"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

Бюджет Кодекси – қонунчилигимиздаги янгилик

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат молиясини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бюджет сиёсати устувор йўналишларини тартибга солиш мақсадида қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2013 йил 26 декабрь куни эълон қилинган «Ўзбекистон Pеспубликасининг Бюджет Кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун ҳам шулар жумласидандир. Мазкур Қонунга асосан 2014 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Pеспубликасининг Бюджет Кодекси кучга кирди.

Бюджет Кодекси умумий ва махсус қисмлар, 9 бўлим, 28 боб ва 192 та моддадан иборат бўлиб, мазкур ҳужжат шу вақтга қадар бюджетни тартибга солиб келган «Бюджет тизими тўғрисида»ги ва «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Қонунларни, бюджет жараёнининг алоҳида масалаларини тартибга солувчи олтита Қонунни, Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Фармон ва қарорларини, ҳукумат қарорларини ҳамда идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қамраб олган.

Кодексда айни пайтда амалда бўлган меъёрлар кенгайтирилиб, бюджет жараёни иштирокчиларининг ваколатлари, давлат томонидан маблағ жалб қилиш, бюджет ижроси устидан назорат ва бюджет қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни акс эттирувчи янги моддалар қўшилган.

Ушбу Кодекс тараққий этган мамлакатларнинг бу борадаги илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, ҳужжатда давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари қамраб олинган, бюджет маблағларининг манзиллилик ва мақсадлилик хусусияти, бюджет маблағларидан натижавий ва самарали фойдаланиш, ягона ғазна, масъулият, оммавийлик ва ошкоралик каби қўшимча тамойиллар киритилган ва тушунчалар рўйхати кенгайтирилган.

Бюджет Кодекси амалдаги Солиқ Кодекси билан биргаликда ягона унификациялаштирилган, халқаро стандартларга жавоб берадиган, давлат молияси қонунчилиги базасини шакллантириш имконини берадиган ҳужжатдир.

Маълумки, ҳар йили мамлакатимизда давлат бюджетининг 60 фоизга яқини аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Ушбу Кодексда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, уни сарфлашнинг натижавийлиги ва самарадорлиги, ғазнанинг ягоналиги, жавобгарлик, очиқ-ойдинлик яъни ошкоралик каби бюджет тизимининг асосий тамойиллари киритилгани ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли турмуш даражасини яхшилашга йўналтириладиган маблағларнинг манзилли ва мақсадли сарфланишига ҳамда унинг устидан самарали назорат ўрнатилишига хизмат қилади.

Айтиш керакки, ҳар қандай давлатнинг самарали фаолият юритиши кўп жиҳатдан тўғри шакллантирилган бюджетга боғлиқ. Нафақат давлат мажбуриятлари ва ижтимоий кафолатлар бажарилиши, балки мамлакат ривожининг стратегик мақсадларига эришилиши бюджет маблағлари қандай тамойиллар асосида, қандай усулда шакллантирилиши ва ишлатилиши, бюджет сиёсати қандай устуворликларни амалга оширишига ҳам боғлиқ.

Кодексда назарда тутилган меъёр ва қоидаларнинг амалга оширилиши бюджет жараёнининг ҳамма босқичлари ҳамда даражаларида ягона ҳуқуқий меъёр ва ёндашувлар қўлланилишини таъминлаб, бюджет жараёни барча иштирокчиларининг фаолиятини енгиллаштиришга, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.

Мадамин КАЗАКОВ,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, Кенгашнинг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.
Янгиликни бўлишинг: