"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Ҳаёт саховатли инсонлар билан гўзал

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йил 2-24 апрель кунлари ўтказилган “Book challenge” акцияси миллионлаб юртдошларимиз қалбига саховат уруғини қадади, десам адашмайман. Аллоҳ розилиги йўлида беминнат хайр-эҳсон қилиш халқимизнинг энг улуғ ва азалий қадриятларидан бири. Ўзгаларга меҳр, қувонч, хайр-саховат улаша олган инсонлар ўз қалбларида чексиз қувончни, яшаш завқини, ҳаёт қадрини ҳис қила оладилар. Бу ҳис-туйғулар шунчалар ёқимлики, инсон имкони келганича яна ва яна меҳр-мурувват, хайр-саховат улашгиси келаверади. Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, юртимизда ана шундай қалби дарё, саховат-пеша инсонлар жуда кўп.

Апрель ойида юртимиз бўйлаб ўтказилган “Book challenge” акцияси нафақат саховат улашиш, моҳиятан маърифат улашиш, зиёга чорлаш акцияси бўлди. Йиллар давомида унутилаёзган китобхонлик қадрияти қайта туғилаётганидан биз ўқитувчилар жуда хурсанд бўлдик. Ўқувчиларимиз қўлидаги ҳар хил бадиий китоблар, кўзларидаги китобга меҳр туйғуси маънавий қадриятларимизнинг нақадар улуғворлигидан далолатдир.

Китобхонликка бўлган тарғибот ва ташвиқот бу борада ота-оналарнинг тушунчасини ўзгартирди. Бугунги кун ота-оналари боласи учун энг яхши совға китоб эканлигини англаб етмоқда. Бунга “Китоб улаш” акцияси давомида гувоҳ бўлдик. Ота-оналар нафақат ўз болаларига китоблар сотиб олиб бериб хурсанд қилишди, балки фарзанди таълим олаётган мактаб кутубхонасига ҳам кўплаб китоблар совға қилишди. Акция муборак Pамазон ойида ҳам давом этди. Болалар қувончидан қувона билган барча саховатли ота-оналарга ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.

Замонамиз ёшлари учун энг яхши ҳадя – китобдир. Азизлар, болангизга ёки мактаб кутубхоналарига илмий ёки бадиий китоблар совға қилар экансиз, жамиятимиз маънавиятига, эртанги ёруғ кунларимизга ҳиссангизни қўшган бўласиз. Зеро, китобни севган, қадрлаган болалар бировга ёмонлик қилишмайди. Эл-юртни, ўзини ва ўзгаларни қадрлашни ўрганади. Меҳр кўрган, саховат, мурувват кўриб ўсган болалар эртага ўзлари ҳам бошқаларга меҳр-мурувват кўрсата оладиган шафоатли инсонлар бўлиб вояга етишади.

Ҳулкарой ХЎЖАНИЁЗОВА, 40-мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: