"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

ХИТОЙЛИКЛАP БИЛАН ҲАМКОPЛИКДА ИССИҚХОНА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга қаратилаётган эътибор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Шу боисдан ҳам қишлоқ хўжалиги корхоналарида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган қўшимча тармоқлар ташкил этилаётир ва аҳоли томорқа ерларидан фойдаланишнинг самарали усуллари ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Амударёлик тадбиркор Жалғас Баймурадов “Манғит инвест плюс” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси таркибида бир гектар жойда иссиқхона қуриш нияти борлигини айтганида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев уни қўллаб-қувватлади ва ер майдони ажратишда ҳамда бошқа масалаларда унга яқиндан ёрдам кўрсатди.

Натижада 2018 йилнинг март ойида Тошёп овули ҳудудида замонавий иссиқхона қурилиши бошланди.

Қурилиш учун ишлатиладиган материаллар Хитой халқ Pеспубликасидан олиб келинди. Хитойлик мутахассисларнинг ва қўшма корхона ишчиларининг ғайрат кўрсатиб меҳнат қилишлари эвазига ушбу иссиқхона 2018 йилнинг октябрь ойигача тўла қуриб битказилди.

Шундан кейин иссиқхона ер-майдонини маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари амалга оширилиб, экишга тайёр қилиб қўйилди.

2019 йилнинг январь ойида Тошкент шаҳридан “Аламина” навли помидор кўчатлари олиб келиниб, белгиланган қоидаларга асосан жойлаштирилди ва парвариши бошланди.

Электр энергияси ёрдамида иситишга мўлжалланган ушбу иссиқхонада қиш ойларида ҳам мўътадил ҳарорат бўлиши натижасида помидор кўчатлари дуркун ривожланиб, барвақт мева тугди.

– Ҳозирги кунда иссиқхонамизда помидор ўсимлигини томчилатиб суғоришга ва уларни баргдан озиқлантиришга кўпроқ эътибор бераяпмиз, – дейди иссиқхонада фаолият кўрсатаётган агроном Баҳром Сидиқов. – Бу усул помидор ҳосилдорлигининг ошишида катта аҳамият касб этади.

477 минг АҚШ доллари ҳисобига бунёд этилган, туманда ягона ҳисобланган ушбу иссиқхонанинг ташқи ва ички кўриниши, айниқса, меҳр билан парваришлананаётган помидор экини кишининг кўзини қувонтиради. Бу иссиқхонада меҳнат қилаётган ишчилардан Нуркен Ўразов, Дилноза Хўжабоева ва Гулбаҳор Душановалар ҳар бир ишни сидқидилдан адо этиб, ҳамкасбларига намуна бўлмоқдалар.

А.Жуманиёзов.

Янгиликни бўлишинг: