болишлари остига қўйиб ухлагувчи талаба қизлар Муҳаммад Юсуф шеърларида чизилган ўз қишлоқлари тасвирини тушларида кўриб чиқар эдилар.

1983 йилнинг январи эди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биносининг мўъжаз ва шинам мажлисхонасида ажойиб бир мушоира бўлганди. Мушоирани Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориф ғоят чиройли олиб бордилар.Бухоролик шоира Марямхон опа Турдиева (Худо раҳмат қилсин) мени бу ерга бошлаб келганлари учун ҳамон у кишига нисбатан юрагимда чуқур ҳурмат сақлайман. Бу кун Муҳаммад Юсуф билан танишган, шоир суҳбатидан баҳраманд бўлган азиз кун бўлиб қолди хотирамда.

- Саида Зуннунова ҳақида жуда чиройли гапирдингиз, - Марямхон опани табриклади Муҳаммад ака мушоира сўнгида. - Мухаммасингиз эса қиёмат.

Марямхон опам ҳақиқатан мушоира галида ниҳоятда камтар, ниҳоятда дилбарлик билан сўзлаган, бу ерда ҳозир бўлган жамики шоиру адиблар юрагига титроқ, ҳаяжон солгувчи латиф бир мухаммас ўқигандики, ўзидан олдин минбарга чиққан Муҳаммад Юсуф шеърияти таъсирида чексиз ҳаяжон оғушида бўлган мухлислар Марямхон Турдиеванинг сокин овозидан оҳиста тебранишиб, бир неча сония шоира Саида Зуннунованинг азиз хотиралари оғушига сингишганди.

- Лекин барча олқиш Сизга бўлди, Муҳаммаджон. Сиз шеър ўқисангиз Бухорони соғиниб кетаман, - дегандилар самимият билан.

Навоий кўчаси бўйлаб яёв кетаяпмиз. Бухоролик шоира билан андижонлик шоирнинг адабиёт ҳақидаги баҳслари ҳеч тугамайдигандек. Гоҳ Машраб, гоҳо Бобур, гоҳ Навоийдан ғазаллар айтилади, Нодира-ю Увайсий, Анбар отину Огаҳийдан сўз очишиб, баҳслашишади.

Навбат ўша пайтда қўлма-қўл бўлиб турган Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар” романига келганида Муҳаммад Юсуф чуқур "уф” тортиб қўйдилар.

- Ўз миллатимиз болалари ичида торлик, ичи қоралик, гумроҳлик бўлмаганида "Тожмаҳал” Андижон бағрида бўлармиди? Эҳ, Марямхон опа, менинг юрагим оғриб кетади шуни ўйласам.

Иккала шоир ҳам маъюс тортиб қолдилар. Орага чўккан сукунатни Муҳаммад Юсуфнинг овози наздимда чақиндай кесиб ўтди.

- Эй-й! Ўзбекистонни ялангоёқ кезиб чиқсанг, Сен - Ватанга, Ватан - Сенга айланса! Бир-бирингга сингишиб, қоришиб кетсанг, чўлларида тобланиб, сувларида тозарсанг!

Шоирнинг овозида кучли ҳаяжон аралаш кучли дард сезгандим ўшанда. Бу дард - миллат дарди, халқ дарди эди. Муҳаммад Юсуф, энди билсам, ўша дардларни юрагига ёзиб-ёзиб, вужудига сиғдиролмай яшаган эканлар. Шунинг учун унинг Ватан ҳақидаги шеърлари ҳаммани куйлатаркан, ҳаммани йиғлатаркан.

- Муҳаммад Юсуф ғоят фидойи шоир, - дегандилар ўшанда Марямхон опам. - Бундайин яшаш, ижод этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Кейинчалик шоир билан жуда кўп шеърият кечаларида ҳамсуҳбат бўлганмиз. Ҳеч кимларга кўрсатишга ийманиб юрганим – шеърий машқларимни (худо рахмат қилсин) Марямхон опам тавсиялари билан илк бора Муҳаммад Юсуфга ботиниб кўрсатгандим. Назаримда, шоирнинг шеърларигина эмас, аслида ўзи, муомаласи, одамийлиги ҳам ниҳоятда халқчил, ниҳоятда оддий, содда эди.

Шоир ҳар битта шеъримга худди шифокор ташҳис қўйгани каби "ташҳис” қўйган, эринмай фикр ёзиб бергандилар. Саида Зуннунованинг "Ўтдими” радифли ғазалига мухаммасим Муҳаммад Юсуфга ғоят манзур бўлган эканми, мухаммас остига "Pобияхон, ёзинг, Сиз бизга, халққа кераксиз. Сизнинг сўзларингизга зор инсонлар кўп, буни унутманг, Сиз - ҳақиқий шоирасиз, табриклайман”, деган сўзларин ёзиб қолдиргандилар.

Ўшанда ўзбекнинг юраги, бўлган, миллатнинг фидойиси бўлган халқ шоири юрак-юрагидан чиқариб менга берган унвони - ҳаваскор деб эмас, шоира деб тан олгани мендай оддий бир қишлоқ қизи учун жамики расмий унвонлардан-да улуғроқ эди, назаримда!

Муҳаммад Юсуф билан охирги марта 1996 йилнинг кузида ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг маъмурий биноси олдида кўришганим ҳамон ёдимда. Ўзим таҳсил олган муқаддас даргоҳни зиёрат қилишни хуш кўрганим учун ҳар гал Тошкентга борганимда бу ерга келмай кетолмасдим. Талабалар даврасида келаётган шоирни узоқдан танидим.

Шоирни таниганим билан нотаниш даврага суқилиб кириш одобсизлик. Улар яқинлашганида салом бериб ўтиб кетмоқчи бўлдим. Лекин ҳайратланарлиси шундаки, шоир талабалар тўпидан чиқиб келиб мен билан кўришдилар.

- Исмингиз?!... Негадир ҳижолат чеккан кўйи исмимни эслашга уриндилар.

- Pобия, - дедим ўзим ҳам бир оз хижолат бўлиб.

Қорақалпоғистон ҳақида, Орол денгизи муаммолари ҳақида анча суҳбатлашдик. Янги шеърий тўпламига дастхат ёзиб бердилар. Эсдалик учун Университет ҳовлисида суратга тушдик..

Минг-минг афсуски, мен шоирни ҳаётда бошқа учратмадим. Ҳаёт ташвишларига ғарқ бўлиб (балки мени ғафлат босдимикан?) шеърлар, Қорақалпоқ шоирлари ижодидан таржималар қилиб, Муҳаммад Юсуф берган манзилга жўнатиб туриш ҳақидаги ваъдаларимни унутиб, адабиёт фидойиси ҳузурига боришим кераклиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабман. Шоирнинг ўлими ҳақидаги хабар оламга ёйилганида эса "Ватанига сингиб, қоришиб кетган, чўлларида тобланиб, сувларида тозарган” миллатнинг бир ёруғ юлдузи сўнганидан титраб кетдим.

Шоирини соғинган, шоирини севган, шоирига суянган халқ бўлиб бўзладим:

Яланг оёқ, тупроқлар кечиб,

Ватан, деган Орга айландинг.

Жонга жабр сўроқлар ичиб,

Эл дилинда Борга айландинг.

Дунё! Дунё! Чархи бевафо!

Бир юлдузни ўтдинг-а кесиб.

Андижоннинг қўлида асо,

Бевақт сўлди Муҳаммад Юсуф!

Юртнинг ҳар хас, ҳар битта тоши,

Қўмсар бугун шоир изларин.

Ғамдан эгик бир элнинг боши,

Букиб йиғлар адл тизларин.

Ватан ҳақда ўтли бир қўшиқ,

Ҳофизларга этмади насиб

Қалам сағир, қоғозлар ёзиқ,

Шеър битмайди Муҳаммад Юсуф...

Энди усиз кечади йиллар,

Ёди билан яшайди Ватан,

Изларини ўпади йўллар,

Сўзларини қўмсайди Ватан.

Яланг оёқ тупроқлар кечиб,

Ватан бўлган Муҳаммад Юсуф!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Муҳаммад Юсуф

И қ р о р

О, ота маконим,

Онажон ўлкам,

Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.

Сендай меҳрибон йўқ,

Сенингдек кўркам,

Pимни алишмасман бедапоянгга.

Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,

Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.

Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,

Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.

Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин,

Ё худбинман мен ё бир содда касман мен -

Парижнинг энг гўзал ресторанларин,

Битта тандирингга алишмасман мен.

На гапга кўнайин,

На тил билайин,

Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат -

Уч кунда соғинсам нима қилайин,

Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.

Билдимки, баридан улуғим ўзинг,

Билдимки, яқини шу тупроқ менга.

Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,

Араб оҳусидан азизроқ менга.

Сен билан ўтган ҳар кун байрам-базм,

Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.

Сени билганларга қиламан таъзим,

Сени билмасларга раҳмим келади.

Янгиликни бўлишинг: