"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

Ўзбекистон Экологик партияси туман ҳудудий партия ташкилотининг таъсис Конференцияси бўлиб ўтди

2019 йилнинг 22 май куни Амударё туманида Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Pеспубликаси Амударё тумани ҳудудий партия ташкилоти таъсис Конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда экология ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб конференцияда иштирокчиларга  жорий йилнинг 13 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг йиғилишида қабул қилинган қарор ҳақида батафсил ахборот берилди. Конференцияда Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Pеспубликаси Амударё тумани ҳудудий партия ташкилоти Кенгашига ва Ижроия қўмитасига аъзолар сайланди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 22 декaбрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган партиялараро рақобатни таъминлаш, барча сиёсий субъектлар учун тенг шароитлар яратиш, парламент ролини кучайтириш бўйича устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 8 январь куни Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилди ва 22 январь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия  вазирлиги томонидан давлат рўйхатига олинди.

Конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Pеспубликаси партия ташкилоти олдида унинг туман (шаҳар) ҳудудий партия ташкилотларини ташкил этиш бўйича бир қатор вазифалар тургани ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳудудий партия ташкилотлари фаолияти жойларда партиянинг мақсадларига эришиш ва дастурий вазифаларининг ҳал этилишини таъминлаш, қуйи партия ташкилотларининг фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштиришга қаратилади.

Конференцияда Ўзбекистон Экологик партияси фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар жумладан, “Ўзбекистон Экологик партияси аъзолигига қабул қилиш, партия аъзоларини ҳисобга олиш ва партия аъзолигидан чиқариш тўғрисида”ги Низом, “Ўзбекистон Экологик партияси аъзолик бадалларини тўлаш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш тартиби”, “Ўзбекистон Экологик партиясининг ички назорат-тафтиш хизмати тўғрисида”ги Низом лойиҳаси, “Ўзбекистон Экологик партияси иш регламенти” тайёрланди ва Марказий Кенгаш пленумида тасдиқланганлиги ва мазкур ҳужжатлар келгусида партия ҳамда унинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятини тартибга солишга қаратилганлиги ҳақида  ахборот берилди.

Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, атроф муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурслари таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби қатор глобал ва минтақавий экологик муаммолар пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу муаммолар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимиз учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалалари янада долзарб қилиб қўйилмоқда.

Қайд этилганидек, мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги кейинги қадам сифатида тўпланган тажрибалар асосида янги сиёсий партиянинг ташкил этилиши бугунги куннинг талаби бўлди. Албатта, экологик сиёсий партиянинг асосий эътибори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мамлакат ҳар бир фуқаросининг умумий иши бўлишига қаратилади.

Конференцияда сўз олганлар экологик партия олдида катта ва масъулиятли ишлар турганлигини алоҳида қайд этиб ўтишди. Мамлакатда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш ва ноёб табиатни сақлашга жамиятнинг барча кучларини сафарбар қилиш, жамиятда экологик маданият даражасини кўтариш, аҳолида миллий ғурур, Ватанга ва табиатга содиқлик ва муҳаббат ҳиссини шакллантириш ва мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратиш, ёшларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш ишларига ҳисса қўшиш, Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, салбий оқибатларини юмшатиш  каби вазифалар, шулар жумласидандир.

Конференцияда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Конференциядан сўнг, Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Pеспубликаси Амударё тумани ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши йиғилиши ўтказилди ва унда Ижроия қўмита аъзолари сайланди. Шунингдек, Конференцияда Жумабоев Одилбек Қудрат ўғли Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Pеспубликаси Амударё тумани ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ижроия қўмитаси раиси этиб сайланди.

Янгиликни бўлишинг: