"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилади

Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда маҳалланинг ўрни алоҳида. Шу ўринда таъкидлашимиз жоизки, давлат ҳокимиятининг ўттиздан зиёд ваколатига эга бўлган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш тузилмасининг зиммасига юклатилган вазифаларни қандай бажариши унга раҳбарлик қиладиган кадрларга боғлиқ. Шу боисдан ҳам бу борада муносибларни танлашнинг демократик шакли бўлган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва шу Қонун асосида ташкил қилинаётган ҳамда жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган сайлов ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Аширбой Қўшаев билан суҳбат уюштирдик. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

***

– Янги таҳрирда қабул қилинган Қонун асосида сайлов жараёнига қандай янгиликлар киритилди?

– Авваламбор, шуни айтиш керакки, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юртимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнлардан саналади. Мазкур воқелик мамлакатимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Бу жиҳатларга “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунида алоҳида эътибор қаратилган.

Янги таҳрирдаги Қонунда белгиланганидек, эндиликда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки алоҳида тузиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Pеспублика комиссияси шуғулланади.

Сайловни ташкил этиш ва ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун барча вилоятлардаги каби туманларда ҳам тегишли комиссиялар тузилади. Ушбу комиссиялар сайловни ташкил этувчи, унинг ўтказилишини назорат қилувчи ва якуний натижаларни чиқарувчи орган ҳисобланади.

Фуқаролар йиғинида сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга ошириш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан 7-15 кишидан иборат ишчи гуруҳи тузилади.

Ишчи гуруҳ тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда йиғин раиси (оқсоқол) лавозимига номзодлар бўйича таклифларни тайёрлайди.

Сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақидаги маълумотларни йиғин биноси ва гузарларга, шунингдек, аҳоли гавжум бўлган жойларга осиб қўйиш, сайловга уч кун қолганда сайланган вакилларга таклифномалар юбориш ҳам ишчи гуруҳнинг вазифаларидандир.

– Вакиллар қайси мезонлар асосида сайланади?

– Сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланади. Энди вакиллар сони ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сонидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади. Бунда вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Бундай ҳолатда маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг нафар сайловчи номидан 360 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.

Шу билан биргаликда сайловда иштирок этадиган сайловчилар вакилларига ҳам қатор талаблар белгиланди. Унга кўра, эндиликда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлишади. Pаис (оқсоқол) лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас. Бу тизимнинг йўлга қўйилиши, албатта, сайловнинг янада шаффоф, демократик қоидаларга мос равишда ўтишини таъминлайди.

Янги таҳрирдаги Қонун билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати уч йил қилиб белгиланди. Эндиликда йиғин раисларидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойи бўлиши, йиғин аҳлининг фикр-ўйлари, мақсад ва муддаоларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинади.

Олдинги сайловларда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари бир вақтнинг ўзида сайланарди. Бу жараён сайлов пайтида бир қанча қийинчиликларни юзага келтирарди. Шу боисдан ҳам янги Қонунга биринчи навбатда фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш, сайловдан кейин бир ой ичида маслаҳатчиларни сайлаш ҳамда комиссияларни шакллантириш нормаси киритилди.

– Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик бўйича туманимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Аввало, Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2019 йил 27 февраль кунги қарори асосида туман ҳудудида 2019 йил май ойида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва 15 кишидан иборат туман ҳудудида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси тузилди.

Тумандаги барча фуқаролар йиғинларида сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган. Ушбу ишчи гуруҳлар ҳозирда ўз ҳудудларидаги кўп қаватли уйлар ва кўчаларда фуқароларнинг вакилларини сайлаш бўйича йиғилишлар ўтказишмоқда.

Шу билан биргаликда овул, маҳалла ва шаҳарчаларда истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида сўровлар ўтказилиб, фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ҳам аниқланмоқда.

Шу ўринда юртдошларимиздан ўз маҳалласи фаолиятига бефарқ бўлмасдан, ўзлари муносиб кўрган номзоднинг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) бўлиб сайланиши учун бевосита ёки билвосита овоз беришларини сўраб қоламиз.

Суҳбатни журналист Алламберган Жуманиёзов

ёзиб олди.

Янгиликни бўлишинг: