"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

"Обод қишлоқ" дастури амалга оширилаётган Қиличбой овулидаги маданият марказида кутубхона ташкил этилди

Инсон ҳаётида китоб мутолаасининг, китоблардан олинадиган маънавий-руҳий озуқанинг ўрнини ҳеч бир восита боса олмайди. “Китоб – жаҳолат кушандаси”, “Китоб ўқиган аввало ўзини таниб олади” деган ҳикматли иборалар замирида улкан маъно яширин.

Муҳтарам Юртбошимизнинг аҳоли, айниқса, ёшлар китоб мутолаасига катта эътибор бераётгани мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кутубхоналар фондининг бойиб, янги кутубхоналарнинг бунёдга келишига замин бўлаётир.

Шу йилнинг 13 апрелида туман ҳокими С.Йўлдашев “Обод қишлоқ” дастурига киритилган Қиличбой овулидаги Маданият марказига 500 та китоб совға қилди ва марказ кутубхонасига асос солди.

Шу муносабат билан марказга йиғилган 15-сонли мактаб ўқувчилари билан С.Йўлдашев китобхонлик борасида самимий суҳбатлашди, яна қандай китоблар ўқишни хоҳлашларига қизиқди.

Шунингдек, кутубхонанинг жорий йилги энг фаол китобхонини аниқлаб, рағбатлантириш учун марказ директори Икромжон Сийтимовга велосипед топширди.

Кутубхона ташкил этилиши ўқувчи-ёшларнигина эмас, ҳудуд аҳолисини, кексаларни ҳам жуда севинтирди.

-Болаларимиз китоб ўқимай қўйди, дея хавотир олар эдик. Аслида болаларга китоб бериб, улар китобларга қанчалик ташна эканлигини билиш мумкин экан. Ҳозир ўқувчиларнинг китобларни жавонларга авайлаб тераётганларини кўриб, буни чуқур англадим.

Кутубхона ташкил этилганидан биз ҳам хурсандмиз, мутолаа албатта, ҳаммага керак, - дейди меҳнат фахрийси Амина Юсупова.

Қиличбой бу йил “Обод қишлоқ” дастури асосида обод ва кўркам овулга айлантирилади, янги инфраструктура объектлари қад ростлайди, аҳоли турмуши фаровонлашади. Маданият марказида ташкил этилган кутубхона қиличбойликлар учун хайрли ўзгаришларнинг бошланиши бўлса ажаб эмас.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: