"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8584.5 +5.64
  • 1 EUR = 9673.87 +44.65
  • 1 RUB = 136.34 +1.48

КЕКСАЛИКНИ СОҒЛОМ КУТИБ ОЛИШ МУМКИН

Кексалик – бу ҳаётимизнинг табиий бир ҳолатидир.

Ҳаётга муҳаббат, яшашга ташналик ҳисси одамзод қалбидан бир умр ўчмайди.

Табиат қонуни шундайки, ойлар, йиллар ўтиши билан одам балоғат, камолот даврларидан ўтиб, кексалик палласига қадам ташлайди.

Кексаликка заифлашган ёки кучдан қолган давр деб қарамаслик керак. Соғлик билан боғлиқ бўладиган муаммолар асосан соғлом турмуш тарзига амал қилмасликдан келиб чиқади.

Қариликда саломатликни асраш учун бир қанча омилларга асосланиш лозим: яъни, соғлом овқатланиш, меъёрий жисмоний фаоллик, фаол турмуш тарзини кечириш керак. Қариялар учун ман қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари йўқ, лекин баъзилари фойдалироқ бўлганлиги учун кўпроқ тавсия этилади, кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари турли-туман бўлиши лозим. Бунда бир вақтда овқатланишга одатланиш, узоқ вақт давомида оч қолмаслик, ёғли, ўта шўр ва аччиқ овқатларни чеклаш зарур.

Буғда ва қайнатиб пиширилган таомларни, мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Жуда иссиқ ва жуда совуқ таомларни асло истеъмол қилмаслик ва кўпроқ ҳаракатда бўлиб, тоза ҳавода сайр қилиш, қариликда яхши жисмоний ҳолатда бўлиш, узоқ вақтгача соғлом ва фаол яшашга ёрдам беради.

Китоб ўқиш, кроссвордлар ечиш, шахмат ўйнаш, ижод қилиш ақлнинг чархланишига, хотира мустаҳкамланишига, диққат-эътиборнинг жамланишига олиб келади.

Кексаларнинг қариндош-уруғлар, ёр-биродарлар билан тез-тез кўришиб туриши мақсадга мувофиқдир.

Меҳнат қилиш ва дам олишни тўғри ташкил қилиш, 7-8 соатлик уйқу ҳаёт фаолиятининг бир маромда давом этишига ёрдам беради.

Тамаки ва нос чекиш, спиртли ичимликлар ичиш юрак-қон томир, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш тизими аъзолари касалликлари келиб чиқиш хавфини оширади.

Касалликларнинг олдини олиш мақсадида, кексалар доимий равишда шифокор назоратида бўлишлари, бош айланиши, бош ва мушакларда оғриқ сезилса, иштаҳаси пасайса, уйқусизлик кузатилса, қулоқда шовқин, кўкрак қафаси ва қорин соҳада оғриқ пайдо бўлса ва бошқа ҳолсизликлар кузатилса, тезда шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Профилактик мақсадда шифокор кўригидан ўтиб туриш тавсия этилади.

Ж.ЯВҚАШЕВ, туман Тиббиёт бирлашмаси Саломатлик бўлими мудири.

Янгиликни бўлишинг: