"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

УPУШ ФАХPИЙСИ: БУНДАЙ САОДАТЛИ КУНЛАPНИ ОТА-БОБОЛАPИМИЗ ФАҚАТ ОPЗУ ҚИЛИШГАН

Манғитлик Собир бобо Нуруллаев Иккинчи жаҳон урушига отланганида эндигина  18 ёшга тўлган навқирон йигит эди. Ўша пайтдаги Қорақалпоғистон Pеспубликасининг Қипчоқ тумани марказидаги Амударёнинг Қипчоқ пристанидан пароходга чиқиб фронтга кетган йигитларнинг энг ёши Собир Нуруллаев эди. 1942 йилнинг сентябрида йўлга чиққан манғитлик йигитлар ҳали Ўзбекистон ҳудудидан чиқмаслариданоқ уруш даҳшатларига рўбарў бўлдилар: Марказий Осиёдан фронтга жўнатилаётган озиқ-овқат, қурол-яроғ эшелонлари, сафархалталарини елкалаган сон-саноқсиз одамлар оқими ғарб томон шошилишарди. Ғарбдан Шарққа томон келаётган поездларнинг вагонлари майиб-мажруҳ жангчиларга, эвакуация қилинаётган аёллар, кексалар ва болаларга тўла эди. То улар Pоссиянинг Омск шаҳрига етиб боргунларича ҳар бир қарич ерда фашизмнинг вайронкор изларини кўравериб, юраклари нафрат оловида ёниб, тезроқ қўлларига қурол олиш, фашизм балосига қарши курашишга тайёр жангчилардай ҳис қила бошлаган эдилар.

Омск шаҳридаги Танкчилар тайёрлаш ҳарбий билим юртининг қисқа курсида таълим олган Собир Нуруллаев 1942 йилнинг қорли кунларидан бирида илк марта жангга кирди. Пиёдалар қўшинида пулемётчи сифатида урушга кирган Собир Нуруллаев икки ярим йил давомида мислсиз жангларда иштирок этди. Гоҳ пиёдалар қўшинида, гоҳ танкчилар бригадасида пулемётидан душманга қақшатгич зарбалар берди.

– Оёғимдан олган жароҳатим анчагина оғир бўлди, – оловли жанглар билан кечган умр йўллари ҳақида сўзлайди Собир бобо. – Анча вақт госпиталда даволандим, оқсоқланиб қолдим. Лекин чидадим.

Тинимсиз машқлар, метин иродаси билан ўз жароҳатига  малҳам бўлишга интилган Собир Нуруллаев дардни матонат билан енгди, эркин юрадиган бўлди. Яна фронтга отланди.

– Фашистлар чекинаётиб ҳам тавбасига таянишмади, – эслайди Собир бобо. – Урушнинг сўнгги кунларида роса жазавага  тушишганларига гувоҳман. Маънисиз, мақсадсиз, пала-партиш отишарди. Тарих бундайин ваҳшийликни кўрмаган эди назаримда.

Собир Нуруллаев Ғалаба байрамини Чехословакия заминида кутиб олди. Фашизмнинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги хабардан қувонган жангчилар бир-бирларини  қутлашаркан, кулиб туриб йиғлашар, йиғлаб туриб кулишар эди. Фронтнинг турли йўналишларидаги жангларда кўрсатган жасорати учун Олий Бош Қўмондонлик томонидан берилган III Даражали “Шуҳрат” ордени, “Жасорат”, “Жасурлиги учун” медалларини кўксига тақиб Ғалаба парадида иштирок этган Собир Нуруллаев урушдан сўнг, яна икки  йил давомида ҳарбий хизматда бўлди. У фашистлар томонидан вайрон қилинган шаҳар ва қишлоқларни қайта тиклаш, издан чиққан саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдек хайрли ишларда иштирок этди.

Тинчлик йилларида Манғит пахта тозалаш заводида, тумандаги қурилиш ташкилотларида чилангарлик қилган Собир ота Нуруллаев нафақага чиққан бўлса-да, доимо эл-юрт, маҳалла-кўй билан бирга. Унинг ҳар бир куни маъно, мазмунларга тўла.

 – Бундайин саодатли, фаровон замонни ота-боболаримиз кўрмаган, – дейди отахон шукроналик билан. – 2018 йилда Тошкент шаҳрида, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланиб, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида иштирок этдим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар биримиз билан алоҳида-алоҳида кўришиб, суҳбатлашдилар. Илоҳим халқнинг бахтига узоқ умр кўрсинлар.

Отахон ҳамон тетик, бардам. Бири-биридан ақлли, меҳр-оқибатли беш ўғил ва икки қизнинг ҳар бирининг оиласида ўрни бор, ардоқли. Бобонинг ўғил-қизлари, невара-ю чеваралари жам бўлсалар, бу катта хонадон тўйхонага айланиб кетади. Умрининг 95 баҳорини қарши олган Собир бобони зиёрат қилувчилар бисёр. Мактаб ўқувчилари, тумандаги идора ва ташкилотлар ходимлари, Навоий номли маҳалла фаоллари турли байрам саналарида отахонни гулдасталар, совғалар билан йўқлашади. Ҳар куни бобонинг аҳволи-руҳиятидан хабардор бўлиб туришади.

– Доимо бизга маслаҳатгўй, – дейди отахоннинг келини Мавлуда опа мамнуният билан. – Тилларидан шукроналик тушмайди. Замонанинг, тинчликнинг қадрига етинглар, дейишдан ҳеч чарчамайдилар.

95 ёшида ҳам тиниб-тинчимайдиган, ҳар бир кунини шукроналик билан ўтказаётган Собир бобо Нуруллаев билан хайрлашарканмиз, қўлларини дуога очдилар:

– Юртимиз тинч, Президентимиз соғ-омон, халқимиз меҳр-оқибатли, хонадонларимиз фаровон бўлсин. Фарзандларимиз ҳеч қачон уруш нималигини билмасинлар, омин!

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: