"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

Қадимий “Чилпиқ”да туризмни ривожлантириш бўйича 378 млн. сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодиётида сезиларли даромад келтирадиган соҳалардан бири туризмдир. Бугунги кунда туризмнинг ҳар хил ноанъанавий турлари ташкил қилиниб, сайёҳлар янада кўпроқ жалб этилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам туризм соҳаси жадал ривожланмоқда. Айтиш жоизки, юртимиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳат қилиш истагини билдираётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони тобора ортмоқда. Шунингдек, келаётган сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати ҳам яхшиланмоқда.

Туризм соҳаси ривожлантирилишида Президентимизнинг “Ички туризмни жадал ривожлантириш тўғрисида”ги, “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ҳамда “Ўзбекистон Pеспубликасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрсида”ги Фармони муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур Қарор ва Фармонларнинг ижросини таъминлаш бўйича туманимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Амударё соҳилида жойлашган қадимий “Чилпиқ” қалъаси ҳам археолог олимларнинг, кўплаб сайёҳларнинг эътиборини тортиб келаётган тарих дурдоналаридан бири саналади. Шу сабабли бу ерда сайёҳлик марказини ташкил этиш, қалъани ободонлаштириш бўйича қиймати 378 млн. сўм бўлган лойиҳа ишлаб чиқилди.

Шу кунларда “Манғит Инвест Максимум” МЧЖ ишчилари обида тепасига олиб чиқувчи зина ва сайёҳлар учун дам олиш уйи биносининг қурилиш ишларини қизғин суръатларда олиб боришмоқда. Чунки қурилиш ишлари тезда тугалланиб, лойиҳа жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Ундан ташқари, туманга ташриф буюрувчи сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида катта йўл ёқаларида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳамда аҳоли гавжум жойларда, яъни деҳқон ва буюм бозорларида жами 5 та замонавий санитар-гигиеник шохобчалар ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.

Бугунги туризм сайёҳларни ноодатий туристик хизматлар – мўъжизавий дам олиш масканлари ва маҳаллий аҳолининг ўзига хос турмуш тарзи билан жалб қилишни тақозо этади.

Туманда ҳам мазкур йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида қиймати 620 млн. сўмлик меҳмон уйларини ташкил қилиш бўйича 14 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, шунинг ҳисобидан 22 та янги иш ўринлари ҳам яратилиши мўлжалланмоқда.

“Чилпиқ” тарихий обидасига яқин бўлган “Беш том” маҳалласи ҳудудидаги 10 та оилавий меҳмон уйларида охирги пардозлаш ишлари тугатилиб, шу кунларда хоналарни жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Қиймати 460 млн. сўмни ташкил қилган мазкур лойиҳанинг 160 млн. сўми оилавий тадбиркорларнинг ўз маблағи, қолган 300 млн. сўми эса банк кредити маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Қипчоқ шаҳарчасидаги тадбиркор М.Абдуллаев ҳам 30 млн. сўм ўз маблағи, 30 млн. сўм банк кредити ҳисобига меҳмон уйи ташкил қилмоқда.

Чойкўл овули ҳудудида эса тадбиркорлар А.Бобожонов, Д.Бобожонов, И.Норбоевалар 140 млн. сўм маблағ ҳисобига 3 та оилавий меҳмон уйлари ташкил қилишни режалаштиришган бўлиб, шундан 50 млн. сўм тадбиркорларнинг ўз маблағи, 90 млн. сўм банк кредити маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзланмоқда.

Бундай лойиҳалар тадбиркор оилалар сафини кенгайтириб, дам олиш ва сайёҳлик учун шарт-шароитларни яхшилаш билан бирга туманимизнинг туристик салоҳиятини оширади. Қадимий “Чилпиқ” қалъаси атрофида ташкил этилаётган сайёҳлик маркази эса нафақат маҳаллий, ҳатто хорижий сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортиб, туманимизни, миллий ва маънавий қадриятларимизни, олис тарихимизни, маданиятимизни дунёга танитадиган масканга айланади. Шунингдек, ташкил қилинаётган мазкур йўналиш – туризм соҳаси туманимиз иқтисодини янада юксалтиришга хизмат қилади, десак асло муболаға бўлмайди.

Озода Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: