"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

СУВ СПОPТИ – ИНСОНГА МУСТАҲКАМ СОҒЛИК, ЖИСМОНИЙ КУЧ-ҚУДPАТ, МАЪНАН ГЎЗАЛЛИК БАХШ ЭТАДИ

Сув спорти нафақат инсонни соғломлаштиради, балки унга жисмоний гўзаллик бағишлайди. Ҳатто болаларда учрайдиган айрим нуқсонларни даволашда сув спортининг аҳамияти катта. Хусусан, нафас йўллари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда, болалар феълидаги асабийлашиш, жиззакилик каби нуқсонларни йўқотишда бу спорт турининг ўрни ғоят муҳим.

Туманимизда ҳам туман ҳокимининг ташаббуси билан ёпиқ сузиш сув ҳавзаси барпо этилиб, 2019 йил бошида ишга туширилди. Мазкур сув ҳавзасини қуриш учун давлатимиз томонидан 4 млрд. 876 млн. сўм пул маблағи ажратилди. Шуниси эътиборга моликки, сув ҳавзаси замон талаблари даражасида, жаҳон андозаларига мос спорт анжомлари ва ускуналари билан жсҳозланган.

Айни пайтда сув ҳавзасида соғломлаштириш ва бошланғич тайёргарлик гуруҳлари ташкил этилган. Соғломлаштириш гуруҳларида 8-9 ёшгача бўлган болалар учун бепул шуғулланиш имконияти яратилган. Ундан катта  ёшдагилар эса ёшига мутаносиб равишда, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг  2018 йил 3 майдаги 333-сон Қарорига мувофиқ пуллик  соғломлаштириш гуруҳларида шуғулланишмоқда.

Ҳафтанинг уч кунида мураббий Жавоҳир Матирзаев раҳбарлигида сув спорти турлари бўйича шакллантирилган гуруҳларда 64 нафар ёшлар шуғулланишмоқда.

Сув ҳавзасида сув спорти турлари бўйича шуғулланишни хоҳловчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилганини алоҳида  таъкидлаш жоиз. Ҳафтанинг уч кунида ўқувчи ёшлар, эр болалар ва катталар, уч кунида эса туманимиз аҳолиси, аёл-қизлардан ташкил топган соғломлаштириш гуруҳларида машғулотлар олиб бориш белгиланган.

Айниқса, ўқувчи-ёшларнинг  ёзги дам олиш кунларини мароқли ўтказишлари, сув спорти турлари билан шуғулланишларини таъминлаш мақсадида сув ҳавзаси маъмурияти томонидан доимий қабул кунлари ташкил этилган ва ҳар куни қизиқувчиларни гуруҳларга қабул қилиш имконияти мавжуд.

Сув ҳавзасида шуғулланишни хоҳловчилар, албатта, мутахассис шифокорлар кўригидан ўтиб, 086 рақамли тиббий маълумотномани тақдим этишлари, бундан ташқари, сув ҳавзасида чўмилиш учун талаб қилинадиган спорт кийими, гигиеник воситалар, кўзойнак, резина шиппак, резина қалпоқчалар билан таъминланган бўлишлари шарт.

Сув спорти инсонга мустаҳкам саломатлик, жисмоний гўзаллик, ҳақиқий куч-қудрат бахш этиши билан бошқа спорт турларидан фарқ қилади ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмонан бақувват, ақлан етук, маънан гўзал қалб эгаси сифатида шаклланишида катта аҳамиятга эга. Шу боис, мен ота-оналарга:

- Фарзандларингизнинг сув спорти билан шуғулланишларига имконият яратинг ва бундан албатта хурсанд бўласиз, - дегим келади.

Ч.ТОЖИМУPОДОВ, туман БЎСМ директори.

Янгиликни бўлишинг: