"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

Учувчисиз учиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда олиб кирганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Мамлакатимизда ҳуқуқ соҳасида жорий қилинаётган ислоҳотлар энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кўзлаб амалга оширилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган ва Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти томонидан 2019 йил 2 майда тасдиқланган Ўзбекистон Pеспубликасининг Жиноят, Жиноят-процессуал Кодексларига ҳамда Ўзбекистон Pеспубликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Pеспубликаси қонунига мувофиқ, тегишли қўшимчалар ва ўзгартиш киритилди.

Ўзбекистон Pеспубликасининг Жиноят Кодекси учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишга доир 244-4-модда билан тўлдирилди. Ушбу янги нормага кўра учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, — уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса ва баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар одам ўлишига сабаб бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ундан ташқари ҳалокатга ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса ҳам саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишга доир жазо тайинланади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилинади.

Ўзбекистон Pеспубликасининг Жиноят Кодекси учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш бўйича янги мазмундаги 2481-модда билан ҳам тўлдирилди. Мазкур модда талабига кўра учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни бошқа шахсларга бериш тартибини бузиш, бошқа мақсадларда фойдаланиш уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилса ва баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Одам ўлишига сабаб бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ундан ташқари одамлар ўлимига, ҳалокатга ва  бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишга доир жазо тайинланади. Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач амалга киритилади.

Туман Адлия бўлими томонидан ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш, самарадорлигини ошириш борасида қабул қилинаётган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш  бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

 

А.А.Кутжанов, туман Адлия бўлими  етакчи маслаҳатчиси.

 

Янгиликни бўлишинг: