"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

Томорқа ерлари нега экилмаяпти?

Баҳор фасли кириб келиши билан юртдошларимиз томорқасига экин экиш тадоригини кўра бошлашади. Зеро, томорқа – даромад манбаидир. Буни яхши англаб етган Манғит шаҳридаги Фаровон маҳалласидаги кўпчилик оилалар айни кунларда томорқасида меҳнат қилишмоқда. Фуқаролар йиғини ходимлари ҳам уйма-уй юриб, бу борада тарғибот ишларини амалга оширмоқдалар.

Маҳалланинг “Кимёгарлар”, “Навбаҳор” ва “Ватанпарвар” кўчаларида уйма-уй юриб, аҳолининг томорқа ерларидан қандай фойдаланишаётганини ўрганганимизда биз фуқароларда томорқа ерларига бўлган эътиборнинг тобора кучайиб бораётганини ҳис қилдик. Деярли барча хонадонларда томорқа ерлари суғорилган, текисланиб, экишга шай қилиб қўйилган.

Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, томорқа ерига умуман эътибор берилмаган хонадонларга ҳам дуч келдик.

Масалан, маҳалладаги 5 та хонадонда томорқа ерларини экишга тайёрлаш бўйича бирон бир иш қилинмаганини кўриб ҳайрон бўлдик. Улар билан ёнма-ён яшаётган қўшнилари томорқасида оиласига етгулик озиқ-овқат етиштираётган бўлса-ю, худди шу шароит ва имкониятлари бор бўлган бу томорқалар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, буни қандай тушуниш мумкин? Фуқаролар йиғини ходимлари бундай аҳволга хонадон эгаларининг ҳали кўчиб келмаганини ёки уларнинг маҳаллага яқинда қўшилганини баҳона қилиб кўрсатишди.

Аксинча, бундай ҳолларда йиғин ходимлари уларни оқлаш ўрнига, бу масалани маҳалла фаоллари йиғилишида муҳокама қилиб, бу ҳолат бир неча марта такрорланса, томорқани бошқа бир маҳалладошига бериши керак эмасми?

Биз юртдошларимиздан томорқа ерларини ўз ҳолига ташлаб қўймасликларини, фуқаролар йиғинларидан эса бу борада фаол тарғиботчи бўлишларини сўрардик.

А.Жуманиёзов.

Янгиликни бўлишинг: