"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

Васийлик ва ҳомийлик: болалар манфаатлари ҳимояда

Мамлакатимизда васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар асосан Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги Низом» ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили васийлик ва ҳомийликка муҳтож барча тоифадаги, айниқса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар ҳамда соғлиги туфайли васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийликни амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда 2014 йил 3 январь куни Ўзбекистон Pеспубликасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни эълон қилинди. Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу Қонун 9 боб, 50 та моддадан иборат бўлиб, у 2014 йил 3 июлдан бошлаб кучга киради.

Қонунда таъриф берилганидек, васийлик — ўн тўрт ёшга тўлмаган, ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шаклидир.

Қонуннинг 1-бобида васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, васийлик ва ҳомийликнинг асосий принциплари, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни қабул қилган оилани кузатиб бориш тартиби белгилаб қўйилган.

2-боб васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ҳамда уларнинг ваколатлари, 3-боб эса васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар ва уларнинг мол-мулки тўғрисидаги ахборот масалаларига бағишланган.

Қонунга кўра васийлик ва ҳомийлик туман, шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади. Васий ёки ҳомий тайинлашда унинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, мажбуриятларни бажариш қобилияти, васий, ҳомий ва васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс ўртасидаги муносабатлар, васий ёки ҳомий оиласининг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга муносабати, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг истаги инобатга олиниши лозим.

Васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс ҳақидаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан олинган маълумотлар махфий бўлиб, ошкор қилинмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қонунга кўра қуйидагилар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас:

- ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар;

- суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

- собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса;

- ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

- қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахслар.

Шунингдек, қонунда дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш, шахсга бир нечта васий ёки ҳомий тайинлаш, бир шахсни бир нечта васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга васий ёки ҳомий этиб тайинлаш, вояга етмаганларга нисбатан улар ота-онасининг ёки вояга етмаганларнинг ўз аризасига кўра васий ёки ҳомий тайинлаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган ота-онаси бўлган вояга етмаганга васий ёки ҳомий тайинлаш тартиблари ҳам белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 5-боби васийлик ва ҳомийликни тугатиш, васийнинг ва ҳомийнинг ўз мажбуриятларини бажаришдан озод қилиниши ҳамда четлаштирилиши, 6-боби васийлар ва ҳомийларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, 7-боби васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда 8-боби васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги назорат масалаларига бағишланган.

Васийлик ва ҳомийлик институти такомиллашиши манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож шахслар қадр-қимматининг кафолатланишига, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, қадрият ва анъаналарнинг, оила муносабатларининг мустаҳкамланишига, васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ муносабатларнинг тизимлаштирилиши эса жамиятда ижтимоий бирдамлик янада кучайишига хизмат қилади.

Самад ДИЛМАНОВ,

туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия масъул котиби.

(Фото - http://www.uzssgzt.uz)

Янгиликни бўлишинг: