"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Эрта турмуш - келтирар ташвиш

Бахт деганингиз сароб бўлмасин!

Фарзанд! У ота-она орзу умидлари чечаги, оила дея аталгувчимеҳр-муҳаббат, ўзаро ишонч ва ҳурмат, оқибатдан бўй тиклаган оила қўрғонининг чироғбони. Ота-она орзу-умидларини рўёбга чиқарувчи, ҳаёт бардавомлигини таъминловчи халқа.

Халқимиз оилани, оилани мустаҳкамловчи фарзандларни юксак қадрлаб келган. Ҳа, фарзанд билан баробар ота-она орзулари ҳам улғаяди, ҳаётининг фарзанди билан кечган дамлари энг сурурли онлари ҳисобланади. Кун сайин улғаяётган боланинг ҳар бир ҳаракати, қилиғи қалбини қувончга тўлдиради. Шу боласини меҳри оғушида асраб-авайлаб ўстиради, камолини кўргиси келади. Дунёда бизнинг халқимизчалик борини боласига атайдиган меҳрчан халқ йўқдир-ов.

Халқимизнинг хоҳиш-иродаси мамлакатимиз олиб бораётган сиёсатда ҳам ўз аксини топган. Айниқса истиқлол йилларида ёш авлоднинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун амалга оширилаётган чора-тадбирларга бугун бутун дунё ҳавас билан қарамоқда. Бизнинг мамлакатимизчалик ҳеч бир мамлакат бепул 12 йиллик узлуксиз таълимни зиммасига олган эмас, бизнинг мамлакатимиздагидек фарзандлар тарбиясига, уларнинг етук инсонлар бўлиб вояга етишларига ғамхўрлик қилиниб, маблағлар ажратилаётгани йўқ, таълимнинг узвий қисми бўлган спортнинг оммалашувига биздагидек эътибор берилаётгани йўқ.

Бу саъй-ҳаракатларнинг натижасида фан, спорт соҳасида, бадиий ижодиёт соҳасида ёшларнинг қўлга киритаётган муваффақиятларидан барчамиз бирдек қувонамиз. Замонавий ўқув асбоб-анжомлари билан жиҳозланган ўқув хоналарида таълим олиб, касб-ҳунар эгаллаб, мустақил ҳаётга учирма бўлаётган ёшларнинг дадиллик ва ишонч билан ўзларининг меҳнат фаолиятларини бошлаётганини кўриб, қувонамиз. Pус, инглиз тилида ҳам бурро-бурро сўзлашаётганларни кўриб кўнглимиз тоғдай кўтарилади. Эртамиз бугунимиздан ҳам файзли ва фараҳли бўлишига ишончимиз ортади.

Туманимизда фаолият юритаётган умумтаълим мактаблари, 8 та касб-ҳунар коллежлари, 1 та академик лицей бағрида таълим-тарбия олаётган, касб-ҳунар ўрганаётган ўғил-қизларимиз мамлакатимиз ривожида муҳим ўрин тутади, деб ўйлаймиз.

Ҳа, мураббий педагогларимизнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам улардан умиди катта. Бироқ доим ҳам бунга эришаяпмизми? Ҳамма оилада ҳам фарзанд тарбиясига етарли эътибор берилаяптими?

Азизлар! Бизнинг бугунги суҳбатимиз мавзуи асрлар давомида миллий менталитетимизнинг кўзгусига айланган оилада ота-она масъулияти, фарзандлар камолоти йўлида йўл қўйилаётган баъзи камчиликлар ҳақида.

Ота-она борки, болам деб яшайди, камолини кўрсам, кексайганимда белимга қувват, кўнглимга мададбўлса, дейди. Орзусига эришиш йўлидаўзини ўтга-чўққа уради, баъзан болам бахти, деб бахтига раҳна солиб қўйганини сезмай қолади. Айримлари ҳали вояга етмаган болаларини ўз ҳолига ташлаб, болаларига тўкис шароит яратиб бериш учун мўмай даромад илинжида чет элларда юришибди. Улар оиласига моддий таъминот беришар, лекин фарзандга меҳрни,тарбияни ким беради? Ота-она парваришидан мосуво, қариндошлар, бобо-буви ва ҳатто қўшниларга ташлаб кетилган, вояга етмаган болаларга ҳар қандай молу-дунёдан ота-онасининг бир эркалаши, бир оғиз ширин сўзи афзал эмасми? Уларга ким ота-она ўрнини боса олади? Ота-она тарбиясини ким бера олади? Ҳеч ким! Бу фарзандлар келажагига хиёнат эмасми? Айрим ота-оналарнинг бола ўзимники, нима қилсам ўз ихтиёримда, деб ўйлаб мактабга, коллежга юбормай, уй ишларига жалб қилаётганига нима дейсиз? Бойлигини кўз-кўз қилгиси келиб мактабга боласигамашина миндириб юбораётганлар, чўнтагини пулга тўлдириб қўяётганлар ҳам, ўғлининг, қизининг тунги вақтларда ҳам интернет кафеларда, кўнгилочар масканларда юришига йўл қўяётганлар ҳам бор.

Баъзан одамларнинг суҳбатида улар ҳақда "болалари ҳали ёш-ку” ёки "энди ота-она назорати керак пайти-да” деган сўзларни эшитиб қоламиз. Наҳот фарзанд тарбиялаш учун, назорат қилиш учун бирон ёшга етишини кутиш керак бўлса?

Бир донишмандга боласини ақлли, одобли, билимли ва жасур қилиб тарбиялаб беришини сўраб, олиб келган одамдан у:

- Болангиз неча кунлик, - деб сўрабди.

- Қирқ кунлик, - деб жавоб берибди ота.

Унга донишманд:

- Бола тарбиясида қирқ кун кечикибсиз, деган экан.

Ҳа, бола тарбияси нақадар масъулиятли ва долзарб иш. Айрим ота-оналарнинг бу масъулиятни тўла адо этолмагани боис, жамиятимизда ёшлар мажбурий узлуксиз 12 йиллик таълимни тугалламай туриб, бирон касбни, ҳунарни тўла эгалламай туриб эрта турмуш қуришга интилаётгани ва бунинг оқибатида турли кўнгилсизликлар келиб чиқаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ҳар жиҳатдан соғлом оилани шакллантириш мақсадида никоҳ ёшига доир қонунларни бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилди.

Эндиликда никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришганлик учун энг кам ишҳақининг 5 баробаридан 10 баробаригача, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш – энг кам иш ҳақининг 7 баробаридан 15 баробаригача, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш эса энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўз.P жиноят Кодексининг 17-моддаси тўртинчи қисми ҳам "Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳақида”ги модда билан тўлдирилди. Бунга кўра маъмурий жазо олган ва никоҳ ёшига етмаган шахс билан оила қурган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жаримага тортилади ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади.

Маъмурий жазо олган бўлишига қарамай, никоҳ ёшига етмаган фарзандини турмушга берган ёхуд уйлантирган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд 4 ойгача қамоқ жазоси қўлланилади. Юқоридаги каби ачинарли ҳолатлар афсуски, учраб турибди.

Ҳали ақлини таниб улгурмаган ёшларнинг бир-бирига интилишларини, турмуш қуришгашошаётганликларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Улар тўй қилсак бўлди, бахтли бўлаверамиз, деб хато ўйлашади.

Ҳабиба Тўраева, гинеколог шифокор:

- Никоҳ қуриш аввало фарзанд кўришдек мураккаб физиологик жараёнлар билан алоқадор бўлганлиги сабаблиэрта турмуш қуриш кўпинча бепуштликка, боланинг ой куни етмай туғилишига, ҳомила нотўғри ривожланишигасабаб бўлиши мумкин. Илмий изланишларда аниқланишича, йигит-қиз 20 ёшдан сўнг анатомик ва физиологик камолотга етадилар. Эрта турмуш қурган қизларда ривожланиш охирига етмаганлиги учун ҳомила ривожланиши, туғруқ жараёни жуда оғир кечади. Бола чала, вазни меъёрдан кам, нуқсонлар билан туғилиши мумкин. Бу уларни руҳий тушкунликка олиб келади. Эрта уйланган йигитлар ҳам кўпгина муаммоларга дуч келиши, оталик вазифасини тўла адо этолмаслиги кузатилмоқда. Натижада бундай оилалар тез бузилиб кетади.

Хулоса шуки, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари жуда мудҳиш. Ота-оналар, кенг жамоатчилик буни чуқурроқ англаб етса, биргаликда бунга қарши курашса, келажак авлоднинг соғлом дунёга келишига замин яратилган бўлар эди.

Фарзанд тарбиясида ота-она назорати сустлиги, қолаверса, оммавий маданият кўринишидаги кинолар, интернетдаги номақбул кўринишлар туфайли йигит-қизда эрта шаклланган турмуш қуришга мойиллик ҳеч бир оилага бахт ҳам, хотиржамлик ҳам олиб келмаган. Аксинча, ақлини танимай турмуш қуриш туфайли боши берк кўчага кириб қолаётганлар ҳам, уч-тўрт йилда ва ҳатто ундан ҳам тез ажрашиб кетаётган оилалар ҳам бор. Қизлик шаънини ўткинчи ҳавасларга алмашиб қўйиб, пушаймондан боши эгик қизлар ҳам бор.

Биз шундай бир аянчли тақдирга гувоҳ бўлдик: касб-ҳунар коллежида ўқийдиган қиз ўзидан бир босқич юқорида ўқийдиган йигитни ёқтириб қолибди. Оилада уч ўғилдан кейин туғилган, ҳамма айтгани муҳайё бўлиб, эрка улғайган қиз бир йил ўтиб шошилинч ўша йигитга турмушга чиқишга мажбур бўлган. Туманимизнинг олис ҳудудидан Манғитга келиб ўқиётган йигит бу гапни оиласидагиларга айтолмай ҳатто ўзини ўзи ўлдириш фикрига ҳам борган ва бахтли тасодиф бунинг олдини олган.

Ота-оналар фарзандларининг айбини ёпиб, тўй қилишган. Эрка қиз йигитнинг уйига учинчи невара келин бўлиб тушган ва бобо-буви, қайнона-қайнота, икки овсин, уларнинг болалари, қайнсингиллари орасида ўз ўрнини тополмай жуда қийналган. У келгуси ҳаётини фақат йигит билангина тасаввур қилганини, бундай шароитда яшашини ҳатто тасаввур ҳам қилмаганини айтиб йиғлайди. Қолаверса, ҳомиласи бўйида билиниб келган келиннинг янги оилада ҳурмати бўлмаслиги ҳам тайин.

Хуллас, қиз ҳомиласи туфайли муаммолар билан икки ой касалхонада ётиб, 7 ойлик қиз туққан. Қизи нимжон бўлганлиги учун туққанидан сўнг ҳам анча вақт касалхонада ётган. Бошқалар фарзандини бағрига босиб бахтдан энтикиб оиласига қайтса, у қизини ўлиб қолмасмикан, деган хавотир билан ойлаб яшабди. Эрининг уйидагилар қизига эътибор ҳам бермаган.

Ҳолдан тойган қиз боласини олиб ота-она уйида яшаяпти. На ўзига, на боласига қарашга ҳоли бор.

- Ёшим элликдан ошганида ёлғиз қизим туфайли ўғилларим, келинларим, эл олдида юзим ерга қараб ўтираман, деб ўйламагандим, - дея йиғлайди қизнинг онаси. – Шу қизим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб ҳамма айтганларини бажарардим. Кийим деса, кийим, телефон деса, телефон олиб бердим. Бироқ ҳар гал телефонига пул сўраганида бу пулларни нимага, кимлар билан гаплашишга сарфлаяпсан, демабман. Бўй-бастига қараб қувониб юраверибман-у кўнглида не борини билмабман. Менинг нотўғри тарбиям уни бахтсиз қилди.

Онанинг, қизнинг пушаймон-надоматидан фойда борми? Ўтган умрни орқага қайтариб бўлмаганидек, ўтмишдаги хатоларни ҳам тузатиб бўлмайди-да, афсус!

Шундайлар ҳақида эшитган одамнинг юраги ачийди, бу хижилликдан қутулиш учун чор-атрофингга боқасан. Ва касб-ҳунар масканларида сидқидилдан ҳунар ўрганаётган, эндигина коллежни битириб фаолиятини бошлаб юборган, олий ўқув юртларида ўқиётган умидли ёшларимиз кўнглимизга таскин беради.

Беихтиёр ҳамма қизлар ҳам мана шу қизлардек ишга, илмга чанқоқ, тадбирли, интилувчан, қобилиятли бўлишса қанийди, деган ҳавас кечади кўнглимиздан.

Азиза Мадраҳимова, Манғит иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси:

- Бугунги кундакасб-ҳунар коллежларида яратилганшароитлар ўқувчиларнинг етук, малакали кадрлар бўлиб етишишларига тўла кафолат бўла олади. Бироқ бу имкониятлардан ҳамма ҳам етарли фойдаланаяпти, деб бўлмайди. Баъзан қизлар мажлисларда, дарс пайтларида ҳам қўл телефонини ўйнаб, ё бошқа кераксиз машғулотларга чалғиб ўтирганларини учратиб қоламан. Ва уларга ўқувчилик даври сизни кутиб турмайди, илм олиб, ҳунар эгаллашга интилинг, дўстларим, дегим келади.

Кейинги йилларда коллежни эндигина битирган, бирон касбнинг бошини тутмаган, оқ-қорани танимаган қизини эгасига топширишга ошиқаётган оилалар ҳам кўпаймоқда. Бирон гап-сўз бўлмасидан тиниб ўтирайин, деб ҳисоблашади улар. Агар бунинг ўрнига қизини назорат қилиб, тарбиялаб, одоб-ахлоққа доир китобларга ошно қилиб, билим олишга, ҳунар эгаллашга рағбатлантирса, эҳтимол қизи ҳаётда ўз ўрнини топар, лекин оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган қизни узатиб ким хотиржам бўлган дейсиз? Негаки қизнинг янги оилага кўникиши осон бўлмайди. Катталар олдида келинлик масъулиятини адо этолмайди. Катталарга гап қайтармаслик, овқатларни ҳам оиладаги катталарнинг кўнглига қараб тайёрлаш, ҳовлини озода сақлаш каби келинлар зиммасига юкланадиган ўзбекона шундай жозибали ва теран маънога эга урф-одатларимиз борки, тўғри тарбияланган, эс-хушини таниган қизларгина бунинг уддасидан чиқа олишади.

Сўнгги йилларда оила бузилиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани ҳаммани ташвишга солаяпти. Чунки ажрашган оила фарзандлари ё ота, ё она меҳридан, тарбиясидан маҳрум бўлади. Агар ажрашган эркак ё аёл қайта турмуш қурса, ўгай фарзандлар туфайли кейинги ҳаётида ҳам муаммолар пайдо бўлишини ва булар ўз навбатида фарзандлар тарбиясига салбий таъсир қилишини ҳисобга олсак, бу ажралишларнинг жамиятимиз учун нечоғлик хатарли эканлиги янада яққол аён бўлади.

Оилалар тинч-тотувлигига эришишда, оилаларда соғлом турмуш тарзининг барқарор бўлишида ўзини-ўзи бошқариш органларининг ўрни жуда улкан.

Моможон Pаҳимова, Ойбек номли маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:

- Мен касбим тақозосига кўра ҳар куни неча-неча оилаларга кираман. Баъзан арзимаган сабаблар билан низолар келиб чиқаётганига гувоҳ бўламан. Бу сабаблар кўпинча қизларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслигидир. Қолаверса, йигитларнинг ҳам, қизларнинг ҳам соғлиқларида муаммолар кўп. Қизларимиз мода кетидан қувмай, ҳар фаслнинг, куннинг шароитига қараб кийинса, оиласига ташвиш келтирмасди.

Қизлар қайнюртига қўлида "сотка” билан келади. Оила юмушларини бажараётганда ҳам бир қўли, хаёли телефонда бўлади. Дугоналари, яқинлари билан узоқ суҳбатлари турган гап, янги оиласидагиларга ёқмайди.

Оила тотувлиги аввало тўғри тарбияда эканлигини унутмаслигимиз керак.

Оила муқаддас даргоҳ. Негаки унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади. Асрлар оша яшаб келаётган миллий қадриятларимиз асраб авайланади, жамият тараққиётига, юксалишларга асос солинади.

Биз ана шундай оилаларни барпо этиш мақсадидаги ишларимизни фарзандларимизни тўғри тарбиялашдан бошлашимиз, мактаб, коллеж, маҳалла оила ҳамкорлигини яхшилашимиз керак.

Ат-Термизий бобомиз айтадилар: "Солиҳ фарзандларни тарбиялаб вояга етказиш – ҳар куни садақаберишдан ҳам афзалдир”.

Фарзандларни комил инсонлар қилиб вояга етказиш – қанчалик улуғ ва савобли иш эканлигини шу сўзлардан ҳам англашимиз мумкин.

Фарзандлар камолини, яхши кунларини соғиниб яшаш халқимизга хос одат. Қизини узатаётган ё келин тушираётган ота-онанинг бахтиёрлигини ҳеч бир сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бу борадаги қонуний, ҳуқуқий меъёрларга амал қилиш баробарида муқаддас ислом динимизда ҳам кўрсатмалар борлигини унутмаслик керак.

Абдураҳмон Матсафоев, "Юсуф Эшон бобо” жомеъ масжиди имом хатиби:

- Ислом динимизда балоғатга етган, ҳар тарафлама қодир бўлган эркак ва аёл никоҳланишга, фарзандларни дунёга келтиришга буюрилган. Бунда ҳар тарафлама қодир деганда йигит, қизнинг жисмоний, маънавий камолоти, келгусида оиласини қадрлай олиши, фарзандлар тарбиялаб, моддий таъминотини таъминлай олиши назарда тутилган.

Ўғлини уйлантириш,қизиниузатиштараддудидаюрганота-оналар буларни ҳам унутмаслиги керак.

Ҳар бир ота-она фарзандининг бахтли, саодатли умр кечиришини истайди. Кексайганида уларнинг ардоғида хотиржам яшагиси келади. Яратган Эгам одамзотга ота-оналик бахтини ато этиш баробарида уммондек чексиз меҳр-муҳаббат ҳам қўшиб берганки, шу меҳр туфайли бола учун чеккан заҳматлари ҳам роҳат бўлиб туюлади. Баъзан шу меҳр туфайли меъёрни, масъулиятимизни унутиб қўямиз. Оқибатда эса юқорида мулоҳаза юритганимиздай кўнгилсизликлар келиб чиқади. Фарзанд – ота-она учун ё мукофот, ё жазо экан. Қай бирига эга бўлишимиз уларни бугун қандай тарбиялашимизга боғлиқ.

Азизлар! Бу ҳақда батафсил тўхталганимизнинг боиси, сизларни ҳам оилангиз гули, умрингиз давомчилари - фарзандларингиз тарбияси хусусида чуқурроқ фикрлашга, мушоҳада юритишга, уларга доимо зийрак, огоҳ нигоҳ билан боқишга ундамоқ эди. Истагимиз, ҳеч бир ота-она ўғил-қизининг ёмонлигини кўрмасин, бахт дегани сароб бўлиб чиқмасин.

Ойгул PАЖАБОВА.

(Фото - http://www.haqida.uz)

Янгиликни бўлишинг: