"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ИСТИҚЛОЛ АВЛОДЛАPИГА

Иккинчи жаҳон урушида бир ярим миллион ўзбекистонлик фронтга жўнаган, беш юз минг йигит қайтмаган.

Тарихда ким, қандай номланди миллат,

Юрт, эл деб жонини тикканлар, бироқ –

Скифми, сўғдми, турк, ўғуз элат –

Ҳар қизи – Тўмарис, ҳар ўғли – Широқ!

Шер қилиб ўстирган ҳар ўғлин, қизин,

Ўзганинг юртига тикмаган кўзин!

 

Ёвдан не қолади? – Аза ва армон,

Юрт учун жон олиб, жон берган – ҳақдир.

Дарёга ранг бериб оқса қирмиз қон,

Манглайга урушни ёзса гар тақдир.

Халқим деган: “Сақла ўзлигинг ўзинг,

Алпомиш бўл, ўғлим! Барчин бўл, қизим!”

 

Ғажимоқ ниятда қашқирлар, итлар,

Бирлари қутуриб, бирлари писиб.

Доро-ю Искандар, Кир, Чингиз, Гитлер

Қон ичмоққа келган, кетган қон қусиб!

Спитамен, Муқанна, Торобий, Маздак –

Ҳурлик, тинчлик эди буларда маслак!

 

Беруний самою арзнинг тархин

Шарқу Ғарб аҳлига этганда баён.

Сино-ю Улуғбек, Нақшбандийга

Олам, Ғайб сирлари бўлганда аён.

Тан олди аждодлар даҳосин дунё,

Фахр этмай, унутмоқ мумкинми? Асло!

 

Бир йигит ўлса ҳам – эл учун мотам,

Уруш қурбонларин ёдда маҳкам тут!

Тўй ҳам кўролмасдан кетган, қайтмаган –

Беш юз минг Йигит-а, беш юз минг Йигит!

Қадрла, ёд айла, огоҳ бўл, огоҳ!

Шаҳидлар хотирин унутмоқ – гуноҳ!

 

Аждодлар руҳидан мадад, куч олиб,

Дуо қил, ёд айла тонг-у шомларда.

Илмда, спортда бўл мудом ғолиб,

Катта ареналар – издиҳомларда.

Жўш урсин юрагинг, томирда қонинг,

Юксак тут байроғин Ўзбекистоннинг!

 

Тилсиз, хотирасиз миллат – хаёл, пуч,

Манқуртдир бўлса ким ўтмишдан жудо.

Мангуберди руҳи – Полвон пирга куч,

Истиқлолга қадар қанча жон фидо.

Барини, барини ёдлаб, хотирлаб.

Истиқлол авлоди, яшанг қадрлаб!

Турсунбой АБДУЛЛАЕВ.

Янгиликни бўлишинг: