"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Жайхун илҳомлари

ЭНДИ

Йўлсиз сув ҳам оқар беҳуда,

Умр уқтирди, биламан энди.

Ўринли-ку ёр-дўстга жуда,

Китоб совға қиламан энди.

Олтин-кумуш бахт бермас бойлик,

Сирти силлиқ гуллик – чиройлик,

Олма они, ичи саройлик –

Китоб совға қиламан энди.

Китоб – калом жамлаган олам,

Сир очарсан қочмасанг, болам,

Мен – боғбонинг, сен бўлиб лолам,

Китоб совға қиламан энди.

Юз-кўзингга нур таратади,

Илмлиликни ул яратади,

Илиб олсанг, кўп ярашади,

Китоб совға қиламан энди!

Ж.ҲИДОЯТОВ.

 

ҚАЙДАН ИЗЛАБ ТОПГУМ ЭНДИ?

Муҳаммад Юсуф хотирасига

Мана бугун боғда сарин сабо елди,

Қалдирғочлар гул баҳорни бошлаб келди,

Лек бу баҳор кўзларимни ёшлаб келди,

Кўзимда ёш қизғалдоқни ўпгум энди,

Муҳаммадни қайдан излаб топгум энди?

Майли, барча шоирларни устоз дейин,

Тополмайман лек, Муҳаммад Юсуфдайин.

Кўзларимда ёш қалқийди борган сайин,

Ой юзини этак билан ёпгум энди,

Муҳаммадни қайдан излаб топгум энди?

Бир мунг чиқмас сўз мулкига султонлардан,

Сўролмайман Қодирий ва Чўлпонлардан.

Қидирайми изларини осмонлардан,

Кеч бўлса-да, Андижонга чопгум энди,

Муҳаммадни қайдан излаб топгум энди?

Беш ёш эдим, афсус, уни кўролмадим,

Минг савол бор, бирортасин сўролмадим,

Мен ҳали ҳам Андижонга боролмадим,

Борсам агар, қабрин қучиб ётгум энди,

Муҳаммадни қайдан излаб топгум энди?

Комронбек Камол,

“Муҳаммад Юсуф издошлари”

тўпламидан. Қангли овули.

 

ҲУНАP

Дерлар, ўргансанг ҳунар,

Ҳунар-ла ризқинг унар.

Чала билсанг қирқтасин,

Тўкис билгин биттасин.

У ажойиб мўъжиза,

Ҳеч туганмас хазина.

Бойлигинг тугаса ҳам,

Ҳунаринг кетмас сира.

Нилуфар БЕКИМБЕТОВА,

30-сонли мактаб ўқувчиси.

 

КИТОБЛАP ОЛАМИ

Менинг китоб жавоним,

Кўзимни қувнатади.

Достон, шеър-у эртаклар,

Дилимни яйратади.

Дадажоним доимо,

Совға қилади китоб.

Хонам ҳам нурга тўлар –

Китоблар мисли офтоб.

“Сариқ девни миниб”ми,

“Сариқ девнинг ўлими”.

Ўқигач, билса бўлар,

Тўғри ҳаёт йўлини.

Алишер бобомизнинг,

Ғазалларин ўқидим.

Улардан завқланиб мен,

Турфа шеърлар тўқидим.

“Гулливернинг саёҳати”н,

Ўқиб маза қилдим мен.

У билан ҳатто бирга,

Саёҳатда бўлдим мен.

“Алпомиш”ни ўқигач,

Катта сабоқлар олдим.

Оға-ини жанжалининг,

Ёмон томонин билдим.

Конфуций таълимоти,

Эзгуликка бошлайди.

Ҳатто, баъзи жумлалар,

Кўзингизни ёшлайди.

“Қобуснома” ўгитлари,

Йўлингизни ёритар.

Эзгулик ва ёвузликнинг,

Чегарасин танитар.

Ўқиб, уқсак китобларни,

Тўғри ибрат оламиз.

Юрт ишончин оқлайдиган

Йигит-қизлар бўламиз.

Озода КАМОЛОВА,

19-мактаб ўқувчиси.

 

Китоб

Бизга беради билим,

Ўргатар ҳаёт илмин.

Дўст бўлинг китоб билан,

Танишинг олам билан.

Янги-янги китоблар

Ўқиб олинг баҳолар.

Ҳамроҳ бўлар ҳар қачон

Сиз излаган қаҳрамон.

Лайлохон КАМОЛОВА, 40-сонли мактаб ўқувчиси.

 

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ АДАБИЙ БЎЛСИН

Онанинг бағридай иссиқ Ватаним,

Тупроғи бебаҳо, олтин Ватаним.

Сенга таъзим қилай, кўксимда қўлим,

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Сени кўролмайин юрганлар қанча,

Зимдан тошлар отиб юрганлар қанча?

Халқингнинг бирлиги, мардлиги учун,

Сенга ёвлар яқин келолмас асло.

Байроғинг кўкларга кўтармоқ учун,

Pавон йўлга чиқдик, ҳавасда очун.

Ёшлар камарбаста эзгу йўлингда,

Мангу мустақиллик ва ҳурлик учун!

М.Мадиёров, 51-сонли мактабнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси.

 

МЕҲPИБОН УСТОЗИМ

Мактабга илк бора қўйганда қадам,

Мени кутиб олди ёруғ юз билан.

Қўлимга тутқазиб қоғоз-у қалам,

Ўқиш ва ёзишни ўргатган онам –

Меҳрибоним менинг, азиз Устозим!

Шу ондан ўзимни бахтиёр сездим,

Гўё осмонларда парвоз қилдим мен.

Хаёлимда чексиз дунёни кездим,

Чунки илм томон қадам қўйдим мен.

Дилга ҳавас, ҳайрат солган Устозим!

Дилноза БОЗОPБОЕВА, 40-мактаб ўқувчиси.

 

ДЎСТЛИК

Қандай яхши ёнингда ўртоқ,

Дўстларинг-ла яшасанг иноқ.

Шундайлар бор, аммо ҳаётда –

Дўстлари йўқ, меҳрдан йироқ.

Дўстинг билан бу дунё гўзал,

Барча инсон тинч-тотув яшар.

Дўстлар учун оқибат афзал,

Бир-бирига меҳр улашар.

Дўстлик билан мунаввар олам,

Дўсти йўқлар ютарлар алам.

Дўстлик билан мангу осуда,

Халқлар яшар ва миллатлар ҳам.

Ирода БЕКИМБЕТОВА,

30-мактаб ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: