"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

НАВPЎЗ КЕЗАЁТИP ВАТАНДА!

Баҳор! Унинг бағрида қандай мўъжиза борки, ер юзида инсон зоти пайдо бўлганидан бери бу гўзал ва фусункор фаслга интилади. Энг митти жонзотдан тортиб, то закий Одамгача бу фасл оғушида ҳаловат, рўшнолик топади. Одам қувонади, яратиш, яшариш ишқи билан ёнади. Бу ишқ алангалангани сари табиат – замин-у осмон яшнайди, ҳар қарич ерда ҳаётбахш ҳарорат уйғонади. Ана шу ҳарорат жумлаи оламга тароват бағишлайди. Бу – Баҳор таровати – Наврўз нафаси!

Ҳар гал Ватанга Наврўз нафаслари билан гўзаллик, ажиб ўзгаришлар, янгиланишлар, бири-биридан эзгу орзулар кириб келади. Шундай дамларда само сайрини бошлаб юборган турфа қушларнинг парвозларини кузатганмисиз? Кузатинг!

Тумшуғида чўп тутган, бир чимдим лой тишлаб олган қушлар. Бири-биридан ўзиб, учиб-қўнаётган қалдирғочлар. Улар ин қуриш тараддудида! Ўз оилалари таъминоти учун жонҳалак улар! Худди инсонлар каби жуфтлашиб-жуфтлашиб ҳаётга, яшашга, яратишга муштоқ қушлар.

Мен уларнинг бу ҳаракатларини кузатарканман, кўз ўнгимда жадал ўзгараётган, янгиланаётган, шаҳар-у қишлоқлар, тараққиёт сари дадил одимлаётган меҳнаткаш, фидойи халқим жонланади. Нақадар ўхшашлик, нақадар теран мазмун ва моҳият мужассам она табиат билан инсон ҳаётида!

Узун қиш тунларини бармоқ букиб санаётган раҳматлик онажоним “Ҳут”нинг ўн беши ўтиб-ўтмай:

– Энди сумалак солса бўлаверади! – дердилар юзи нурланиб.

– Ахир, ҳали баҳор келмади-ку?

– Кўрмадингларми, қушлар жуфтлашиб учаётир, ернинг бағри исиётир, кўк чиқаётир, болам, – дердилар қувониб. – Қаранглар-чи, ялпиз кўкланибдими?

Ҳовлимиз адоғидаги ариқ лабида қиш қаҳратонида қовжираб қуриб қолган ялпизларнинг устидаги хас-чўпларни қўлларим билан аста олиб ташлайман. Во ажаб! Қуриган ялпиз поячалари туплари ям-яшил!

–Ялпиз чиқибди! Баҳор келибди, она!

Худди бири-бири билан келишиб олгандай, қўни-қўшнилар меҳр билан кўк гўммалар пиширадилар, бир-бирларини кўкка – кўкламга етганлари билан муборакбод этадилар. Ҳали қиш изғирини кетмай туриб, аҳли овул жам бўлишиб, сумалак сайлига тараддудланадилар. Дошқозонлар қуриладиган ҳовли-жойлар орасталанади, ариқ бўйларида янги-янги дарахт кўчатлари тупроққа илдиз қўяди. Маҳалла гузарлари, кўчалари, боғ-роғлари – она табиат инсон меҳри, баҳор тафти билан яшнаб кетади. Бу – инсон билан табиат ўртасидаги азалий уйғунлик тантанаси – Наврўзнинг ҳароратли нафаси!

Наврўз ҳақида ўйлаганимда ҳазрат Алишер Навоийнинг гўзал бир сатри, жумлаи инсониятга оҳорли бир тилаги ёдимга тушаверади:

Ҳар тунунг қадр ўлибон, ҳар кунунг ўлсин Наврўз!

Улуғ бобокалонимиз ҳар бир кечанг Лайлатул қадр кечасидек хайрли, муборак тун, ҳар бир кунинг янги бўлсин, дея инсон зотига доим насиб этавермайдиган олий саодатни тилаётир. Демак, Наврўз – наинки баҳорий айём, балки инсон учун энг саодатбахш Янги кун ҳам!

Шу кундан инсон билан табиат бирлашади гўё: қадамларида ер тафтини ҳис этиб турган Деҳқон бобо ерга уруғ сочади. Боғбоннинг нафасларига боғларнинг хуш атри сингади, эл-юртда бунёдкорлик ишлари ҳам ана шу саодатбахш дамлардан бошланади.

Азизлар, Аму соҳиллари бўйлаб Назархон-у Қангли, Қипчоқ ва Оқ олтин, Тўлқин овуллари томон яёв бир бора сайр қилганмисиз? Ёки қадим “Чилпиқ” қалъа-қўрғони этакларини ўпиб, маҳзунгина оқиб бораётган дарё билан сирлашганмисиз? Айниқса, Баҳорда! Қирғоқларини ташлаб, тобора кичрайиб бораётган қадим Жайхунни бирров зиёрат қилинг, шунда ажиб бир мўъжизани кузатасиз. Дарё чопавериб ҳарсиллаб, чарчаб қолган, онаси бағрига ошиқиб бораётган боладай беғубор, боладай талпинчоқ кўринади кўзингизга. Кекса дарё, боладай чопағон дарё ҳар гал баҳорда ўзгаради, тошқинлайди, онасига – Оролга етмоқ учун талпинаверади у. Ўз соҳиллари бўйлаб баҳор тароватига тароват бахш этиб, обиҳаёт улашиб оқаверади Дарё. Бағридан ҳовучлаб сув ичган халқни сийлашда давом этаверади, меҳнаткаш, фидойи Дарё!

Шунинг учун ҳам Аму соҳиллари аро қад ростлаган, тобора янгиланаётган овулларда, маҳаллаларда тараққиёт бор, ўзгаришлар бисёр! Азим Қиличбой, Хитой-у, Жумуртов заминидан то Назархон эли кенгликларигача бўлган поёнсиз ҳудудда қад ростлаган шинам уй-жойлар, серҳосил боғ-роғлар, обод қишлоқлар, ўтаётган ҳар бир куни умр манзилларига нурафшонлик бахш этган меҳнаткаш халқ фидойилигига гувоҳ бўласиз, Аму соҳиллари бўйлаб яёв кезсангиз! Назаримда Баҳор гўё шу соҳиллардан, азиз Аму элимдан бошланади. Қиличбой томонлардан таралган сумалакнинг хушбўйидан қалблар қувватланади:

– Қадим момоларимиз пиширгани каби сумалак қилдик!

Ҳали совиб улгурмаган сопол коса тўла сумалакни илинади “Тошқаъла” маҳаллалик Фотимахон ая Давлатова.

– Сумалак баҳона, росаям яйрадик. Келин-у қизжонларимиз, болажонларимиз момоларидан эртаклар, ҳикматлар, ўгит-у насиҳатлар тинглаб, китобхонлик қилдилар. Энди эса Наврўз сайли бошланаётир.

– Ҳали эрта-ку, энди 1 март! Ҳавас ва ҳайратим ошди.

– Бизнинг Қиличбой юртимизда ҳар куни Наврўз!

Шунинг учун ҳам амударёликларнинг дастурхонида энг аввал Қиличбой заминида етилган неъматлар бисёр бўлади-да! Шунинг учун ҳам наинки Аму элда, балки Қорақалпоғистоннинг кўпчилик туманларида қиличбойлик деҳқонларни жуда яхши билишади. Шулар ҳақида ўйларканман, дилимда ажиб назмий эътироф уйғонади.

Аму элдан бошланар баҳор,

Нафаслари кезар Наврўзнинг.

Заминида ажиб ҳикмат бор –

Хазинаси балки ризқ-рўзнинг.

Бугун Аму элимда ҳаёт қайнайди, меҳнат қизғин паллага кирган. Наврўз кунларида ерга уруғ қадаб, янги меҳнат фаслини бошлаётган халқ дилида бир эзгу тилак:

– Она Юрт тинч, эл-у халқ хотиржам бўлсин!

Ана шу тўкисликка интилиш кўнгилларни ўстираётир бугун! Кўнгиллар жўшқинлиги – Баҳорга, баҳор таровати – Ватанга кўрк бағишлаб, Наврўз кезаётир Ватанда!

Барча йўллар бугун

Амуга туташ,

Орзулар, тилаклар

нақадар уйқаш.

Миллатлар бирлашиб,

ўчоқ бошида

Сумалак пиширар,

қалбларда оташ.

Ўшал оташ тафти

Ватанга татир,

Яшнаб бораверар

боғ-у дала, қир.

Ҳар куни Наврўздай

фараҳли элнинг

Тунлари қадр ўлиб,

топгайдир қадр!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: