"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

КАТТА ХОНАДОННИНГ КАМТАP СОҲИБИ

Атрофимиздаги олам ўз гўзалликлари билан қалбимизга туташ. Биз унга интиламиз, олам гўзалликларидан завқ ва баҳра олиб яшаймиз. Бу Аллоҳ бизга – инсон зотига ато этган чексиз имконият – ҳаёт завқи!

Баъзан оила даврасида, баъзан умр йўлдоши Ниёзжон она билан ёлғиз қолганида Йўлдош ота Собиров босиб ўтган умр йўлларини хаёлдан ўтказиб:

– Ёмон яшамадик, кампир, – деб қўяди мамнуният билан.

Йўлдош отанинг ўз умр йўлларидан кўнгли тўлганича бор. Ахир эсини таниганидан бери қўли меҳнатдан, қалби эзгуликдан айро бўлмади. Ота-онасининг қаватига кириб, илк меҳнат фаолиятини бошлаганида Йўлдош Собиров ҳали ўсмир ёшда эди. Ўша пайтлари “15 ёшли бола нега далага ишга чиқаётир?”, – деган савол ҳеч кимнинг хаёлига келмас, собиқ Манғит давлат хўжалиги ишчилари орасида Йўлдош Собиров каби ўсмир ёшлар кўпчиликни ташкил қиларди.

Ўшанда 1963 йилнинг илк баҳори эди. Мактабдаги ўқишидан кейин хўжалик ишчилари билан бирга турли ишларни бажаришда тепа-тенг кунлик нормани уддалаётган 15 яшар Йўлдош Собиров ва у тенги болаларга иш ҳақини ҳисоблашда бироз кам маош ёзиларди.

– Нега? Ахир бизлар нормани катталар билан баравар бажараётирмиз-ку!

– Ҳали сизлар боласизлар, – дерди ҳисобчи кўзларига тик боқиб. – “Бош билак” (катта ёшдаги) ишчилар билан баравар маош олишингиз мумкин эмас.

Йўлдош Собиров бу каби адолатсизликларга кўп бора дуч келган ва ҳар доим фидойилик билан қилган меҳнати муносиб баҳоланмаганидан дили оғриган. Шундай пайтларда ота-онасига:

– Мен, албатта, ўқийман, ҳали кўрасизлар, бундай адолатсизликларга қарши курашаман! – дерди астойдил.

Йўлдош Собировнинг қалбида уйғонган бу иштиёқ чинакам орзуга айланди. 1965 йилда умумтаълим мактабини муваффақиятли тугатиб, Тошкент Давлат политехника институтига ўқишга кирди. 1970 йилда институт тақсимот комиссияси қарори билан ўзи туғилиб-ўсган Манғит шаҳрига олий маълумотли муҳандис-механик дипломи билан қайтиб келди. Манғит пахта тозалаш заводида иш меъёрини белгиловчи мутахассис, чилангар-ишчи, кейинчалик иқтисодчи вазифаларида ишлади. Ўзига нисбатан ўта талабчан, ҳалол ва фидойи бу йигит нафақат ўзи меҳнат қиладиган жамоаси, балки туман раҳбариятининг ҳам назарига тушди.

1974-1975 йилларда туман фирқа қўмитаси инструктори лавозимида ишлаган Йўлдош Собировнинг ташаббускорлиги, ишчанлиги, билимдонлиги алоҳида эътироф этилиб, 1975 йилда Амударё туман ёшлар ташкилотининг 1-котиблигига тайинланди. Йўлдош Собиров вақт ўтган сари ҳаётни мукаммал ўрганишга, зиддият ва нуқсонлардан хулосалар чиқариб яшашга ўрганди. Қийинчиликлар қаршисида тиз чўкмади, балки ҳар қандай муаммога ўз вақтида ечим топишга интилди ва буни ҳаёти давомида ўз иш фаолиятида метин қоидага айлантирди.

Ўтган асрнинг 1978-1979 йилларида 44-автокорхона директори, 1979-81 йилларда Манғит шаҳар Кенгаши раиси лавозимида фаолият юритган Йўлдош Собиров автокорхона маъмурий биноси, корхона ишчилари учун кўпқаватли турар жой, болалар боғчаси қурилишларини беш йилликлар режасига киритиш учун қалин иш папкасини қўлтиқлаб кирмаган идораси, бош суқмаган эшиги қолмаганди ўшанда. Минг бир машаққат билан бу муаммолар ечимини топганида иш столида Манғит шаҳридаги марказий кўчалардан бирини асфальтлаш, шаҳарда ва шаҳар атрофи халқа йўлида автобус қатновини йўлга қўйиш масалалари кўтарилган халқ аризалари пайдо бўлди. Яна елиб-югуриш, бу муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар билан юқори ташкилотларга асосли ҳужжатлар тайёрлаш...

Шундай кунларнинг бирида унга яна бир ишонч билдиришди. Тумандаги оқсаётган соҳалардан бири – маиший хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлашди.Ёшлар ташкилотида 1-котиб вазифасида ишлаганида катта-катта ташаббуслар билан чиқиб, пахтачилик ва чорвачилик йўналишларида ёшлар бригадаларини тузиб, бу бригадалар тажрибаларини бутун туманда оммалаштирган, замонавий стадион, шаҳар марказида шинам санъат саройи қурилишларига бош-қош бўлган Йўлдош Собировнинг ишчанлик, талабчанлик ва ташаббускорлик хислатлари туман маиший хизмат кўрсатиш бошқармасини қолоқлик ботқоғидан олиб чиқишда қўл келди. Соҳада кескин бурилишлар ясалди. Бошқарма ихтиёрида тамоман янги тармоқ – мебелсозлик ривожланди, пуллик хизмат кўрсатиш турлари кўпайди. Энг чекка қишлоқлар марказларида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди.

Ўз меҳнат фаолиятининг асосий қисмини турли соҳаларга раҳбарлик қилиш билан ўтказган Йўлдош ота Собиров туман Назорат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган даврларини “иш фаолиятимдаги энг беором кечган йиллар” деб атади. 6 йил давомида мазкур инспекцияни бошқарган Йўлдош Собиров инспекцияга келиб тушган ҳар бир ариза ва шикоят билан жиддий шуғулланди, ҳақиқат учун курашди, эгилди, лекин синмади. Халқ манфаати ва адолат ғояларини ҳимоя қилиш йўлида асло чекинмади. Бу борадаги фаолияти кимларгадир ёқмади, катта-катта минбарлардан туриб Йўлдош Собировнинг номига танқидлар, койишлар айтилди.

– Тўғрисини айтсам, Назорат инспекцияси раҳбари вазифасида ишлаганимда журналист Саъдулла Хўжаниёзов менга катта ёрдам берган, буни яширмайман ва ҳамиша ундан миннатдорман – дейди Йўлдош ота ўша даврни эслаб.

Ҳалоллик – ҳақ кўнгиллиларни бирлаштиради, деганлари нақадар рост. Йўлдош ота Собиров ўтган 71 йиллик умри давомида салкам 50 йил халққа ҳалол ва фидойи хизмат қилди. Деярли 30 йил турли раҳбарлик лавозимларида ишлади. Беминнат хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Олий Советининг фахрий ёрлиғи ҳамда “Шавкатли меҳнати учун” медаллари билан мукофотланди. Болаликдан қадрдон дўсти, синфдоши Ниёзжон она билан қурган аҳил оила чаманида 6 нафар ўғил-қизни тарбиялаб, элга қўшди. Умр йўлларига, ортига назар ташлаб, Ниёзжон онага мамнуният билан:

– Ёмон яшамабмиз, кампир! – дея шукрона келтиришлари, албатта, ҳавасга лойиқ.

Ахир фарзандларининг барчаси ўқимишли. Қизлари Маликахон, Моҳирахон, Нодирахон, ўғиллари Отабек ва Нурбекжонлар онасининг касбини танлашди – ўқитувчи! Шоирахон қизи тадбиркор. Интилувчанлик ва ташаббускорлик, одамларни ортидан эргаштира олиш қобилиятлари Йўлдош отадан ўтган чоғи, катта ўғил Отабек Йўлдошов туман Халқ таълими бўлими раҳбари, Нурбекжон эса 5-сонли умумтаълим мактаби директори.

Бири-биридан хушсурат, хушхулқ келинлари Шоирахон билан Насибахонларнинг уй тутишлари, рўзғорим, уйим-жойим, деб туришлари ҳавасга муносиб. Бу ёғини сўрасангиз, пир-у бадавлат Йўлдош ота Собиров ва Ниёзжон оналарнинг меҳр-муҳаббат чаманидан илдиз отган Собировлар оилаларида 20 нафар билағон, эпчил, хушмуомала неваралар, 2 нафар жажжи чеваралар улғайишмоқда.

– Кексаликнинг гашти ҳам, ифтихори ҳам шуда, – дейди Ниёзжон она меҳр билан.

– Ҳаётнинг гўзаллиги де, кампир! – умр йўлдошига самимият билан боқади Йўлдош ота.

– Минг-минг шукур, шундай дориломон кунларга, ўғил-қизлар қувончига етказганига шукур. Қани, отаси, бир дуо қилинг.

– Илоҳо омин, барчага фарзандлар камолини кўриб, улуғ ёшларга етиш насиб қилсин. Юртимиз тинч, халқимиз хотиржам, ҳаётимиз гўзал дамларга тўлиқ бўлсин!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: