"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ЭЗГУЛИКНИ МАДҲ ЭТУВЧИ АСАP

“Маҳоратли журналист Pобия Йўлдошеванинг янги китоби чиқибди. Таниқли педагог Ж.Чоршамов ҳақида экан”, деган хабарни эшитганимдан кейин китобни варақлаб кўрганимга қадар “Pобияни бу инсон ҳақида китоб ёзишга нима ундаган экан”, деган саволга жавоб топишга уриндим. Жавоб эса китобнинг дастлабки саҳифалариданоқ топила қолди: “Биз фидойилик ҳақида жуда кўп гапирамиз. Баъзан зиммасидаги вазифасини қойилмақом қилиб уддалаган инсонларни ҳамиша “фидойи” деб ардоқлаймиз. Албатта, ҳар қандай фидойиликнинг баҳоси ҳурмат ва эъзозда, халқ эътирофида. Лекин шундай фидойилар бўладики, умрининг бирор лаҳзасини ўзи ёки оиласи учун сарфлаш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Бундайлар бутун онгли ҳаётини халқ манфаати йўлидаги хайрли ишлар учун сарфлайди. Агар таъбир жоиз бўлса, Жумамурод Чоршамов ҳали ўсмир ёшидаёқ ўз “мен”ини унутган, бутун умрини халқ хизматига бағишлаган эдилар”.

Бу сатрларни жавоб деб билганим ва ундан қониққанимнинг сабаби шундаки, Pобия Йўлдошеванинг ўзи  ҳам шундай инсонлар  сирасига киришини яхши биламан. Масалан, Pобиядан неча китоб нашр қилдирдингиз, деб сўралса, маълум бир сонни айтиши мумкин, лекин кўплаб ижодкорларнинг китоблари унинг кўз нури, қалб қўридан баҳра олиб дунё юзини кўрганини ҳисобга олсак, бу сонлар салмоғини ҳисоб-китоб қилиш қийин бўлар эди. Ўз вазифаси ва оила ташвишларидан ортиб, ижодкорларга бундай беминнат ёрдам кўрсата билишнинг ўзи ҳам ана шундай фидойиликка мансуб эканлиги аниқ ва равшандир.

“Эзгулик йўлидаги матонат” китобининг ёзилишига ҳам асар қаҳрамони билан муаллифнинг қалбан яқинлиги туртки бўлган деб биламан. Ўз ҳаёти ва иш фаолияти давомида фидойиликнинг юксак намунасини кўрсатиб кетган Жумамурод Чоршамовдай шахслар ўзлари билан бир даврда хизмат қилган инсонлар қалбида ҳамиша яшайди. Чунки муаллиф таъкидлаганидай, “жавоҳирот сандиқлари очилиб, минглаб инсонлар қалбларини илм нурлари ила ёритганда, минглаб инсонлар ҳаётига зийнат бағишлаганда халқнинг миннатдор нигоҳларида бу инсонлар суврати мангу муҳрланиб қолди, сийратлари эса халқнинг меҳр ришталари ила туташди”.

Муаллиф асар қаҳрамонининг касб танлашида ота-онасининг маслаҳатлари алоҳида аҳамият касб этганини ҳам кўрсатиб ўтади:

“Ўқитувчи – келажакка дахлдор касб эгаси. Мамлакатнинг қандай ривожланиши кўп жиҳатдан таълим-тарбияга, ўқитувчи шахсига боғлиқ, дейишди улар”. Ота-онасининг қанчалик доно фикр билдирганларини ҳозирда иқтисоди энг ривожланган давлатлар қаторида бўлган Сингапурнинг собиқ бош вазири Ли Куан Юннинг ушбу сўзлари исботлайди: “Мен Сингапурда мўъжиза яратмадим. Мен фақат Ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос. Давлат бюджетини таълимга йўналтирдим. Муаллимни энг қуйи табақадан Сингапурдаги энг юқори мартабага кўтардим. Давлатдаги “мўъжиза”ларни қилган инсонлар – муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган, камтар авлодни етиштириб чиқардилар. Бунинг учун улардан миннатдормиз”.

Китобни ўқир эканман, Ж.Чоршамовнинг ана шундай мўъжизакор муаллимларимизнинг дастлабки авлодига мансуб эканлигига амин бўлдим.

Китобнинг муваффақиятли чиқишига муаллифнинг асар қаҳрамони умри бўйи ёзиб борган “Ҳаётнома”си ва дўсти Камол Ниёзовнинг “Кундаликлар”ини синчиклаб ўрганиб чиқиши ҳам салмоқли ҳисса бўлиб қўшилган. Чунки кундалик юритувчи инсон уни бошқалар ўқиши учун мўлжалламагани туфайли, фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдиради ва насиб этиб ўқиган кишида кундалик юритувчининг қандай инсон эканлиги ҳақида таассурот уйғотади.

Мен ўзим Ж.Чоршамов билан шахсан таниш бўлмаганман, лекин 1979-80 йилларда жамоа хўжалигининг ёшлар ташкилотида котиб бўлиб ишлаганим сабабли фирқа ташкилотига аъзоликка номзодларни у киши раис бўлган фирқа комиссиясига олиб боришимга тўғри келарди. Ана шунда Жумамурод Чоршамовнинг қаттиққўл, ўта ишчан, интизомли, лекин адолатпарвар инсон эканлигига кўп бора гувоҳ бўлганман. Китобни ўқиб, бу инсоннинг мактабдаги раҳбарлик ташвишидан ортиб, жамоатчилик асосида комиссия раислигидан ташқари, халқ суди раиси, бюро аъзоси сифатида ҳам фаолият юритганини билганимдан кейин унинг ўз ишига фидойи, балки вақтдан нақадар унумли фойдалана олиши ва қанчалик кучли ирода эгаси бўлганига гувоҳ бўлдим.

Маълум бир жойда муаллиф шундай бир савол қўяди ва унга жавоб топишга уринади: “ҳозирги пайтда мактабларимизда шундай фидойи ўқитувчилар бормикан?”

Бу саволга шундай жавоб  бергим келади: “билмадим, билмадим, борлари ҳам... борлари ҳам Жумамурод Чоршамовчалик эмасдир-ов...”

Албатта, шоли курмаксиз бўлмаганидай, ташвиш кўплигини баҳона қилиб номига дарс ўтадиган муаллимлар ҳам топилади. Лекин туманимиз мактабларида дарсдан ташқари дарслар, машғулотлар ўтказиб, шогирдларини камолот сари йўллаётган ўқитувчилар ҳам борлигига аминман.

“Эзгулик йўлидаги матонат” китобини ўқиган педагоглар орасида уларнинг сафини тўлдирувчи устозлар бўлишига имоним комил.

Бу эса буюк файласуф Аристотелнинг ушбу сўзларига тўла мос келади:

“Болаларни тўғри тарбиялаганлар уларни дунёга келтирганлардан кўра кўпроқ фахрлансалар арзийди”.

Китобни ўқиш жараёнида шу нарсага амин бўлдимки, муаллиф ўз китобида, ҳурматли ҳокимимиз С.Йўлдашев китобга ёзган кириш сўзида таъкидлаганидай: “ўзининг  синмас қатъияти, ирода кучи билан ўз бурчини юракдан ҳис этиб, эзгу мақсадлари рўёби учун интилиб яшаган Жумамурод Чоршамов ҳаёти давомида бунга эришгани ва зиммасидаги бурчини шараф билан адо эта олган”ини фактлар ҳамда равон тил билан ифодалаб бера олган.
Китобнинг ёш педагоглар учун чинакам ибрат мактаби бўла олиши ҳам айни ҳақиқат.

Яна бир дурдона асар пайдо бўлганлиги билан барча китобхонларни муборакбод қиламан!

Аҳмад НАФАСОВ,
“Жайхун илҳомлари” ННТ раиси.

Янгиликни бўлишинг: