"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9395.63 +10.43
  • 1 EUR = 10360.6 +63.20
  • 1 RUB = 142.96 +1.39

ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ХОТИН-ҚИЗЛАP ТАШКИЛОТЛАPИ АНИҚЛАНДИ

Туманимиздаги корхона, ташкилот, муассасалардаги хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари ва унинг таркибий тузилмаларидаги бошланғич ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизларга кенг имкониятлар яратиш, уларнинг жамиятда, сиёсий-ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги вазифаларни ҳал қилишдаги фаоллигини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик, касбий маҳоратини ошириш, шунингдек ёшларни маънавий баркамол, ғоявий етук, миллат ва давлатнинг тараққиёти йўлида ўз кучини аямайдиган инсонлар қилиб тарбиялашда фидойилик билан меҳнат қилаётган Хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари раисларини аниқлаш, уларнинг илғор иш тажриба ва услубларини кенг ёйиш мақсадида ташкил этилган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.

Амударё Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биносида бўлиб ўтган кўрик-танловда тадбир иштирокчилари томонидан ташкил этилган кўргазма намойиш этилди. Коллеж фойесидаги кўргазмага қўйилган туманимиздаги турли идора ва ташкилотларда фаолият юритаётган бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раҳбарлари, коллеж ва умумтаълим мактаблари ўқувчи-қизлари томонидан ясалган ҳунармандчилик буюмлари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

Кўрик-танловни туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова очди ва иштирокчиларга муваффақият тилади.

Шундан сўнг бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари кўрик-танлов шартлари бўйича ўзаро куч синашдилар. Кўрик-танлов шартларига кўра, иштирокчиларнинг билимдонлиги, топқирлиги, эпчиллиги, уддабуронлиги, муаммолар ечимини топиш бўйича маҳоратлари ҳамда алоҳида қобилиятларига алоҳида аҳамият берилди.

Қизғин баҳслар ва дўстона вазиятда ўтган беллашувларда “Энг намунали маҳалла бошланғич ташкилоти” йўналиши бўйича Дарё бўйи МФЙ бошланғич ташкилоти раиси Эркиной Ёқубова 1-ўрин, Бўзёп ОФЙ бошланғич ташкилот раиси Ойзода Эшимбетова 2-ўрин, Босув МФЙ бошланғич ташкилот раиси Дилфуза Тўраева 3-ўринни эгаллашди.

“Энг намунали МТМ бошланғич ташкилот” йўналишида 2-сонли МТМ бошланғич ташкилоти раиси Дилбархон Матназарова 1-ўрин, 5-сонли МТМ бошланғич ташкилоти раиси Гуласал Қутимова 2-ўрин, 29-сонли МТМ бошланғич ташкилоти раиси Мақсуда Қаландарова 3-ўрин соҳибалари бўлишди.

“Энг намунали мактаб бошланғич ташкилоти” йўналишида 1-ўрин 76-сонли мактаб бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ўрозгул Якубовага касиб этган бўлса, 44-мактаб бошланғич ташкилоти раиси Дилором Яхшибоева 2-ўрин, 20-сонли мактаб бошланғич ташкилоти раиси Гулбаҳор Аллаберганова 3-ўрин ғолиби бўлдилар.

“Энг намунали корхона ва ташкилот  бошланғич ташкилоти” йўналишида 1-ўрин туман МТМ бўлими бошланғич ташкилоти раиси Моҳира Юсуповага, 2-ўрин туман маданият маркази бошланғич ташкилоти раиси Насиба Ешчановага, 3-ўрин эса туман халқ таълими бўлими бошланғич ташкилоти раиси Татьяна Пирнафасоваларга насиб этди.

Кўрик-танловда “Энг намунали тиббиёт муассасаси бошланғич ташкилоти йўналиши бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Унга кўра, туман Тиббиёт бирлашмаси бошланғич ташкилоти раиси Нилуфар Қурбонбоева 1-ўрин ғолиби бўлди.

2-ўрин 5-сонли Қишлоқ оилавий поликлиникаси бошланғич ташкилоти раиси Улбўсин Дўсчановага, 3-ўрин эса 2-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси бошланғич ташкилот раиси Мунаввара Дўсчановага насиб этди.
Кўрик-танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.


P.Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: